Бу гўзал шаҳар меъморий обидалари билангина эмас, балки интеллектуал салоҳияти билан ҳам Марказий Осиёнинг энг кўзга кўринган таълим ва маърифат марказларидан ҳисобланади. Ўн бешинчи асрда – Амир Темур салтанати асос солган иккинчи Ренессанс даврида Мирзо Улуғбек (1394-1449) худди буюк бобоси Амир Темур каби Самарқандга даврининг йирик олимларини тўплаб, улардан мадрасаларда машғулотларни юқори савияда ўтказишни талаб этган эди. Ўзи ҳам талабаларга дарс ўтишда бошқа устозларга ўрнак бўлиб, ёшларга назарий билимларни амалиётга татбиқ этишни ўргатиш учун расадхонада машғулотлар ўтказган эди. Давлат раҳбаримиз Шавкат Мирзиёев ҳам шундай қутлуғ илмий-маърифий анъаналарни муносиб давом эттириб, Ўзбекистонда олий таълим тизимини ислоҳ қилишга катта масъулият билан ёндашмоқдалар. Давлат раҳбаримизнинг ҳақли равишда уқтиришларича, «Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди». Президентимизнинг шундай эзгу мақсадга қаратилган доно сиёсатларига кўра, Олий таълим тизими инфраструктурасини замон талабларига, хусусан, рақамли иқтисодиёт ва умуман молиявий талабларга мувофиқ тубдан ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кўплаб олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик берилди.
Олий таълимдаги ислоҳотлар халқаро майдонда ҳам мамлакатимиз обрў-эътиборини янги босқичга олиб чиқди. QS World University Rankings EECA, яъни Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари рейтинг натижаларига Республикамизнинг етакчи олий таълим муассасалари рейтингида ўсишга эришганини кўриш мумкин.
Ўқитишнинг кредит-модуль тизимига ўтилиши муносабати билан аксарият олий таълим муассасаларида таълимнинг кредит тизимини бошқариш бўлими ташкил қилинди. Ушбу бўлим фаолияти халқаро рейтингларда юқори ўринда турган олий таълим муассасалари фаолияти ва тажрибаларини, кредит-модуль тизимининг ишлаш механизмини ўрганиш, ушбу жараён мониторингини ташкил этишга қаратилмоқда.
Ёшларга олий таълим эшиклари баралла очиб қўйилди. Барчага олий маълумотни кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклида олишга шароит яратилди. Таълим тизимига таълимни бошқариш тизимларининг ўзаро электрон интеграцияси, маълумотларнинг электрон базалари, электрон ҳужжат алмашинуви кабилар фаол татбиқ этилди. Президентимизнинг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, олий таълим босқичида халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш ишлари жадал йўлга қўйилмоқда. Меҳнат стажи, иш тажрибасига эга бўлган фуқаролар ўзлари ишлаётган корхона тавсияси билан суҳбат асосида олий ўқув юртига кириб ўқишмоқда. Бу борада «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да белгиланган вазифалар муҳим дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда. Олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги таъминлангани, профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 3,5 баробарга оширилгани, олий таълим тизимида кўплаб хорижий олий ўқув юртлари ва филиалларининг фаолият олиб бораётгани — сўнгги йиллардаги олий таълим ислоҳотларининг муҳим натижаларидир. Хорижда таълим бераётган ёки хорижда таълим олиб Ўзбекистонда ўқитувчилик фаолиятини юритаётганларни олий ўқув юртларига жалб қилиш жараёнлари давом этмоқда.
Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини ҳам олий таълимни ривожлантириш сари босилган салмоқли одим деб ҳисоблаш мумкин.
Ушбу қарорга кўра, Самарқанд давлат университетига халқимизнинг улуғ фарзанди, марҳум Шароф Рашидовнинг номи берилди. Шароф Рашидовнинг ўтган асрнинг иккинчи ярмида юртимизда бунёдкорлик ишларини амалга оширишга, таълим-тарбия, санъат ва адабиётни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини барчамиз яхши биламиз. Шундай нуфузли олий даргоҳга, учинчи ренессансни амалга оширадиган бунёдкор ёшлар илм оладиган университетга у кишининг номи берилиши билан халқимиз узоқ йиллар кутган яна бир эзгу орзу рўёбга чиқди. Албатта, ушбу муҳим ҳужжатда университет фаолиятини такомиллаштириш, ўқитишнинг кредит-модуль тизимини жорий қилиш, университет илмий ва ўқув салоҳиятини оширишга қаратилган ўта муҳим йўналишлар белгилаб берилганлиги ҳам эътиборга лойиқдир.
Эндиликда Самарқанд давлат университетида илмий-педагогик кадрлар, электроника, рақамли электроника, робототехника, электротехника, янги материаллар технологияси каби замонавий соҳалар бўйича амалий кўникмаларни эгаллаган кадрлар тайёрлаш мақсадида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларнинг амалга оширилиши, бунда тегишли соҳаларни ривожланиш истиқболларининг назарда тутилиши, университетда трансформация офисининг жорий этилиши, олий таълим жараёнига масофавий ва илғор педагогик технологияларнинг самарали татбиқ этилиши, Муҳандислик институти талабаларининг малакавий амалиётлари саноат корхоналарида ташкил этилиши, иш берувчиларнинг доимий фаолият кўрсатувчи кенгашининг ташкил этилиши, умуман олганда, иқтисодиёт тармоқлари билан интеграциянинг амалга ошиши ҳақиқатан жуда қувончли ҳол. Қарорда, шунингдек, университетнинг олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш борасидаги халқаро рейтингини ошириш, битирувчиларнинг касбий даражасини жаҳон интеллектуал бозорида тан олинишига эришиш ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш каби устувор вазифаларнинг қўйилганлиги ҳам Ўзбекистонда олий таълимни замон талаблари асосида ривожлантиришга хизмат қилади. Унга кўра, университет академик мобилликка эришиш учун ҳар бир йўналиш ва мутахассислик бўйича хорижий ОТМлар билан талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини (Student, Academic and Administrative Staff Exchange) кенгайтиради.
Маълумки, олий таълим юксак савияли, юқори компетенцияга эга бўлган кадрларни етиштириб берувчи муҳим таълим босқичи ҳисобланиб, Олий таълимнинг замон талабларига мутаносиб бўлиши мустақил Ўзбекистонимизнинг тенглар ичра тенг бўлиб, бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодий, илмий, ижтимоий, маънавий гуллаб-яшнашига омил бўлади. Учинчи ренессанснинг пойдеворини юқори савияли, ўз касбининг маҳоратли эгаларигина қўя оладилар.
Эътироф этиш керакки, ҳозирга қадар олий таълимга бу қадар катта имкониятлар ва юксак эътибор берилмаган эди. Давлат раҳбаримиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таълимда узоқ мақсадларни назарда тутган доно сиёсатлари туфайли Ўзбекистон олий таълим даргоҳларини модернизациялашга томон жуда катта қадамлар қўйилмоқда.
Ишонамизки, тез орада Самарқанд давлат университети халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида аввал биринчи мингталик, сўнг эса илк беш юзталиклар рўйхатига киради ҳамда ўзи етиштирган кадрлар билан Ўзбекистон иқтисодиёти, саноати ва маданиятини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.
Х.Ибрагимов,
Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон
педагогика фанлари илмий тадқиқот
институти директори, п.ф.д., профессор