Давлатимиз раҳбари юртимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга фаол ҳисса қўшаётган 1 миллион 200 минглик бизнес ҳамжамиятини Тадбиркорлар куни билан табриклади.
Беш йил олдин тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш анъанаси бошланганидан буён бизнесга тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим берилди. Бу борада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинди.
– Нима учун? Тадбиркорларимизга шароит яратиб, янги иш ўринларини кўпайтириш, одамларимизни узоққа бормасдан, маҳалласининг ўзида даромадли қилиш учун! – деди Президентимиз.
Ўтган даврда бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб 3 карра ошиб, 450 триллион сўмга етди. Тадбиркорлар 650 триллион сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланди.
Кўплаб бизнес вакиллари хорижий банклардан ўз лойиҳаларига мустақил равишда 1 миллиард доллар жалб қилди. Давлатимиз раҳбари буни тадбиркорларимиз забт этган яна бир улкан марра сифатида баҳолади.