Ҳужжатга асосан “Ўзметкомбинат” AЖнинг Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига беғараз ўтказилган. Келгуси 10 йил давомида оромгоҳни сақлаш билан боғлиқ харажатлар “Ўзметкомбинат” AЖ томонидан ажратиладиган ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади. “Ёшлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида “Ренессанс” соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилади.

Оромгоҳ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб болаларни соғломлаштириш, уларнинг ёш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда соғлом турмуш тарзига ўргатиш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, ёшларнинг IT, STEAM (илм-фан, технология, муҳандислик, санъат, математика), бизнес бошқаруви, ижод соҳаларидаги иқтидорини ривожлантириш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорликка ўргатиш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий қобилиятларини ривожлантиришда устоз-шогирд анъаналаридан кенг фойдаланиш, ёшларни, шу жумладан имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳалари ва ўз устида ишлашларига муносиб шарт-шароит яратиш ҳамда амалиётга жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш, иқтидорли ёшлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва улар билан тизимли ишлаш механизмларини жорий этиш, ўқувчиларни халқаро фан олимпиадалари ва танловларга самарали ҳамда интенсив тарзда тайёрлаш белгиланди.

Шунингдек, оромгоҳ базасида Aгентлик тизимидаги раҳбар ва педагог кадрларнинг қисқа муддатли малака ошириш курслари, методологик амалиёти, халқаро экспертлар иштирокида маҳорат дарсларини, маҳаллий ва халқаро фестиваллар, анжуманлар, семинар, конференция, форумлар ва бошқа тадбирлар ўтказишни ташкил этиш, агентлик томонидан белгиланган ўқув дастурлари асосида дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар, индивидуал ишлаш дастурларини шакллантириш ҳамда такомиллаштириш, инновация ва илмий тадқиқотлар олиб бориш, илм-фан ютуқларини тижоратлаштириш ҳамда олий таълим ва касбга йўналтириш бўйича етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда маҳорат дарсларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Оромгоҳ йил давомида фаолият юритади, унда иқтидорли болалар дам олади ва ўқитилади.