Оламдаги жамики эзгу ишлар, барча бунёдкор ҳаракатлар дастлаб яхши ниятдан, хушхабардан бошланиши ҳақ гап. Агар инсон кўнглида бир ёруғ орзу туғилса, у кун келиб, албатта, ҳаётий воқеликка айланади.

Бекобод тумани бўйлаб сўнгги бир йилда жадал суръатларда бошланган бир-биридан қувончли воқеалар, одамлар кўз ўнгида содир бўлаётган улкан ўзгаришлар, хонадонларга, оилалар турмуш шароитига кириб бораётган халқчил ислоҳотлар меваси — буларнинг бари китобларга сиғмайди.

Президентимизнинг туманимизга, унинг 175 минг аҳолисига алоҳида меҳр ва эътибори туфайли кейинги бир йил Бекобод тумани учун “катта сакраш” йили бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Аввалбошда бундай ўзгаришлардан ҳайратда бўлган туман аҳли орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ушбу бемисл янгиланишларга енг шимариб қўшилиб кетди.

Қирқ йил орзу қилинган, ота-боболаримиз кўрмай ўтиб кетган муҳташам кўп­риклар битди, пойтахтга олиб борувчи тез­юрар поездлар учун темир йўл қурилиши бошланди, ўнлаб таълим, маданият ва спорт иншоотлари барпо этилди, 30 минг аҳоли яшашига мўлжалланган “Янги Ўзбекистон” массивига пойдевор қўйиш арафасида турибмиз. Йўллар, электр ва ичимлик сув тармоқлари янгиланди, умрида бозорга ёлчимаган туманга бир эмас, бирйўла иккита замонавий бозор қурилмоқда.

Ўтган қисқа муддатда жами 51 та маҳалла бинолари ҳавас қилгудек қиёфага келтирилди, улардан 24 таси янгидан ­бунёд этилди. Атрофида инфратузилма барпо қилиниб, бутун туман ҳудуди жўшқин ҳаёт тарзига ўтди.

Катта-кичик ўнлаб ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, юзлаб хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилиши орқали одамларнинг турмуш сифати яхшиланмоқда, минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Зафар шаҳарчасининг қоқ марказида қад кўтарган, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан яқинда очилиш маросими бўлиб ўтган Янги Бекобод марказий майдонининг сервиқор аркаси, хотира мажмуаси, туман тарихи музейи, энг муҳими, 35 метрли давлат байроғи кун сайин қадр топиб, кўкси тоғдек баланд бўлаётган меҳнаткаш бекободлик­ларнинг ғурури рамзига айланди.

Мана шундай ҳаяжонлар ичра яшаётган пайтимизда яна бир хушхабар келдики, ­Бекобод туманида бошқа соҳалардан асло кам бўлмаган ҳолда маънавий бунёдкорлик ҳам жадал ўсаётганига шубҳа қолмади.

Бундан 9 йил аввал Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Ёш китобхон” танловининг республика финал босқичи туманимизда ўтказилиши ҳар бир бекободлик қалбига чексиз ғурур ва ифтихор ҳиссини жо қилди.

Лекин бу фақат ифтихор эмас, улкан ­масъулият, бизга билдирилган катта ишончга муносиб жавоб бериш имконияти ҳам эди. Шу боис, нафақат масъул ва мутасаддилар, балки бутун туман аҳли ушбу маърифат байрамини муносиб ҳамда юқори савияда ўтказишга астойдил тайёргарлик кўрдик.

Бир-биридан кўркам бунёдкорлик иншоотлари сабабли тобора чирой очаётган Бекобод тумани энди яна бир гўзаллик — китобхонлик нафаси ва илм зиёси билан ҳар қачонгидан ҳам ёришиб кетди.

Туманимиз ўртасидан ҳайқириб оқиб ўтган, бир вақтлар устоз Ойбек домлага илҳом улашган Сирдарёнинг сўлим қирғоқлари, Пиримқул Қодиров ва Муҳаммад Али сингари забардаст адибларга таълим-тарбия берган Бекобод қучоғи яна улкан мутолаа майдонига айланди. 

Биз юртимизнинг 42 нафар энг зукко, азиз фарзандига мезбонлик қилиш шарафига муяссар бўлган эдик. Бекобод китоб ёғдусига, илм нурига тўлди. Қурилиш жабҳаларида куну тун меҳнат қилаётган моҳир усталар, далаларда ерга уруғ қадаётган деҳқонлар, ипак қурти бошида бедор бўлган заҳматкаш пиллачилар, бешик тебратаётган келинчаклар, нуроний отахон ва онахонлар, қўйингки, ҳамма-ҳамманинг қалбида китоб байрамининг ҳаяжони уйғонди.

Китоб узра Ватан жамланди

18 май куни туманимизнинг кенг жамоатчилиги иштирокида жонажон Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларидан келган 42 нафар билимдон ва китобхон фарзандимизни, уларга ҳамроҳлик қилган бобо-бувиларини, ота-оналарини, нуфузли ҳакамлар ва Ёшлар ишлари агентлиги масъулларини катта шодиёна руҳи, карнай-сурнай садолари ва нон-туз билан кутиб олдик.

Президентимиз нутқларидан бирида “Китоб ўқишга иштиёқманд, илмга чанқоқ ва зеҳнли фарзандларимиз тимсолида кўз олдимизда буюк аждодларимизга муносиб маърифатли авлод шаклланмоқда”, деган эди. Дарҳақиқат, автобусдан тушиб келаётган 10-30 ёшли китобхонлар ана шу ишонч билан айтилган сўзларнинг ҳаётий исботи эди.

Уларнинг ҳар бирини худди ўз фарзандларимиздек бағримизга маҳкам босдик, чин дилдан қутладик, респуб­лика босқичида омадлар тиладик. Чунки улар финал босқичига етиб келгунича қанча тунларни тонг­ларга улаб, мутолаа қилганини, мактабдан, олийгоҳдан, турмуш қурган қизлар эса уй юмушларидан, боладан, қайнона-қайнота хизматидан ортиб, тунлари китобга машғул бўлганини биз ҳам чуқур англаймиз.

Уларни туман ихтисос­лаштирилган мактаб биносида пухта тайёрланган ва асосий беллашувлар бўлиб ўтадиган павильонга кузатиб қўяр эканмиз, биз — бек­ободликлар ҳам ота-­оналар ўз фарзандларини кузатиб турадиган катта мониторлар атрофига ҳаяжон ва мухлислик кайфияти билан жам бўлдик.

Шу ўринда бир жиҳатни айтмасак бўлмайди. Тўғри, ҳаммамиз ҳам китоб ўқиймиз. Бироқ ўқиган ва уққан маъноларингни улкан издиҳом қаршисида туриб, минглаб кузатувчилар, нуфузли ҳакамлар ва салобатли экспертларнинг синчков нигоҳи остида сўзлаб бериш жуда мушкул эканини ич-ичимиздан ҳис қилдик.

Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Осон эрмас бу майдон ичра турмоқ...” деган теран фалсафасини шу ерда ўз кўзимиз билан кўрдик. Қувонарлиси, гарчи ота-оналар, кузатувчилар ҳар қанча ҳаяжон туйсак ҳам асл билимдон ва китобхонлар ўз салоҳиятини намойиш қилишда чин жасорат намуна­сини кўрсатди.

Кучли билим ва хотира, китоб­лардан эгалланган илм ва ҳайрат, ота-оналарнинг дуоси, энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг юксак ишончи барча иштирокчиларга бешта шарт давомида мустаҳкам қанот бўлди.

Айниқса, Наманган вилоятидан ташриф буюрган ёш китобхон, Зулфия номидаги давлат мукофоти сов­риндори Дилафрўз Тўйчиева гарчи жисмоний имконияти чекланган бўлса ҳам, бутун танлов давомида кучли билим ва матонатини намойиш қилгани нафақат иштирокчилар, балки Бекобод ёшлари учун ҳам ибрат бўлди.

“Мен 8 марта операция бўлганман, — деди Дилафрўз. — Оғир тушкунликда юрган кезларим мана шу китобхонлик танлови ҳақида эшитиб қолдим. Мени ҳаётга қайтарган, ўзимга ишончни уйғотган ушбу танлов туфайли янгидан туғилгандек ҳис қилганман ўзимни!”.

Ёки автоҳалокат туфайли турмуш ўртоғи бевақт вафот этиб, икки фарзандини ёлғиз улғайтираётган сурхондарёлик иштирокчи Фазилат Диёрова кўрсатган энг юқори натижа ҳам барчани бирдек ҳайратга солди.

“Бошимга тушган кутилмаган бахтсиз ҳодисани ва айрилиқ дардини фақат китобхонлик орқали енгиб келмоқдаман. Бугун ғолиблик шоҳсупасида турарканман, кўз олдимдан ўша оғир кунлар бир-бир ўтмоқда. Бироқ китоблар олами мени ҳамиша қайғу ва тушкунликдан асради. Бунинг учун умрим бўйи китобларга ва ушбу танловга таъзимдаман”, дейди Фазилат кўзда ёш билан.

Шунда тушундикки, китоб ва мутолаа фақат маънавий озуқа ва илм эмас, ҳаётнинг пасту баланд синовларида инсон иродасини тоблайдиган, унга руҳан мададкор бўладиган мўъжиза ҳамдир.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоси, севимли шои­римиз Эшқобил Шукур танаффус пайтида бир ифтихорни алоҳида таъкидлади: “Бу йилги барча қатнашчилар фавқулодда зукко ва билимдон. Бу, ҳеч шубҳасиз, юртимизда китобхонликка бўлган эътиборнинг йил са­йин ривожланиб бораётгани мевасидир”.

Чиндан ҳам, улкан экранлар орқали ҳар учала ёш тоифасидаги китобхон болаларнинг чиқишини кузатар эканмиз, Қорақалпоғистондан Андижонгача, Тошкентдан Сурхондарёгача бўлган ҳудудлардан келган бу билимдонлар ўз ҳудудлари шарафини ҳимоя қилиш ҳамда Президентимиз совғасига муносиб бўлиш учун бор куч-ғайратини, салоҳиятини ишга солди. Майдонда — кучлилар, уларнинг билимига бош мезон эса адолат бўлди.

Фарзанди саҳнага чиққанда монитор қаршисида кўзда ёш билан теппа-тенг пичирлаётган ота-оналар, набирасини дуо қилиб турган бобо-бувилар, шогирди ортидан парвона бўлган устозлар, опаси ё акасини қўллаб-қувватлаш учун келган жажжи ва мурғак издошлар — буларнинг бари Бекобод туманига янги илҳом ва бетакрор ҳиссиётлар бахш этди.

Бизни ҳаяжонлантирган яна бир қувонч­ли ҳолатни ҳам айтишимиз жоиз. Бекобод туманидаги 42-мактабнинг 7-синф ўқувчиси, оддий сувчининг фарзанди Одинахон Сувонқулова бу йилги “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида 10-14 ёшлилар ўртасида иштирок этгани, Тошкент вилояти ва туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилгани қалбларимизни ғурурга тўлдирди.

Аввалроқ бу китобхон қизимиз “Kitobxon kids” республика танловида фахрли 1-ўринни қўлга киритган эди. Одинанинг ушбу ютуғи туманимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришда ажойиб намуна бўлди ва унинг хонадонида туман жамоатчилиги томонидан 5000 та китобдан иборат кутубхона ташкил этиб берилди. Энди 14 ёшли қизчамизнинг уйида ўз шахсий кутубхонаси бор.

Президентимизнинг эзгу мақсадлари ҳам аслида шу, яъни ҳар бир оила китобга дўст бўлсин, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз китоб билан бирга улғайсин. Чунки оилаларда китоб ўқилиши жамиятнинг юксалиши ва ютуғидир.

Бундай эзгу ишлар жадал давом эттирилиб, туманнинг бош майдонида Бекобод марказий кутубхонасини барпо этиш бош­ланди. Барча шароитларга эга бўладиган замонавий бу зиё маскани мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши ҳақида эшитиб, бир қувончимизга ўн қувонч қўшилди. Бундай кутубхоналар энди тумандаги 51 та маҳалланинг ҳар бирида ташкил этиладиган бўлди.

Шунингдек, ўтган бир йил давомида “Ҳар мактабга 100 китоб” ташаббуси ва бошқа маданий тадбирлар доирасида 60 та умумтаълим ва 3 та хусусий мактабга 20 мингта энг сара адабиёт совға қилинди.

Ушбу китобларни топшириш тадбирлари чинакам маърифат байрамига айланиб кетди. Чунки ушбу тадбирлар доирасида туманимизга 500 дан зиёд олим, таниқли шоир ва ёзувчилар, сенаторлар, журналистлар ва санъаткорлар ташриф буюрди.

Ўтган йили туманимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтказилган Ҳосил байрами бир ажойиб жиҳати билан кўпчиликнинг ёдида қолди. Яъни ушбу байрамга бағишлаб ташкил этилган улоқ-кўпкари мусобақасида бош соврин сифатида 1000 та китоб қўйилгани, моҳир чавандоз ва полвонлар айнан мана шу ғоят қимматли маънавий бойликка эришиш учун астойдил куч синашгани бутун республикага хушхабар бўлиб ёйилди.

Туманимизда китобга бўлган шундай ҳурмат-эҳтиром “Ёш китобхон” танлови бу йил айнан Бекободимизда ўтказилишига пойдевор бўлгани биз, зиёлилар қалбини чексиз ғурур ва ифтихорга тўлдирди.

Давлатимиз раҳбари ҳар гал китобхонлик ҳақида сўзлаганида “Биз бугун болаларимизнинг қўлига китоб берсак, эртага улар мамлакатимизга буюк кашфиётлар ва улуғвор ишлар туҳфа этадилар”, деб таъкидлайди.

Биз бу сўзлар нақадар ҳақиқат эканига Бекобод бағрини китобнинг завқу шавқига тўлдирган ёшлар, мутолаа маданиятига янада кучли туртки берган “Ёш китобхон” танлови мисолида гувоҳ бўлдик.

Муҳташам якун

Тўрт кун давомида барчанинг қалбига муҳрланиб улгурган муҳим танлов ниҳоясига етиб борар экан, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев жуда ­қувончли хабарни етказди. Яъни “Ёш китобхон” танлови тарихида илк маротаба бош соврин, яъни Президент совғасини бу йил давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи топширади. Ана энди ёшлар кўзидаги фахру ифтихорни, ота-оналар қалбидаги шодликни кўринг!

Танлов жараёнидаги ҳис-ҳаяжонлар бир тараф бўлди-ю, ушбу хушхабар шодлиги ҳаммани руҳлантириб юборди. Ўзингиз тасаввур қилинг, муносиб иштирокчилар ва ғолибларни шахсан Президентимизнинг ўзи қутласа, барча иштирокчилар билан шахсан учрашса, бу катта бахт-ку ахир!

Ниҳоят натижалар эълон қилиниб, Бек­обод тумани бағри табриклару шодон қийқириқлар, севинч кўз ёшларию гулдасталарга тўлган бир пайтда биз — бекободликлар ҳаммадан ҳам хурсанд эдик.

Боиси, чекка ва олис, қолоқ туман деб атаб келинган Бекободимиз китобхонлик ва маърифат тантанасига мезбонлик қилди. Ушбу танловни юқори савияда ўтказишдек ишончни оқлашга бутун жамоатчилик бирлашиб ҳаракат қилдик.

Тадбир якунида сўз олган ҳайъат раиси, профессор Баҳодир Каримнинг “Қаерда ­китобхонлар йиғилса, қаерда китоб ҳақида фикр айтилса, ўша жой мамлакатнинг маънавий маркази саналади. Мен бугун Бекобод туманини ана шундай марказ деб биламан. Чунки танловни ҳозиргача пойтахтимизда қандай ўтказган бўлсак, бу ерда ҳам худди шу даражада — юқори савияда ташкил қилинган. Юртимизнинг 14 ҳудудидан келган болалар Бекободда ўтган ушбу танлов ҳақидаги ёрқин таассуротларини ўзлари билан олиб кетади ва умрбод фахрланиб гапириб юришади”, дея эътироф этгани ҳар бир тумандошимиз қалбини тўлқинлантириб юборди.

Жигарбандимиздек бўлиб қолган ёш китобхонлар ва уларнинг ҳамроҳларини кузатар эканмиз, уларнинг кўзидаги қувонч ва миннатдорликни кўриб, ўзимизга билдирилган ишончни оз бўлса-да уддалаганимизга беҳад шод эдик. Яна бир қувонган жиҳатимиз — эртага бу қоракўз ёшлар давлатимиз раҳбари билан учрашиш бахтига муяссар бўлгани эди.

Шу боис, бутун туман аҳли улар билан қайта-қайта суратга тушиб, бемисл ҳавас ва дуолар билан пойтахтга кузатдик.

Эртасига — 22 май куни ушбу қоракўзларни бутун мамлакатимиз таниди, тан олди ва ҳавас қилди. Юртимиз етакчиси яна бир улкан лойиҳага — Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берар экан, аввало, “Ёш китобхон” танлови ва иштирокчиларига алоҳида эътибор қаратди. Тадбир давомида ёшларни табриклар экан, “Ҳеч қачон унутманглар, азиз ўғил-қизларим! Зиёли ва маърифатли халқни дунёда ҳеч бир куч енга олмайди”, дея таъкидлади.

Гарчи асосий соврин — автомашина соҳибларига ҳавас қилган бўлсак-да, ўша ерда ҳозир бўлган 42 иштирокчига бирдек насиб қилган олий мукофот бизни ғоят хурсанд қилди. Бу мукофот Президент билан учрашиш бахти, бевосита суҳбатлашиш ва бирга суратга тушиш шарафи эди.

Шу ўринда бугунги ёшларга ҳавас қилиб айтамизки, биз узоқ йиллар мактабда дарс бериб, жамоат фаоли бўлиб бутун миллатни бирлаштирадиган бундай китобхонлик ҳаракатини кўрмаганмиз. Энди айтинг, йиллик мукофот фонди 240 минг доллар, биринчи ўринни олганга 50 минг доллар, қаерда бор бундай эзгу ҳаракат!

Давлатимиз раҳбари ушбу янги ва кенг миқёсли китобхонлик ҳаракати моҳиятини тушунтирар экан “Ҳар қандай миллатнинг буюклиги, аввало, унинг илмга бўлган муносабатида, китобхонлик маданиятида намоён бўлади. Бугун старт олаётган дастур мамлакатимизда китобхонликни мутлақо юксак даражага олиб чиқишига ишончим комил”, деб ёшларимизни руҳлантирди.

Шундай эзгу мақсадлар юртимизни китобхон мамлакатга айлантиришини ўйлаб, биз бекободликлар ҳам чексиз куч ва илҳомга йўғрилдик. Фарзандларимиз, келажак авлодларимиз тақдири учун барчамиздан кўп қайғураётган Президентимизга дил-дилимиздан раҳматлар айтдик.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг зиёлиларга, китобхонларга, адиб ва шоирларга, маданият ва санъат намояндаларига кўрсатаётган чексиз эътибор ва эътирофи учун биз ўқитувчилар ва ижод аҳли ҳамиша чуқур таъзимдамиз. Сўзимиз ниҳоясида мамлакатимиз етакчисига ваъда бериб айтамизки, Бекобод тумани миллий китобхонлик ҳаракатида ҳам энг илғор ва пешқадам ҳудудлардан бири бўлади. Чунки энди бекободликлар қалбида Президентимизнинг улкан ишонч ва эътиборлари ҳамда “Ёш китобхон” танловининг унутилмас таассуротлари ўчмас маънавий имзо бўлиб муҳрланди.

 

Умия ҲАЙДАРОВА,

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси

Ашурали БОЙМУРОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир,

“Дўстлик” ордени соҳиби

Ғанимат АБДУҒОФУРОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими