Давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи чоғида Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласи вакиллари билан учрашувида, вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишида иштирок этишга мушарраф бўлдим.
Андижонда туғилиб ўсган оддий аёлман. 15 йил молия соҳасида меҳнат қилдим. Сўнгги йилларда мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни кўриб, мен ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланишга қарор қилдим. 2020 йил короонавирус пандемияси пайтида хонадонимизда 4 минг бош қора зотдор товуқни парваришлашни бошладим. Тўғриси, ишга киришганимизда парранда боқиш учун етарли шароитимиз йўқ эди, ҳатто меҳмонхонамиздан ҳам фойдаланига тўғри келди. Уй шароитида уларнинг сонини ҳозирги кунгача 20 мингтадан дан оширишга эришдик.
Аслида халқимиз “етти хазинанинг бири” деб билган паррандани парваришлаш кони фойда. Ахир товуғи бор хонадонда гўшт, тухум муаммоси бўлмайди. Аксинча, эҳтиёждан ортиғини сотиб, даромад ҳам топиш мумкин. Парҳез маҳсулот тановул қилган кишининг саломатлиги ҳам мустаҳкамланиб бораверади.
Мутахассисларнинг айтишича, битта товуқ йилига 250 — 300 тагача тухум қўяди. Ўртача 275 та тухум олинган тақдирда, унинг ҳар бирини 750 сўмдан сотсангиз, 206 минг 250 сўм бўлади. Демак, 50 та товуқ парваришлаган хонадон йилига 10 миллион 312 минг сўм атрофида даромад қилади.
Избоскан тумани Урганжи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нафосатхон опа фаолиятимдан хабар топиб, мени Қўрғонтепага излаб келди. Ишимни маҳалладаги хотин-қизларга ҳам ўргатишимни сўради. “Опажон, мен сизнинг тажрибангизни ўрганмоқчиман. Уни Урганжи маҳалласида қўлламоқчиман. Қўрғонтепа аёллари қилган ишни нега Урганчи аёллари қила олмайдими?”, деганида хурсанд бўлиб, уларга ёрдам беришга киришдим. Ҳозирги кунда маҳаллада аёлларга парандачилик йўналишида маслаҳат бериб келяпман. Биз ҳозир ҳамкорликда ишлаяпмиз. 150 та хонадонга 80-90 фоиз тухумга кирган товуқларимдан 50 тадан тарқатдик. Кўплари маҳалла томонидан субсидия асосида берилди. Айрим оилаларга ёрдам сифатида бепул топширдим. Маҳалладаги хотин-қизлар бундан жуда мамнун.
Бу борада қилаётган меҳнатларимиз юртбошимизга маъқул келди. Суҳбат чоғида оддий ўзбек аёли ўз хонадонида шундай ишларни амалга ошираётгани яна бир карра ислоҳатларнинг амалийлигини кўрсатади, деганларида эзгу ишга ҳисса қўшаётганимиздан ниҳоятда қувондим.
Кеча Андижон шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида Президентимизнинг ўзлари менга “Меҳнат шуҳрати” орденини тоширди. Камтарин ишларимизнинг шунчалик юксак баҳоланиши юртимизда аёлларга бўлган иззат-эҳтиромни, улар меҳнатининг нечоғлиқ эъзозланишини амалда намоён этди. Бу, ўз навбатида, янада самарали ишлашга бўлган интилиш, ғайратимизни янада оширади.
Айни пайтда “Қўштепа” маҳалла гузарида тикувчилик корхонаси қуряпмиз. Унда ишсиз 50 нафар хотин-қизни такувчиликка жалб қилиб, доимий даромад билан таъминлашни мақсад қилганмиз.
Уйимизда ҳатто, яшайдиган хоналарда ҳам парранда боқаётганимизни кўрган вилоятимиз ҳокими шарт-шароит яратиш мақсадида Хонобод шаҳри ёнидан 1 гектар ер ажратилишга кўмак берганди. Бу ер аҳоли яшаш жойидан сал нарида бўлгани боис, бизга ҳам жуда маъқул келди.
Президентимиз томонидан мазкур лойиҳани амалга ошириш учун “Микрокредитбанк”га 5 миллиард сўм миқдорида фоизсиз кредит ажратиш бўйича топшириқ бергани жуда катта молиявий кўмак бўлади. Бу ишончни амалий ишлар билан, албатта, оқлаймиз. Тез орада паррандачилик корхонасини барпо этиб, яна камида 100 та иш ўрни яратамиз. Унда иқлим шароитимизга мослашган зотдор ва маҳсулдор қора товуқларни парваришлаймиз.
Парранда учун зарур бўлган ем-озуқаларни ҳам шу ерда етиштиришни, уни қайта ишловчи замонавий технологияларни хориждан келтиришни мақсад қилганмиз.
Умида УСМОНОВА,
тадбиркор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси