Дастлаб номзоднинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили – вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Раззоқов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов сўзга чиқиб, мамлакатда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш ҳар доимгиданда долзарб ва муҳим аҳамият касб этаётганлиги, Ўзбекистоннинг нафақат бугунги ҳаёти, балки эртанги куни, фарзандларимиз келажаги учун ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш энг устувор вазифалар сирасига киришини алоҳида қайд этди.

Номзод сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишларга тўхталар экан, Ўзбекистон Экологик партияси “Яшил тараққиёт – фаровонлик асоси!” шиори остида яшил иқтисодиётни ривожлантириш ғоясини илгари сураётганини таъкидлади.

– Иқтисодиётда икки карра энергия самарадорлигига эришиш, “яшил” тарифларни жорий этиш, янги қувватларни ишга тушириш орқали қайта тикланувчи ва муқобил қайта тикланувчи энергия манбалари улушини бугун мамлакатда амал қилаётган умумий энергия балансида 40 фоизга етказиш имкониятига эга бўламиз, – деди Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов.