Кеча Владивостокдаги Ўзбекистоннинг Бош консуллиги вакиллари Приморск ўлкасининг Михайловский туманидаги "Esta Construction" МЧЖ гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган заводнинг қурилиш майдончасида бўлиб, бу ерда ишлаётган 700 дан ортиқ юртдошларимизнинг фаолияти ва яшаш шароитлари билан танишди, дея хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Сафар давомида иш берувчилар ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказилди. Дипломатлар меҳнат ва маиший шароитлар, умумий овқатланиш жойлари, коронавирус пандемияси даврида соғлиқни сақлаш чоралари, шунингдек, иш ҳақини ўз вақтида тўлаш ва Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига оид бошқа масалалар билан танишдилар.

Учрашувларда юртдошларимизни қизиқтирган барча масалалар бўйича очиқ муҳокамалар  бўлиб ўтди. Шунингдек, уларга ватанларига қайтишни истаётганлар учун режалаштирилган чартер рейсларни ташкил этиш тартиби тўғрисида маълумот берилди.  

Саволларга жавоблар доирасида Амур вилояти ва Россия Федерациясининг бошқа минтақаларида "Renaissance Heavy Industries" компаниясида чет эллик ишчилар, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган тартибсизликлар тўғрисида “безорилик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани тўғрисида маълумотлар берилди.

Шу нуқтаи назардан, бундай зиддиятли вазиятларда қатнашмаслик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни кучайтириш, диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи турли ҳаракатлар ва ташкилотларга қўшилмаслик зарурлиги тўғрисида батафсил тушунтиришлар олиб борилди.

Учрашувда сўзга чиққан Бош консулхона вакиллари ва бошқа фуқаролар ватандошларни Россия Федерациясининг миграция тўғрисидаги ва бошқа қонунларига ҳурмат билан қарашга, уларга риоя қилишга, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни ҳурмат қилишга, ўзбек халқининг бой маданиятини тарғиб қилишга чақирдилар.  

Шу билан бирга, юртдошларимизни қизиқтирган ҳуқуқий мавзудаги саволларга жавоблар берилди ҳамда ушбу қурилиш майдончасида ишлайдиганлар билан доимий алоқада бўлиш учун Бош консулликнинг  телефон рақамлари тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллигининг консуллик округи Россия Федерациясининг Узоқ Шарқий федерал округи(Амур вилояти, Яҳудий автоном вилояти,Камчатка ҳудуди, Магадан вилояти, Приморский ўлкаси, Саха республикаси-Якутия, Сахалин вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи)ни ўз ичига олади.