Йиғилишда билдирилган фикр ва белгиланган вазифалар бир ҳақиқатни янада ойдинлаштирди: бугун тинчлик энг қимматбаҳо бойлик бўлиб, у давлат барқарорлиги ва тараққиётини таъминловчи стратегик ресурсга айланди.
Замонавий дунёда тинчликни сақлаш энди фақат куч ишлатиш ёки ҳарбий қудратни намойиш этиш билан чекланмайди. У олдиндан ўйланган, тизимли, интеллектуал ёндашувни талаб қилади. Шу маънода, Президентимиз барча соҳа ва тармоқлар хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтаришга қодир “проактив иш режими”га ўтиши шартлигини алоҳида таъкидлади. Бу фикр миллий хавфсизлик сиёсатида сифат жиҳатидан янги босқич бошланганини англатади.
Проактив ва реактив иш режимлари ўртасидаги фарқ бугун глобал беқарорлик, тез ўзгарувчан таҳдидлар ва асимметрик хавфлар шароитида ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Реактив ёндашувда одатда муаммо ёки таҳдид юзага келгандан сўнг ишга тушиб, вазиятга шошилинч мослашиш, ресурсларни фавқулодда тарзда сафарбар қилиш, қисқа муддатли қарорлар қабул қилиш талаб этилади. Бундай шароитда инсон омилига босим ортиб, хатолик эҳтимоли, молиявий харажатлар, ижтимоий ва маънавий йўқотишлар кўпайиши муқаррар бўлади. Энг муҳими, реактив ёндашув кўп ҳолларда оқибатлар билан курашишни англатиб, таҳдид манбаига чуқур ечим бериш имконини чеклаб қўяди.
Проактив ёндашув эса мутлақо бошқа стратегик тафаккурга таянади. У хавф-хатарларни олдиндан илғаш, уларнинг эҳтимолий ривожланиш йўлларини таҳлил қилиш, доимий мониторинг ва прогноз асосида сценарийлар ишлаб чиқишни назарда тутади. Бундай ёндашувда профилактика асосий воситага айланади, яъни олдиндан белгиланган ҳаракат алгоритмлари, резерв ресурслар, тайёр кадрлар ва рақамли бошқарув тизимлари орқали хавф ҳали юзага келмасидан олдин унинг таъсири чекланади. Натижада давлат ва жамият тизимлари барқарор ишлайди, харажатлар оптималлашади, қарор қабул қилиш жараёни изчил ва самарали кечади.
Айнан шу маънода, проактив иш режими нафақат ҳарбий соҳада, балки давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ахборот хавфсизлиги ҳамда жамият барқарорлиги учун ҳам энг тўғри ва замонавий йўл сифатида намоён бўлмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, замонавий урушлар табиати сўнгги йилларда тубдан ўзгарди ва бу жараён ортга қайтмайдиган глобал тенденцияга айланди. Энди ғалаба қарор қабул қилиш тезлиги, ахборот устунлиги ва технологик афзаллик билан белгиланмоқда. Рақамли бошқарув тизимлари, сунъий интеллектга асосланган таҳлил ва прогноз, кибер ва робот технологиялари, шунингдек, узоқ масофадан юқори аниқликда таъсир кўрсатиш имкониятлари замонавий ҳарбий қудратнинг асосий ўлчовига айланди. Бундай шароитда кечикиб қабул қилинган қарор ҳатто кучли ресурсларга эга давлат учун ҳам жиддий стратегик йўқотишларга олиб келиши мумкин. Шу боис, саккиз йил аввал қабул қилинган Мудофаа доктринаси ва 1997 йилда тасдиқланган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш зарурати очиқ ва қатъий тарзда қайд этилди. Бу янгиланиш Ўзбекистоннинг хавф-хатарларни олдиндан баҳолайдиган, профилактикага таянган ва стратегик фикрга асосланган мутлақо янги — проактив мудофаа сиёсатига ўтиши демакдир.
Янгиланадиган доктрина Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий принципи — ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик тамойилини қатъий сақлаб қолган ҳолда ишлаб чиқилиши алоҳида таъкидланди. Бу ёндашув мамлакатнинг мустақил давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, ташқи сиёсатда мувозанатни таъминлайди ва минтақада ишонч ҳамда барқарорликни кучайтиради. Шу билан бирга, у мудофаа соҳасида ташқи қарамликка эмас, балки ўз имкониятлари, миллий илмий-техник салоҳият ва инсон капиталига таянган барқарор ривожланиш моделини англатади. Айнан шу нуқтаи назардан, учувчисиз тизимлар, роботлашган мажмуалар, юқори аниқликдаги қурол-аслаҳа, киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилма барқарорлиги устувор вазифалар сифатида белгилаб берилди. Бу устуворликлар Ўзбекистон мудофаа сиёсатида технология ва интеллект ҳал қилувчи омилга айланаётганини, армия эса нафақат жанг майдонида, балки ахборот ва кибермаконда ҳам самарали ҳаракат қила олиши кераклигига ишора беради.
Проактив армия концепциясида инсон капитали ҳал қилувчи ўрин тутади. Чунки замонавий ҳарбий қудрат, аввало, инсон тафаккури, билими ва масъулияти билан ўлчанади. “Аскар — фақат жангчи эмас, келажак мутахассиси” тамойили айнан шу стратегик қарашнинг амалий ифодасидир. Бу ёндашув армияни ёпиқ тизим эмас, балки жамият тараққиёти билан узвий боғлиқ бўлган ижтимоий институт сифатида кўради. Шу боис, йиғилишда муддатли ҳарбий хизматга фақат ҳарбий тайёргарлик босқичи сифатида эмас, балки ёшларни мустақил ҳаётга, меҳнат бозорига ва фаол фуқаролик позициясига тайёрлайдиган ҳаётий мактаб сифатида ёндашиш вазифаси қўйилди. Президентимиз таъбири билан айтганда, “муддатли ҳарбий хизматни ўташ — ёшлар учун муваффақият йўли”га айланиши лозим.
Ана шу ғоянинг мантиқий давоми сифатида ҳарбий қисмлар ихтисосидан келиб чиққан ҳолда, 3-6 ойлик касбга тайёрлаш дастурларини жорий этиш, малака имтиҳонлари ва сертификатлар бериш тизимини шакллантириш режалаштирилди. Бу нафақат хизмат даврида аскарнинг қобилиятини ривожлантиради, балки уни хизматдан кейин ҳам иқтидорли кадр сифатида жамиятга қайтаришни кўзлайди. Айниқса, ҳар йили 5 минг аскарни рақамли йўналишларда тайёрлаш ташаббуси армия билан иқтисодиёт ўртасида стратегик кўприк вазифасини бажаради. Бу ёндашув миллий хавфсизликни фақат қурол- аслаҳа билан эмас, балки билим, интеллект ва технология билан таъминлаш мумкинлигини амалда исботлайди.
Инсон капиталига бундай ёндашув Президентимизнинг байрам табригида ҳам чуқур маънавий мазмун билан давом этди. Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига билдирилган юксак эҳтиром, уларни тарбиялаган ота-оналар ва оилаларига изҳор этилган миннатдорлик армия билан халқ ўртасидаги маънавий бирликни янада мустаҳкамлади. Бу бирлик “Халқ ва армия — бир тану бир жон” деган умуммиллий ғояда ўз ифодасини топмоқда. Чунки халқ ишончига таянган армиягина ҳақиқий кучга айланади. Дунёда кечаётган ҳарбий-сиёсий вазият, айрим давлатларда юз берган воқеалар бу ғоянинг нақадар долзарблигини амалда намоён этди.
Маънавий бирлик ижтимоий адолат ва ғамхўрлик билан мустаҳкамланмаса, у барқарор бўла олмайди. Шу нуқтаи назардан, йиғилишда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ ва манзилли чоралар эълон қилинди. Офицерлар учун кўп йиллик хизмат устамасининг 100 фоиз оширилиши, контракт асосида хизмат қилаётган аскар ва сержантлар ойлигининг кўпайтирилиши, ҳарбий бўлмаган ходимлар маошининг босқичма-босқич ошириб борилиши ҳамда узоқ йил хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблаш базасининг кенгайтирилиши армияни фақат “қудрат тимсоли” эмас, балки ҳарбийнинг оиласи, келажаги ва шаъни қадрланадиган ижтимоий институт сифатида шакллантиришга қаратилган.
Ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан модернизациялаш проактив мудофаа сиёсатининг энг муҳим ва ҳал қилувчи йўналиши сифатида белгиланмоқда. Чунки замонавий уруш ва хавфсизликни сақлаш муҳитида технологиянинг ўзи етарли эмас, уни тўғри англайдиган, бошқара оладиган, стратегик фикрлайдиган инсон бўлмаса, энг илғор қурол ҳам кутилган натижани бермайди. Шу маънода, янгича ҳарбий таълим тизими таҳдидни олдиндан кўра оладиган, қарор қабул қилишда ташаббускор, вазиятни комплекс баҳолайдиган янги авлод ҳарбий кадрларини шакллантиришга хизмат қилиши керак. Бу эса таълим мазмуни, услуби ва мақсадини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этади.
Проактив мудофаа сиёсати айнан шу ерда ўзининг чуқур фалсафий ва амалий мазмунини намоён қилади. У фақат жангга эмас, балки тинчликни сақлашга тайёрликдир, у фақат таҳдидга жавоб бериш эмас, балки таҳдид пайдо бўлишидан олдин уни бартараф этишга қаратилган давлат тафаккуридир. Бундай ёндашувда армия давлат барқарорлигининг интеллектуал ва маънавий таянчига айланади. Инсон капитали, ҳарбий таълим, ижтимоий ҳимоя, маънавий тарбия ва технологик устунликка бир-бирини тўлдирувчи ягона тизим сифатида қаралади.
Шу нуқтаи назардан, муддатли ҳарбий хизматни ёшлар учун “ҳаёт мактаби”га айлантириш, рақамли ва касбий кўникмаларни шакллантириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш ҳам тасодифий қарорлар эмас. Бу чоралар проактив мудофаа сиёсатининг инсонга қаратилган стратегик йўналишини ифода этади. Проактив мудофаа сиёсати айни пайтда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги мувозанатли йўлини ҳам мустаҳкамлайди. Ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик тамойили, минтақавий барқарорликка интилиш ва кўп томонлама дипломатия билан уйғун ҳолда бу сиёсат мамлакатнинг мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини сақлаб қолишга хизмат қилади. Демак, проактив ёндашув нафақат ҳарбий соҳада, балки давлатчилик тафаккурида ҳам янги сифат босқичини англатади.
Проактив мудофаа сиёсати тинчликни сақлашга қаратилган миллий стратегиядир. У кучга эмас, ақлга, қўрқувга эмас, олдиндан тайёргарликка, тасодифга эмас, режа ва тизимга таянади. Халқ ва армия бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишни бошлаган шароитда янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, шаъни ва истиқболи ишончли қўлларда бўлади.
Олимжон ЎСАРОВ,
мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи,
маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари
бўйича маслаҳатчиси