Тадбирни ташкил этишдан мақсад - Пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича вазирликлар ҳамда идораларнинг ўзаро ҳамкорликдаги вазифалари ва уларни бажарилиш ҳолатини таҳлил қилиш орқали, пробация хизмати самарадорлигини ошириш, жумладан инсон ҳуқуқларининг таъминланиши борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари ва Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари ва ОАВ иштирок этишди.
Мамлакатимизда 2020 йилда кўрилган жиноят ишларида жами маҳкумларининг 74 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилган. Бу эса ўз навбатида ташкил этилганига унча кўп муддат бўлмаган Пробация хизмати ходимларининг иш юкламаси мунтазам равишда ортиб бораётганини кўрсатади.
Пробация хизматининг асосий вазифаси бу-жиноят кўчасига кириб қолган шахсни тарбиялаш, уни жамиятга, ижтимоий ҳаётга мослаштиришдан иборат.
Маълумотларга кўра, 2020 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда назорат остидаги шахсларни иш билан таъминлаш мақсадида 655 маротаба «Ишга марҳамат» тадбирлари ташкил этилиб, 6 000 нафардан ортиқ назоратдагиларга ишга йўлланмалар берилган бўлса, уларнинг 4 900 га яқини иш билан таъминланган.
Муайян касбга эга бўлмаган 2 400 нафардан ортиқ назорат остидагилардан 2 мингга яқини касбга йўналтириш бўйича ўқишга юборилган бўлса, қолган назоратдагилар касбга ўқитилган. Жумладан, ҳайдовчиликка, қурилиш соҳасига, маиший хизмат кўрсатиш соҳасига, ободонлаштириш ва ҳоказо.
Бундан ташқари, пробация бўлинмалари назорати остида турган шахслар орасида тадбиркорлик ёки муайян фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларга ҳуқуқий ва бошқа масалаларда маслаҳатлар берилиб, уларга истеъмол кредитлари ажратилишида ҳар томонлама кўмак бериляпти.
Амалга оширилган қатор ижобий ишларга қарамасдан, афсуски, ўтган 2020 йил давомида назорат остидаги шахслар орасида тайинланган жазони ўташдан қасдан бўйин товлаб, қонунларимизга итоаткорона муносабатда бўлмаган шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатларини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш каби ҳолатлар ҳам учраяпти.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, тадбир иштирокчилари Пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, давра суҳбати доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ўртасида меморандум имзоланди, деб хабар беради Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати.