Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳар бир мамлакат таълим тизимининг муҳим таркибий қисмларидандир. Айнан жисмоний тарбия йўналишидаги олий таълим муассасаларида бўлғуси мутахассисларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш жараёни келгусида спорт соҳасининг ҳақиқий ўрнини белгилаб беради.
Мутахассислар салоҳиятини ошириш мураккаб ва кўп қиррали жараён. Шу боис, спорт билан бирга параспортни ҳам ривожлантириш, спорт таълими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек, профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш зарур. Бугун мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, паралимпия ҳаракатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар учун жуда катта имконият эшиги очилди.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда паралимпия ҳаракати ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Давлатимиз раҳбари қўллаб-қувватлови билан Ўзбекистон паралимпия қўмитаси томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, аниқ мақсад асосида янги тизим йўлга қўйилди. Юртимизда имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига олиб чиқилди. Уларнинг тўлақонли ҳаёт кечириши, жамиятга мослашуви учун қулай шароит яратилди ва бу жараён изчил давом эттирилаётир.
Меъёрий ҳужжатда акс этган янгиликлар
Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиши учун зарур шартшароит яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Эътиборли жиҳати, спорт соҳаси, жумладан, паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар учун жуда катта имкониятлар эшиги очилди. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 14 октябрдаги “Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузуридаги Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада бажарилаётган тизимли ишларнинг узвийлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Қарорга асосан, институт паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ва бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишга ихтисослашган илмий-таълим муассасаси этиб белгиланди. МДҲ ҳудудида ягона мазкур институтнинг асосий вазифаларидан дастлабкиси параспорт бўйича фаолият юритаётган тренерлар, йўриқчи-услубчилар ва бошқа мутахассислар малакасини ошириш, халқаро илғор тажрибага эга мутахассислар ва тренерларни таълим жараёнига жалб этишдир.
Иккинчидан, спорт таълими муассасаларининг касбий маълумотга эга бўлмаган ходимлари учун қўшимча ихтисослик бўйича пулли қайта тайёрлаш ва қисқа муддатли махсус курсларни ташкил этишга қаратилади. Учинчидан, параспортчиларни ўқитиш ва тайёрлашнинг барча даражасида спорт маҳоратидан билим беришнинг инновацион методларини ишлаб чиқиш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш ва шунга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ўтказилади.
Тўртинчидан, параспорт бўйича қобилиятли ёш спортчиларни аниқлаш, халқаро спорт майдонларида муносиб қатнашишга қодир, профессионал спортчиларни тайёрлаш, маҳорати ва кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ҳамда самарали ўқитиш дастурлари ва усуллари жорий этилади. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтида таҳсил оладиган мутахассислар “Эл-юрт умиди” жамғармаси ёрдамида хорижда малака ошириб келиш имкониятига эга бўлади.
203 давлат орасида 16-ўринда
Бу каби чора-тадбирлар юртимизда жисмоний имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллабқувватлаш, айниқса, улар орасида паралимпия ҳаракатини янада оммалаштириш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшяпти. Ўтган қисқа вақтда спорт билан шуғулланувчи жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлганларнинг 3000 нафардан 3675 нафарга кўпайгани ҳамда уларни шуғуллантирувчи тренерлар 91 нафардан 720 нафарга етгани фикримиз исботидир.
Паралимпия ҳаракати изчил қўллаб-қувватланиши натижасида Ўзбекистон паралимпиячилари 203 давлат спортчилари орасида 16-ўринга кўтарилди. Ҳозир юртимизда спортнинг 20 тури жадал ривожлантирилмоқда. Параенгил атлетика, парасузиш, паракамондан ўқ отиш, парабадминтон, голбол, шахмат, паравелоспорт, парадзюдо, парастол тенниси, параволейбол, аравачада баскетбол, аравачада қиличбозлик, аравачада теннис, парапауэрлифтинг, парарегби, паратаэквондо, каноэда эшкак эшиш шулар жумласидан.
Бу спорт турларини янада ривожлантиришда спортчиларнинг билими ва малакасини ошириш эришилаётган ютуқлар кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Соҳада спортчиларни ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга эътибор қаратсак, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида паралимпия факультети, шунингдек, адаптив соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланаётганига гувоҳ бўламиз.
Айни пайтда университетнинг паралимпия факультетида 130 нафар, Нукус ва Фарғона филиалларида 26 нафар, бошқа олий таълим муассасаларидаги магистратура йўналишида 22 нафар талаба таҳсил оляпти. Олимпия захиралари коллежлари негизида Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилди ва 10 фоиз квота ажратилди. 2022/2023 ўқув йили учун 8 та паралимпия спорт тури бўйича 126 нафар ёш танлов асосида ўқишга қабул қилинди. Улардан 22 нафари (17 фоизи) хотин-қизлар.
Илк маротаба “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилди ва маҳаллаларда “Паралимпия ҳаракатини маҳалладан бошлаймиз!” шиори остида 486 та оммавий спорт тадбири ўтказилиб, ногиронлиги бўлган 12 минг 640 нафар шахс қамраб олинди. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари, “Нурли маскан” мактаблари ўқувчилари ўртасида паралимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда.
Таниқли спортчиларнинг маҳорат дарслари, семинар ва давра суҳбатлари мунтазам ўтказилаётир. Параспорт бўйича кадрлар тайёрлашнинг бундай тизими натижасида параспортчилар биологик ва психологик хусусиятларига мос қатор жисмоний, техник, тактик ва психологик кўникмаларни ўзлаштиради ҳамда ривожланиш бўйича катта имкониятларга эга бўлади.
Қайта тайёрлов ва малака оширишнинг аҳамияти
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишларини Спортни ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тасдиқлайди. Вазирлик ва идоралар тизимидаги таълим муассасаларининг паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислари, нодавлат таълим ташкилотлари ходимлари ва жисмоний шахслар Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этадиган курсларда иштирок этиши мумкин.
Паралимпия спорт турлари бўйича хорижий давлатлардаги таълим муассасаларини тамомлаган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби уларнинг базавий маълумоти тўғрисидаги ҳужжат белгиланган тартибда нострификациядан ўтказилгандан кейин амалга оширилади. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тўрт йилда камида бир марта малака ошириши шарт.
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш курслари институт ташаббусига кўра, юридик ва жисмоний шахслар буюртмаси ёки меҳнат бозори талаблари билан белгиланадиган айрим педагогларнинг қайта ихтисослашуви ёхуд янги мутахассисликка эга бўлиши муносабати билан шартнома асосида ташкил этилади.
Мақсад — муваффақият ва соғлом ҳаёт
Паралимпия ҳаракатининг мақсади спортда юқори натижага эришиш бўлса, соҳа мутахассисларини ўқитиш ва малакасини ошириш бу мақсадни рўёбга чиқарувчи муҳим воситадир. Шундан келиб чиқиб, институт параспортчиларга шахсий ривожланиш учун қўллаб-қувватлов дастурларини тақдим этади. Муассасада асосий эътибор ҳаракатланиш қобилияти ва спортга хос кўникмаларни ривожлантириш, мусобақаларга тайёргарлик кўриш ва спорт орқали соғлом турмуш тарзини таъминлашга қаратилади.
Илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, босқичма-босқич спорт таълими тизимида қулай инвестиция муҳитини яратиш, бундай муассасалар тармоғини кенгайтириш, тизимда рақобатни кучайтириш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги интилишларни янги босқичга олиб чиқади.
Пировардида институтдан етишиб чиққан параспортчилар Паралимпия ўйинлари, Параосиё ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ва кубокларида иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафини кенгайтиради. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтининг тегишли йўналишларида педагогика, дидактика, амалий психология, методика, умумкасбий ва махсус фанларга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўқув материаллари ва педагогик баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш орқали кадрлар тайёрлаш янги босқичга кўтарилади. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда ўтказилган навбатдаги саммити доирасида тузилмага аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида 2022–2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги “Йўл харитаси”ни амалга ошириш режаси ҳам тасдиқланди. Бу жараёнда Ўзбекистон фаоллиги ва ташаббускорлиги билан ажралиб турди.
Буни биргина паралимпия соҳасини моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, спортчиларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш тизимини яратиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Умуман олганда, спорт соҳасига ихтисослашган таълим муассасалари фаолиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболлари белгилангани ўқув даргоҳларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини тайёрлаш учун зарур шарт-шароит яратиш, уларни бошқариш ва молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник имкониятларни янада кенгайтириш бўйича қилинаётган ишларни янги босқичга олиб чиқади.