Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей жамоаси эришаётган натижалар нафақат мамлакат миқёсида, балки халқаро мезонда ўлчаганда ҳам рекорд кўрсаткич. Бу ерда Янги Ўзбекист оннинг янги ғалабалари қўлга киритилмоқда. Ушбу ўқув даргоҳи ўқувчилари ке йинги йилларда 13 та олтин, 25 та кумуш ва 48 та бронза медалга сазовор бўлди. Ушбу медаллар Франция, Россия, Арманистон, Таиланд каби мамлакатларда ўтказилган халқаро олимпиадаларда кўлга киритилди.

Аслида, бундай олимпиадаларда битта медални қўлга киритиш ҳар қандай ўқув юрти учун катта воқеа. Ушбу мукофот соҳиблари белгиланган низомга мувофиқ, юртимиздаги олий ўқув юртларига тест синовларисиз қабул қилинади. Мазкур лицей раҳбари Ортиқбой Эшонқулов — биология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби. У кимё, биология фанлари бўйича ўтказиладиган халқаро олимпиадаларда мамлакатимиз ўқувчилар жамоасига раҳбарлик ҳам қилади.

Академик лицейда билимдон ўқувчилар тайёрлаш учун рисоладагидек муҳит яратилган. Жамоа ушбу даргоҳда эришилаётган ютуқлар билан чекланмай, мамлакатимиздаги бошқа билим масканларида ҳам ўқувчиларнинг билимини оширишга, халқаро олимпиадаларда иштирок этишига яқиндан кўмаклашиб келади. Шу кунларда Ортиқбой Эшонқулов ҳамкасблари билан Жиззах вилоятидаги қатор мактабларда ўқувчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Мулоқот авлодлар учрашувига айланиб, ўқувчилар қалбида билим чўққиларини эгаллашга иштиёқ уйғотяпти. Учрашувлар давомида тажрибали олимнинг ҳис-туйғуларига гувоҳ бўлдик. Ортиқбой Эшонқулов ўзи билим олган Шароф Рашидов туманидаги 30-мактабга қадам қўйганида ўқувчилик даврини ёдга олди. 1960-йилларда шароит етарли бўлмагани учун Ортиқбой Жиззах шаҳридаги 3-мактабда таҳсил олганди. Ҳозир қадрдон мактабда ҳамма шароит муҳайё.

Учрашув давомида лицей ва мактаб ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, биргаликда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини тайёрлаш бўйича келишув имзоланди. Унга кўра, лицей ўқитувчилари онлайн дарс ўтади. Ортиқбой Эшонқулов юқори синф ўқувчилари учун мўлжалланган “Биология” дарслиги муаллифи сифатида мактаб жамоасига китобларини совға қилди.

— Устоз педагогнинг келиши ўқувчиларимизни руҳлантирди, — дейди 30-мактаб директори Баҳодир Маматов. — Шундай илм чўққиларини эгаллаган инсон мактабимиздан чиқибдими, демак, издошлари ҳам, албатта, кўпаяди. Учрашувда физика-математика фанлари доктори, профессор Жуманазар Ҳусанов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти кафедра мудири, профессор Ҳамидулла Расулов ҳам қатнашди. Уларнинг чиқишлари зўр қизиқиш билан кутиб олинди.

Шундай учрашувлар Жиззах шаҳридаги 3-, Шароф  Рашидов туманидаги 17-мактабларда ҳам ўтказилди. Профессорларнинг мактаблардаги мулоқоти давом этяпти. Бундай учрашувларнинг анъанага айланиши ёшларнинг орзусига қанот бахш этиши, уларни халқаро билим беллашувларида ғолибликка ундаши билан янада қадрлидир.