Тошкент вилоятидаги 93 маҳаллада йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган учрашувлар ўтказилди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати.
Сўнгги вақтларда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида маҳалланинг ўрни беқиёс эканлиги алоҳида эътироф этилмоқда. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятларнинг олдини олишда маҳалланинг, унда истиқомат қилувчиларнинг ўрни беқиёс.

Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ҳам масаланинг ана шу томонларини инобатга олган ҳолда маҳаллаларда турли профилактик тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Вилоятимиз ҳудудида жами 1042 та маҳалла мавжуд, – дейди Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи, катта лейтенант Рустам Асқаров. – Мана шу маҳаллада истиқомат қилувчилар ҳужжатсиз транспорт воситасини бошқарадиганларни ҳам, маст ҳолда юрадиганларни ҳам яхши билишади.

Шу сабабли ходимларимиз маҳаллаларда тез-тез бўлишиб, қоидабузарликларнинг олдини олиш йўналишидаги ишларни ташкил этишмоқда. Бундай учрашувлар куни кеча вилоятнинг 93 маҳалласида ўтказилди.

Учрашувларда транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган фуқаролар муҳокама қилинди. 
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг Фармойишига асосан жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ҳавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида иш фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида 15 октябрдан 15 ноябрга қадар “Хуқуқбузарликларга қарши курашиш ва хизмат фаолиятини такомиллаштириш” ойлиги ўтказилмоқда.

Ўтказилаётган учрашувлар ана шу тадбир моҳияти ҳам фуқароларга тушунтирилиб, унда фаол иштирок этишга чақирилди.