Мазкур қонунга мувофиқ, ички ишлар органларининг таянч пунктлари фаолиятни профилактика катта инспекторлари, инспекторларидан ва уларнинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларидан иборат таркибда амалга оширади. Профилактика инспекторлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори билан лавозимга тасдиқланади. Профилактика инспекторлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла инстутини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унда фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариш профилактика инспектори зиммасига юклатилиши, ҳар бир маҳаллада унинг криминоген вазияти ва аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда камида бир нафардан профилактика инспектори хизматни олиб бориши белгиланди.

Профилактика инспекторлари 5 йил муддатга лавозимга тайинланиши ҳамда уларни мазкур муддат давомида юқори турувчи раҳбарлик лавозимга ўтказиш ёхуд қонун ёки ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортиш ҳолатларидан ташқари бошқа лавозимга ўтказиш тақиқланиши назарда тутилди. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг таркибидаги бўлимлари бошлиқлари устуворлик асосида профилактика инспектори лавозимида камида 5 йил ишлаган ходимлари орасидан тайинланиши, профилактика инспекторлари лавозимларига, қоида тариқасида, олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар тайинланиши йўлга қўйилди.

Профилактика инспекторининг замонавий қиёфаси қандай?

Профилактика инспекторларининг бугунги қиёфаси ҳам амалга оширилиб келинаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг бўлиши, фаолиятида янгилик ва замонавий акс этишини тақозо қилади. Ҳар қандай янгилик ва замонавий ёндошувнинг пировард мақсади халқимиз оғирини енгил қилишга қаратилган. Шу боис ҳам бугунги кунда профилактика инспекторининг замонавий қиёфасини яратиш, уни Янги Ўзбекистонга хос кадр сифатида шакллантириш айни вақтдаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Профилактика инспекторини шахсий жиҳатдан ривожлантиришда асосий этибор унинг кундалик фаолиятида фидоийлик, садоқат ва одиллик тамойиллари устуворлигини таъминлашга қаратилиши муҳим ўрин тутади. Шунингдек, унинг шахсий жиҳатларида намунавий хулқ атвор, вазминлик, мушоҳадалик, бағрикенглик, олийжаноблик, ҳалоллик каби туйғулар мукаммал шаклланиши лозим. Шахсий жиҳатларнинг сифати ва самардорлиги профилактика инспекторида кенг дунёқараш ва теран фикрлаш қобилиятининг шаклланганлик даражасига боғлиқ. Масъулият ва ўз юртидан маънавий қарздорлик туйғуси иш фаолиятида қатъийлик ва садоқат фазилатларини шакллантиради. Энг муҳими, профилактика инспектори ўз халқини севиши ва унга меҳр қўйиши аҳолининг дарду ташвишлари билан яшаш туйғусини вужудга келтиради. Шу боис ҳам қайд этилган шахсий фазилатлар замонавий профилактика инспектори қиёфасини яратишга муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Профилактика инспекторини касбий жиҳатдан ривожлантириш уни замонавий қиёфасини яратишга махсус ёндошувни талаб қилади. Замонавийлик, аввало, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва воқеа-ҳодисалардан хабардорлик, далхдорлик ва оқилона муносабат билдира олишда намоён бўлади. Шунинг билан биргаликда рўй берган воқеа-ҳодисаларга нисбатан мустақил ва оқилона позиция шаклланган бўлиши лозим.

Профилактика инспекторининг касбий компетенцияси мустаҳкам ҳуқуқий билим асосида шаклланган бўлиб, ўз устида доимий ишлаш орқали соҳа билан ҳамоҳанг юришга одатланган бўлади. Таъкидлаш жоизки, замонавий қиёфа халқ билан мулоқот қилиш ва жамоатчилик билан ишлашнинг мукаммал шаклланганлиги билан боғлиқ. Чунки, профилактика инспектори қиёфасидаги замонавийлик даражаси аҳоли ва жамоатчилик томонидан баҳоланади.

Замонавий профилактика инспектори фаолиятининг асосий мезонлари инновацион билим ва кўникмалар шаклланганлиги, ўз касбий малакасини мустақил ривожлантира олиш қобилиятига эгалиги, иш фаолиятида илғор ахборот-коммуникация воситаларидан фойдалана олиши, замонавий этика қоидаларидан хабардорлиги, хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, коммуникативлик, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш кўникмаси, халқ билан мулоқот қилишнинг янги усул ва шаклларини билиши, касбий соҳаси ва жамиятда содир бўлаётган ўзгаришлардан мунтазам хабардорлиги каби жиҳатларда намоён бўлади.  

Бизнинг назаримизда, замонавий профилактика инспектори қиёфасини яратишда унинг шахсий ва касбий жиҳатларига қўйиладиган талабларни акс эттирадиган профилактика инспекторининг профессионал портретини яратиш лозим бўлади. Профилактика инспекторининг профессионал портрети яратиш унинг профессионал стандарти, профессиограммаси, профессионал рамкаси, функционал картаси, фаолиятни баҳолаш индикаторлари, фаолият самарадорлигини диагностика ва прогноз қилиш методикасини ишлаб чиқиш орқали таъминланади.

Обод ва  хавфсиз маҳаллада унинг роли катта

Жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда профилактика инспекторлари муҳим ўрин тутади. Аҳоли ўзининг хавфсизлигини таъминлашни сўраб биринчи навбатда профилактика инспекторига мурожаат қилади. Албатта, халқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун профилактика инспекторига ишончи юқори бўлиши, ўзининг хавфсизлиги кафолатини профилактика инспектори тимсолида кўра олиши лозим. Бунинг учун халқимизга, аввало, ўзининг одоби ва хулқи билан шахсий намуна бўла оладиган, муаммоли масаланинг ечими юзасидан юзасидан қатъий ёндошувга эга, иш фаолиятида адолатни намоён қила оладиган профилактика инспекторлари алоҳида аҳамият касб этади.

Замонавий профилактика инспектори ҳуқуқбузарликлар оқибати билан эмас, балки уни содир этилишини олдини олиш билан курашишни асосий фаолият йўналиши сифатида эътироф этиши лозим. Аҳоли назарида профилактика инспектори жазоловчи давлат хизматчиси эмас, балки келгусида содир этилиши мумкин бўлган нохуш ҳодисаларнинг олдиндан кўра оладиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишдан қайтарадиган етакчи сифатида намоён бўлиши мақсадга мувофиқ. Пировард натижада, аҳоли ўз ташабуси билан келгусида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликни олдини олиш учун профилактика инспектори билан ҳамкорлик қилишига эришилади.  Бунинг учун албатта мустаҳкам ҳуқуқий билимга эга бўлган, халқ билан оқилона мулоқот қила олиш кўникмаси шаклланган, хулқи, юриш-туриши ва фаолияти билан шахсий намуна бўла оладиган профилактика инспекторлари тайёрланиши  лозим бўлади. 

Профилактика инспекторларини тайёрлашда янгича ёндошув

Президентимизнинг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди.

Мазкур таълим муассасасида замонавий таълим методлари асосида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш кундузги таълим шаклида бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича белгиланган намунадаги диплом берилган ҳолда амалга оширилиши, шунингдек шу мутахассислик бўйича олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни қайта тайёрлаш кундузги таълим шаклида махсус олти ойлик дастур бўйича белгиланган намунадаги диплом берилган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида бугунги кунда халқимиз талабига мувофиқ ҳолда таълим олувчиларнинг психологик тайёргарлиги, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, аҳоли ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмаларини такомиллаштириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий билим ва дунёқарашини мунтазам равишда ошириб боришга қаратилган тизим яратилди. Бугунги кунга келиб, мазкур таълим муассасасида олий юридик маълумотга эга бўлган профилактика инспекторлари тайёрлаш, олий ноюридик маълумотга эга бўлган ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш йўлга қўйилди ва бу борада муайян натижаларга эришилди.

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали фаолиятига эндигина бир йил тўлган бўлса-да, бугунги куннинг ўзида таълим олувчиларда замонавий профилактика инспекторлари қиёфасини, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ўзига хос янгича ёндошувни тасаввур қилиш мумкин.

Хусусан, бугунги кунга келиб халқаро тажриба ва замонавий ёндошув асосида талабаларда мустаҳкам ҳуқуқий билимларни шакллантириш тизими яратилди. Уларда, аввало, қатъий интизом ва хулқ-атвор, халқ билан мулоқот қилиш, жамоатчилик билан алоқалар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, тизимли таҳлил қилиш, муаммоли масаланинг моҳиятини тушуниш ва креатив ёндошув асосида тезкор ечимини топиш кўникмаси, мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган ислоҳотларга дахлдорлик ва ижтимоий-сиёсий жараёнларга нисбатан мустақил фуқаролик позицияси шаклланганлиги намоён бўлмоқда.

Самариддин ОЧИЛОВ,

Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси