Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 4881-сонли Карорига кура, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларида босқичма-босқич кураш ҳамда жанговар курашни устувор спорт турлари сифатида киритиш каби вазифалар белгиланди.
Мазкур мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, прокуратура ходимларининг жисмоний тайёргарлигини оширишда кураш ва жанговар курашни асосий спорт тури сифатида тадбик этишдан иборат.
“Прокуратура полвони” республика турнирида эркаклар – 73кг, -81 кг, -90 кг, +100 кг вазн тоифалари гиламга чиққан бўлсалар, барчиной қизларимиз -57 кг, -63 кг, +63 кг вазн тоифасида ўзаро беллашдилар. Мусобақа бош ҳаками Олим Ҳайитов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати бевосита саралаш, ярим финал ва финал босқичларини бошқариб бордилар.
Тадбирни Ўзбекистон кураш федерацияси, Ўзбекистон Бош Прокуратураси ва ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари ва таклиф этилган фахрий меҳмонлар очиб берди.
Очилиш маросимидан сўнг бевосита мусобақанинг ярим финал ва финал босқичига навбат берилди. Мусобақада Республикамизнинг барча вилоятларидан ҳамда ҚҚР ташриф буюрган 160 нафарга яқин прокуратура ходимлари ғолиблик учун гиламга чиқдилар. Ушбу кун “Полвони кўп юрт қудратли бўлур” сўзи исботини топди десак муболаға бўлмайди. Шуниси қувонарлики, гиламга чиққан ҳар бир иштирокчи қонида боболардан мерос кураш илми борлигини намоён қилди. Қизғин курашларга бой бўлган беллашувлар якунида қуйидагилар “Прокуратура полвони” деган номга муносиб кўрилди.
66 кг вазн тоифасида Сурхондарёлик Хаиталиев Мухриддин ғолибликни қўлга киритди. 81 кг вазнда эса ғолиблик Зарафшон шаҳар прокуратураси оператори Бабакулов Азизжонга насиб этди. 90 кг вазн тоифасида Бош прокуратура бошқарма прокурори Азимов Акмал устун келди. +90 кг вазн тоифасида эса ғолиблик бюронинг Денов тумани бўлими бошлиғи Исмоилов Улуғбекка насиб этди.
Мусобақада қизлар ҳам фаол иштирок этди. Натижалар эса қуйдагича: 57 кг вазн тоифасида ҚҚР прокуратураси ходими Сапарова Камила ғолиб деб топилди. 63 кг вазнда Тошкент вилоятидан Манопова Клара шохсупа биринчилигини эгаллади. +63 кг вазнда эса Қурбонова Светлана биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа якунида кураш бўйича “Прокуратура полвони” I Республика турнирининг барча ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланадилар. Шунингдек, иккинчи ва учинчи ўринларни банд этган жамоаларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилади.