Дунё олимларининг ўзаро мулоқотда бўлиши ва илмий ишлар натижаларини кенг оммага етказилиши одатда турли нашрлар (журнал, монография, конференция материаллари ва ҳоказо) орқали амалга оширилади. Ривожланган хорижий мамлакатларда ҳам олимларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда илмий мақолалар нашр этиши муҳим ҳисобланади. Мақолаларни чоп этиш ва уларнинг мазмун-моҳияти, таёрлаш, нашр этиш босқичларининг бари узоқ бир жараённи ўз ичига олади.
Мақолани жорижий мамлакатлар рукнида чоп этишда Халқаро илмий тил сифатида инглиз тили қабул қилингани барчамизга аён. Мана шундай жараёнларда олим ва изланувчиларга кўмак бериш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий амалий маркази “Proоfreading Service” хизматини тақдим этди.
Proofreading — бу олимлар томонидан тайёрланган илмий мақола матнини юқори рейтингга эга бўлган журналлар талабларига мувофиқ таҳрир қилиш, ёзма инглиз тили матнини яхшилаш, орфографик ва грамматик хатоларни бартараф этиш, белгиланган техник талабларга мослаштириш хизматидир.
Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази “Proоfreading Service” билан 2019 йил ҳамкорликка келишилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар вазирлик портали орқали Ўзбекистонда тадқиқот олиб бораётган олимлардан келиб тушган 800 дан ортиқ мақолалар ўрганиб чиқилди. Шулардан техник талабларга мос келувчи 92 та мақола саралаб олинди ва “Springer Nature” нашриётига онлайн кўринишда тақдим этилди. Ушбу мақолалар Нашриёт томонидан тегишли талабларга мослаштирилиб, нуфузли журналларда чоп этишга олингани тўғрисида сертификат тақдим этилди.
Ушбу хизматдан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган барча ташкилотларда меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган олим ва мутахассислар учун бепул тақдим этилмоқда.
“Proоfreading Service” хизматига тақдим этилаётган илмий мақолалар бир неча босқичлардан ўтгач, электрон почта орқали Инновацион ривожланиш вазирлиги портали орқали юборилади ва натижалар топширилган муддатдан бошлаб икки ой ичида электрон почта орқали маълум қилинади.
Мазкур сервис қулайликлари ва аниқ маълумотлар бериш борасида жорий йил Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ва “Research support center” маркази ҳамкорликда "Мақола чоп этиш бўйича онлайн платформадан фойдаланиш" мавзусида вебинар ташкил этди. Ушбу семинарга юртимизда фаолият юритаётган илмий ташкилот ва олий таълим муассаларидаги олимлар, изланувчи ва тингловчилар қатнашиб, кенгрок маълумотларга эга бўлишди.
Ўйлайманки, келгусида олимлар ва изланувчилар билан мақола чоп этиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириб, улар таклифлари асосида вазирлик томонидан тақдим этилаётган хизматлар сифати доимий тарзда ошириб борилади ва бу платформа илмий фаолиятни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Азиза АСЛАНОВА