Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Жумладан, «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ–3606-сон қарори билан тасдиқланган «Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга доир биринчи галдаги чора-тадбирлар дастури»нинг 3-банди ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган.

Қонунни ишлаб чиқишда халқаро тажриба ўрганилган, хусусан, АҚШ қонунчилигига ўхшаш госпитализация мезонлари кўриб чиқилган. Россия, Беларус ва қўшни давлатлардаги қонунчилик меъёрларга солиштирилган.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши психиатрия ёрдамининг барча йўналишлари бўйича норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилишига, шу жумладан, ихтиёрий, ғайриихтиёрий ва мажбурий психиатрия ёрдами кўрсатишга, соҳада манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлигини таъминлашга имкон беради. Фуқароларнинг психиатрия ёрдами олишдаги эркинликлари ва қонуний манфаатларини ифодалаб, уларнинг ҳаётига асоссиз аралашувлардан, руҳий ҳолати бузилган шахсларни жамиятда асоссиз камситилишидан, айни вақтда жамиятни бундай шахсларнинг ижтимоий хавфли қилмишларидан ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Мажлисда муҳокама қилинган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.