Таниқли олим, машҳур публицист, давлат ва жамоат арбоби Қудратилла Рафиқовнинг “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китоби — фикр аҳлини ана шу нуқсондан қутулиб, одамлар ва бутун жамият ҳаётида юз бераётган ижобий жиҳатларни пайқашга, уларнинг пайдо бўлишига сабабчи шахсиятлар меҳнатини қадрлашга чорлайдиган асар. Муаллиф жамиятда кечаётган ўзгаришларни мақташ, санаб ўтиш билангина чекланмайди. У зоҳирий воқеалар ортидаги маъноларни излайди, бир қарашда ўзаро боғлиқ бўлмаган ҳодисалар ўртасидаги ички алоқани топади ва ўқирманни ҳам шу жараёнга жалб қилади.
Публицист билан воқеанавис ўртасида фарқ бор. Воқеанавис воқеани сўзлаб беради. Публицист эса нима учун шундай бўлгани, унинг ортида қандай қонуният тургани ва у жамият ҳаётида нимани ўзгартираётганини англашга ҳаракат қилади.
Қудратилла Рафиқов мақолаларида ана шундай теран таҳлилий нигоҳ яққол кўзга ташланиб туради. У мамлакатимиз ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида ёзар экан, воқеанинг ташқи манзараси билан кифояланмайди. У ҳар бир бунёдкорлик ортида тафаккурдаги ўзгариш, ҳар бир дипломатик қадам ортида тарихий хотира, ҳар бир ютуқ ортида миллатнинг ўзига бўлган қатъий ишончини кўради.
Китоб сарлавҳасига кўчган “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” номли мақола ана шундай фикрлаш усулининг ёрқин намунаси десам, асло адашмайман.
Муаллиф талқинида Самарқанд — миллат ўзлигини намоён этадиган маънавий макон. Шаҳарнинг тарихий мақомини тиклаш — биноларни таъмирлаш ёки кўчаларни обод қилишдан анча мураккаб иш. Бунинг учун шаҳарнинг кўп асрлик руҳияти, тарихий хотираси ва цивилизацион моҳиятини қайта ҳаракатга келтириш талаб этилади.
Қудратилла Рафиқов Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига раҳбар бўлиб борган даврда ишни шаҳарни чиқиндилардан тозалашдан бошлаганига алоҳида маъно юклайди. Муаллифнинг фикрича, бу шаҳар аҳли онгидан советча қарашларни, мустамлакачиликнинг маънавий қўқимини чиқариб ташлаш ва руҳни янгилашга илк уриниш ҳам эди.
Муаллиф оддий воқеани катта тарихий жараён билан боғлайди. Аммо бу боғланиш сунъий эмас. У шаҳарнинг ўтмиши, тарихий хотираси ва кейинги ўзгаришлар мантиғидан келиб чиқади.
Қудратилла Рафиқов публицистикасида воқелик шунчаки тасвирланмайди — унга жуда катта маъно юкланади.
Қ. Рафиқов ҳаёт ҳодисаларига руҳшунос ва файласуф кўзи билан қараб, миллат аҳлини фикрламайдиган оломонга айлантириш йўллари ҳақида: “Одам тинимсиз нимагадир ундаб турилса, матбуот эртадан то кеч зарбдорлик, дала ишлари, етиб бўлмайдиган “план” ҳақида муттасил гапираверса, бу ҳолат ҳар қандай эркин тафаккурга ҳам путур етказади. Одамлар фикрини жамоавий тарзда бир нуқтага “йиғиш”, барча ўй-хаёлларни умумий бир ўзанга бўйсундириш, табиийки, шахсий фикрни жиловлайди”, деб ёзади.
Мақолада мустақилликнинг дастлабки чорак асрида шахс эркинлиги фақат назарий тушунча, ҳуррият қай маънодадир “қарам мустақиллик”дек туюлиши, жамият элитасида советча ёндашувлардан воз кечиш, эркин фикрдан чўчиш йўқолиб кетмагани жуда ҳаққоний кўрсатилади.
Муаллиф мақола қаҳрамони тилининг индивидуаллигини бир оғиз гапи, ўша гапдаги биргина сўз билан бера олиш қобилиятини намойиш қилади: “У киши Самарқандда ишлаётган даврларда ёнма-ён кетарканмиз, ҳазил аралаш савол бердим. “Гоҳ-гоҳида ухлаб ҳам турасизми, Шавкат Миромонович?!”. У киши ўз одатига содиқ ҳолда жилмайиб жавоб қилди: “Манзилдан-манзилгача машинада нима қилиш мумкин?”. Бу жумла Президент нутқининг табиийлиги ва шахсий одатини кўрсатиши билан бирга унинг иш суръати ҳақидаги узундан-узоқ таърифлардан кўра кўпроқ маълумот беради. Қудратилла Рафиқов Президентимиз характерини ана шундай кичик, аммо жонли деталлар орқали оча олади.
Китобдаги “Мен умримни шу халққа тикканман!” мақоласида эса Президентимизнинг ислоҳотлардан кўзлаган мақсади унинг ўз сўзлари орқали шундай ифодаланади: “Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим…”.
Бу самимий фикр китобнинг умумий ғоясини англаб етишда муҳим аҳамиятга эга.
Қудратилла Рафиқов талқинида ислоҳотлар инсоннинг қадр-қиммати, турмуши ва келажакка ишончида намоён бўлиши керак. Шу маънода, китобда Президент образи нафақат давлат раҳбари, балки миллат тафаккурини ҳаракатга келтиришга интилаётган етакчи сифатида намоён бўлади.
“Бунёдкорликдан тафаккур ўзгариши сари” мақоласи ҳам ана шу масала тадқиқига бағишланган. Оддий маиший манзара — Президентимизнинг замонавий савдо-кўнгилочар марказга бориши жамиятнинг фаровонликка муносабати, одамларнинг бугун яхши яшаш ҳуқуқи ва раҳбар билан халқ ўртасидаги масофа ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди.
Муаллифнинг фикрича, катта ислоҳот одамларнинг ўз имконияти, қадри ва келажаги ҳақидаги тасаввурини ҳам янгилаши керак. Зеро, тафаккур ўзгармаса, жамиятдаги бошқа ислоҳотлар барқарор бўлмайди. Бу — китобнинг энг муҳим фалсафий хулосаларидан бири.
“Уйғонаётган арслон” мақоласи мақсадини муаллиф: “...кўзлаган манзилига интилаётган ва бу жараёнда улкан ютуқларга эришаётган Миллатимиз лидери Шавкат Мирзиёевнинг жасорат ва садоқатга эврилган фаолияти ҳақида сўзлаш ва бу кайфиятни сизга ҳам улашишдир” тарзида белгилайди. Эътибор қилинг, у ахборот бермайди, балки соғлом кайфият ҳосил қилиб, уни ўзгаларга-да улашмоқ истайди.
Қ. Рафиқов Президентимизнинг тиним билмас фаолиятидаги етакчи мақсад ҳақида: “...минг йилларки, ота-боболари бирга аҳил-иноқ яшаб келган, аммо турли сиёсий сабабларга кўра ажралиб ва ҳатто ...бир-бировига ёвга айланишига озгина қолган халқларимизни бирлаштириш, силтаб узиб олинган тарихий томирларга малҳам қўйиш, бир замонлар чуқур уйқуга кетган “арслон”ни уйғотиш экан...” деган тўхтамга келади.
Шу вақтга қадар биров танимаган ва тан олмаган юртимизнинг уйғонишини мақола муаллифи ўзбек спортчиларининг 208 давлат вакиллари қатнашган олимпиадада 13-ўринни, Осиёда 4-ўринни, туркий, мусулмон ва МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллашида, 3 ўзбек спортчисининг “икки карра олимпия чемпиони” бўлгани, бокс ва шахматдаги тенгсиз ютуқларида кўради. Нега шу вақтга қадар бўлмаган бундай оламшумул натижаларга эндиликда эришилди деб савол қўяди муаллиф. У ҳодисалар замиридаги қонуниятларни топади. Шу боис, юқорида саналганлар шунчаки спортдаги бир ютуқ эмас, балки миллатнинг ҳар жиҳатдан дунё ҳисоблашиши керак бўлган субъектга айланиб бораётгани натижаси деб билади.
“Кутиб ол, дунё” мақоласида муаллиф ўз тўхтамини дангал айтади: “Мендан Шавкат Мирзиёевнинг бугунгача эл-юртимиз олдидаги энг буюк хизмати нимадан иборат деб сўрашса, ҳеч иккиланмай, Ўзбекистон ва халқимиз шаънини, обрўсини қайта жойига қўйганида деб айта оламан”. Муаллиф бунга Президентимизнинг Ўзбекистон дейилса, ҳамиша “Покистон”, “Афғонистон” деб талмовсирайдиган дунёга Ўзбекистон ва ўзбекни адашмайдиган даражада танитиб қўйганини асос қилиб кўрсатади.
Қ. Рафиқовнинг ўзликни англаш, идентлиликка эришиш истиқлолнинг дастлабки чорагида ҳам кўнгилдагидай бўлмаганини: “...миллий коднинг энг асосий унсури бўлган тил борасидаги сиёсатимиз эски замонларникидан кўп фарқ қилган эмас” йўсинида изоҳлаши ҳолатга соғлом танқидий қараш намунаси дейиш мумкин. Қудратилла Рафиқов мустақилликнинг дастлабки чорак асрида давлат тилига муносабат жамият кутган даражада ўзгармаганини очиқ айтади. Расмий мустақилликка эришилган бўлса-да, миллий тилнинг давлат, илм-фан ва халқаро мулоқотдаги мавқеи тўлиқ қарор топмаган эди.
Муаллиф Франция Президенти Эммануэль Макрон нутқини ўзбекча сўзлар билан якунлаганини алоҳида маънавий ҳодиса сифатида қабул қилади. Чунки яқин ўтмишда маиший муносабатлар доирасида қолиб кетиши мумкин деб қаралган тилга жаҳоннинг йирик давлатларидан бирининг раҳбари ҳурмат кўрсатмоқда.
Албатта, тил обрўси фақат хорижий раҳбарнинг бир неча ўзбекча сўзи билан белгиланмайди. Унинг ҳақиқий мавқеи давлат бошқаруви, илм-фан, таълим, технология ва маданиятда қай даражада ишлашига боғлиқ.
Аммо рамзий ҳодисалар ҳам жамият руҳиятига таъсир қилади. Улар одамга ўз тилининг фақат уй ва бозор тили эмас, дунё билан тенг мулоқот қила оладиган маданий қудрат эканини ҳис эттиради.
Рафиқов публицистикасининг кучи шундаки, у сиёсий протоколдаги кичик бир деталдан миллий қадр-қиммат ҳақидаги катта хулосаларга келади.
Чиндан ҳам ўзбек тилининг обрўсини ошириш борасида Президентимиз мисли кўрилмаган ишлар қилди. Тилни ривожлантириш департаменти ҳамда ҳар бир ташкилотга давлат тили бўйича маслаҳатчи лавозимининг тайинланиши тилга эътибор борасида ҳеч қаерда кўрилмаган мислсиз иш бўлди. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиш, ўртоқ турк алифбосини қабул қилишга хайрихоҳлик ўзлигимизни намоён этишнинг ёрқин кўринишларидир.
Мақолада муаллиф давлатимиз раҳбарининг шу ва шу каби ишлари ҳақида тўхталгач: “Бугун жаҳоннинг бизга бўлган қараши ҳам, муомаласи ҳам ўзгарди”, деган хулосага келади. Ушбу мақолада Президентимизга Францияда икки асрдан ортиқ вақт давомида оламдаги ўнтагина кишига берилган “Фахрий легион” орденининг топширилиши унинг шахсига кўрсатилган жаҳоншумул эҳтиром эканини алоҳида таъкидлайди.
“МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китобида Марказий Осиё халқлари ўртасидаги муносабатларга ҳам кенг ўрин берилган. Муаллиф Марказий Осиё, қўшни халқлар яқинлашувини тарихий томирларни қайта боғлаш, сунъий бегоналашувларни енгиш ва умумий хотирани тиклаш жараёни сифатида кўради.
“Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат: Ўзбек ва қирғизни ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бир-биридан айира олмайди” номли мақолада ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва биродарлик ришталари ҳақида сўз боради. Муаллифнинг фикрича, ўзбек ва қирғиз ўртасида юзага келган совуқлик, чегара муаммолари ва ўзаро ишончсизлик халқларнинг табиий муносабатидан келиб чиқмаган. Улар сиёсий қарорлар, ёпиқлик ва ечилмай келган муаммолар оқибатида кучайган.
Шавкат Мирзиёевнинг қўшнилар билан очиқ ва самимий мулоқотни йўлга қўйиши бу муҳитни ўзгартирди. Қатновлар тикланди, чегара масалалари ўз ечимини топди, иқтисодий ва маданий алоқалар кенгайди.
Рафиқов бу жараённи қардош халқларнинг бир-бирига қайта яқинлашуви сифатида талқин қилади. Унинг фикрича, одамлар ўртасидаги тарихий яқинлик давлатлараро муносабатлар билан мустаҳкамланмаса, вақт ўтиши билан заифлашиши мумкин. Шунинг учун сиёсий раҳбариятнинг вазифаси мавжуд яқинликни сунъий тўсиқлардан ҳимоя қилиш ва уни амалий манфаатлар билан бойитишдан иборат.
Муаллифнинг Ўзбекистон Президенти айтган “Бизга кучли ва фаровон қўшни — Қирғизистон керак” деган фикрга алоҳида урғу бериши ҳам бежиз эмас.
Бу қарашда янги ташқи сиёсий фалсафа кўзга ташланади: қўшнининг заифлиги кучингни оширмайди. Аксинча, беқарор ва қашшоқ атроф-муҳит ҳар қандай давлатнинг тараққиётига хавф солади. Фаровон қўшни эса хавфсиз чегара, кенг бозор, ишончли шерик ва умумий тараққиёт имконияти, демак.
Шу боис, китобдаги қўшничилик мавзуси ташқи дипломатия доирасидан чиқиб, халқлар тақдири, тарихий хотира ва минтақавий келажак масаласига айланади.
Китобдан ўрин олган мақолалардан бири “Аламим бор...” деб аталган. Мақолада муаллиф алам билан шундай дейди: “...биз ҳам узоқ йиллар афсонавий тарихимиз, маданиятимиз, аждодларимиз ким-у, бу дунёда жойимиз қаерда бўлганини унутдик. Дунёнинг чети, учинчи даражали бир давлат, халқ деб қарашларига кўникдик. Ва энг аламлиси, замонавий дунё саҳнидаги маданий ва тарихий ўрнимиз қумга сингган сувдай “йўқолиб” қолди...”.
Муаллиф тарихни неча бор таҳрир қилган этнос ва унинг юрти очун аҳлининг кўпчилиги ёдидан чиққанидан алами келади. Бу ҳол оламга ўзимизни қайта танитиш заруратини пайдо қилганини урғулайди. Президентимизнинг: “...Нима учун Ислом цивилизацияси марказини қилдик? Миллатимизнинг шону шавкатини тарихга муҳрлаб қўйиш учун. Бу ерга кирган одам чиққандан кейин бу миллатга таъзим қилиши учун қилдик буни...”, деганида ана шу тарихий зарурат зоҳир бўлган. Мақолада миллату Ватаннинг қадр-қимматини жойига қўйиш, шону шавкатини улуғлаш Шавкат Мирзиёевни мудом ўйлантирадиган орзу экани қайд этилади.
Тарихга эҳтиёт ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш зарурлигини, унга носоғлом ёндашув бугунга ҳам салбий таъсир қилишини муаллиф урғулайди: “...бизда тарихга назар турли даврларда турлича бўлган. Шундай вақтлар бўлдики, баъзан унинг итоаткор қулига айландик. Баъзан эса ундан фахрланиш билангина ўзимизни овутдик. Билгунимизча тўқиб-бичдик, қўлга қайчи олиб, истагимизга мосладик”.
Мақолада Ислом цивилизацияси марказида турли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари борлиги, шунингдек, Al-Furqan, Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази, Туркия, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларининг 100 дан ортиқ илмий институтлари, музей ва кутубхоналари филиаллари очилиши унинг жаҳоний мақомга эгалигини билдириши таъкидланади. Миллат тарихидаги икки Ренессанс ҳам “...маданиятлар алмашинуви, жаҳон илм-фанига интеграциялашув орқали юз берган”лиги урғуланади. Цивилизация маркази айни шу интегратив жиҳати билан янги Ренессансга асос бўлиши мумкинлиги айтилади. Марказда дунёнинг кўплаб илм масканлари, маданий институтлар бўлимлари мутахассисларининг ўзбек олимлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилиши унинг навбатдаги миллий Уйғонишга хизмат қилишини далолатлашига тўхталинади.
Қ. Рафиқов бугун қилинаётган ишлар билан миллатнинг шонли ўтмишида амалга оширилган юмушлар ўртасида ўхшашлик кўради. Чунончи, Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг яралиши ва фаолиятида кўплаб мамлакатларнинг мутахассислари қатнашаётгани билан Туркистонда олдин юз берган Ренессансларнинг халқлар ва фанлар интеграцияси натижасида содир бўлгани ўртасида мувозийлик мавжуд. У ҳар қандай юксалиш миллий биқиқ муҳитда кичик миқёсда эмас, балки кенг ҳамкорлик натижасида юз берадиган ўзига хос глобал ҳодиса эканини таъкидлайди. Бу хилдаги қарашларни миллий тафаккурнинг чуқурлашиб ва янгиланиб бораётганидан хайрли белгидир дейиш мумкин.
Китобда олти юзга яқин четга чиқиб кетган қимматли артефактларнинг Ислом марказига қайтарилиши унинг рутбасини кўтаришга хизмат қилиши айтилади. Муаллиф бир вақтлар ўн минг хайрия бино қуришни орзулаган Турон ҳукмдори Абдуллахоннинг армонлари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётгани тарихнинг давомийлиги белгиси эканига ҳам ишора қилади.
“Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: ЙЎҚОТИЛГАН ҚАЛБНИ ИЗЛАБ...” суҳбат мақоласида муаллиф Олмониядаги “Berliner Zeitung” нашри сиёсий шарҳловчиси Томас Фасбендернинг: “Ўзбекистонни нафақат геосиёсий, балки цивилизацион нуқтаи назардан ҳам қитъанинг маркази дейишга асослар бор. Менимча, олис ўтмишда ушбу заминда пайдо бўлган икки буюк юксалиш — Ислом уйғониш даври ва Темурийлар ренессанси улашган маданият ва илм-фан нафақат Шарқ халқлари ёки Ислом олами, балки инсоният тарихи учун ҳам ўта муҳим эди” тарзидаги ҳаққоний эътирофига муносабат билдириш асносида ўзининг миллат тарихидан чуқур хабардорлиги ва буни ўзгалар билан бўлишиб, ҳаракат энергиясига айлантириш борасидаги ўйлари билан ўртоқлашади.
Муаллифни анча вақт шонли тарихга эга миллат номидан бошқалар гапиргани, кимлардир бизни атрофга таништиргани, биз эса узоқ йиллар ўша кучлар олдида “чурқ этмай” ўтирадиган забонсиз кимсаларга айланганимиз, бу ҳолнинг объектив ва субъектив сабаблари ўйга ботиради. Олим тарих борасидаги қарашлар мустақилликнинг илк чорагида ҳам ўзгармаганини: “Давлат ижтимоий-мафкуравий секторда худди иттифоқ замонларидагидек қаттиққўл ва ягона “ўйинчи”га айланди. Битта фарқи, у мафкурасиз эди, холос” йўсинида тамомила аниқ ва ўзига хос изоҳлайди. Шу тариқа мафкура борасидаги якранглик, албатта, фикрсизликка олиб келиши жуда ишонарли йўсинда кўрсатиб берилади.
Муаллиф жамиятда дин, миллий ўзлик ва тарихга бўлган ҳадиксираб қараш совет консерватизмидан-да нотавонроқ ҳолатни вужудга келтиргани, унинг энг қўпол шакли жамият ва миллатнинг на туркий, на исломий мансубликка алоқадор экани ўжарларча тан олинмаганида яққол намоён бўлганини айтади. На миллий ва на диний жиҳатдан бирор этносга яқинликни тан олмаслик фалсафаси жамиятни жисмонан яккалаб қўйгани, маълум маънода заифлаштиргани ҳам очиқ айтилади. Яқин тарихимиздаги қўшниларимизга қарши олиб борган сиёсатимиз биздаги миллий давлат ва миллат қуриш жараёнларини ортга суриб юборгани алоҳида таъкидланади.
Қ.Рафиқов ёзади: “Афсусланарли томони, бугун минтақадаги беш давлатда тарих фанининг беш хил, баъзи ўринларда бир-бирига мутлақо тескари версиялари ўқитилмоқда. Ҳолбуки, уларнинг ўтмиши бир эди”. Бу хилма-хиллик минтақадаги этнослар ўртасида бир-бировига ётсираб қарашга хизмат қилиши муаллиф томонидан афсус билан кўрсатиб ўтилади. Муаллиф идентлилик (кимлик ёки ўзлик) тушунчасининг асосини тил, маданият, тарих, тарихий хотира, дин ташкил қилишини таъкидлаб, буларни инкор қиладиган, мафкуравий вакуум жамият учун ҳам, давлат учун ҳам хатарли эканига алоҳида урғу беради. Бирор соҳада фикр ва муносабат эркининг йўқлиги, рухсат берилишига қараб ўйлаш мумкинлиги тараққиётга ғов бўлади. Лекин эгаманликнинг дастлабки чорагида мақолада айтилганидек: “...деколониал контексдаги кимлик, анъаналар силсиласи, ўтмиш, этник мансублик ёки миллат, миллий давлат тушунчаси ва ҳатто тарихий шахсларга нисбатан қарашларимизни ҳам ҳукмрон режим белгилаб берди. Ва қанчалик ғалати эшитилмасин, айнан шу қарашлари билан у ўзи инкор этаётган социал мафкуранинг “йўнилган” муқобилига айланди”. Чиндан шундай эди.
Мақолада Шавкат Миромонович томонидан қўшнилар ўртасидаги музларни эритиш, улар билан самимий муносабатларни тиклашга киришишнинг самараси ўлароқ, 2018 йилга келиб, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши иш бошлагани қайд этилади. Гарчи тузилма ярим институционал бўлса-да, узоқ йиллик танаффус ва ўзаро тушунмовчиликлардан кейинги бир-бирини англаш, фикрни бир жойга жамлаб олиш учун ўта муҳим платформа вазифасини бажаргани таъкидланади. Муаллиф: “Ўзбекистон бир асрлик тарихида илк бор ўзининг туркий этносга мансублигини расман эълон қилди”, деб ёзади ифтихор билан.
Олимнинг немис журналисти билан суҳбатда эгаманликнинг дастлабки йилларида юртимиздаги ҳолат ҳақида айтган: “...давлатнинг расмий тарзда ўзини ифода этадиган, эгаманлигини тасдиқлайдиган барча рамзлар: байроқ, герб, мадҳия, пул, армия, чегаралари бор, аммо уларга қўшимча яна қандайдир нотугаллик ҳам бордай эди. Ўзбекистоннинг давлат сифатида миллий “ким”лигидан бўлак ҳамма нарсаси бор эди. Унинг қалби — ўзлиги йўқ эди. ...У бир асрдан ортиқ вақт нари суғуриб олинган қалбини қидираётган, унингсиз ўзини нотугал ва норасо сезаётган эди” тарзида оғриқли, аммо ҳаққоний фикрлари ҳар қандай одамни жиддий ўйга толишга мажбур қилади. Муаллиф миллат ўзлигини қаердан излаши ва қандай топиши ҳақида жуда жиддий ва ғоят эҳтиросли фикр юритади. У шонли тарихга эга миллатнинг шу тарихга муносиб бугуни бўлиши кераклигини, бугунни эса жуда яхши ва ҳаққоний ўрганилган ўтмиш устигагина қуриш мумкинлигини, юртнинг шонли тарихи шунчаки хотира эмас, балки бугун ва келажак қурилиши керак бўлган пойдевор бўлиши лозимлиги янглиғ салмоқли фикрлар ҳароратли йўсинда ифода этилади. Президентимиз ташкил этаётган Янги Ўзбекистон эскисидан миллатнинг ўзлигини топишга йўналтирилгани билан фарқ қилишини таъкидлайди.
Китобдаги бир мақола “Бизни улуғ ғоя — ватан манфаати бирлаштиради” деб аталади ва унда мамлакат касаба уюшмаларининг ривожида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўрни қайд этилади. Муаллиф: “Рўй-рост эътироф этиш керак, нодавлат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмаларининг “ўзгариши” Ўзбекистон раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунларга тўғри келади. Президентимизнинг халқ давлат учун эмас, давлат одамлар учун хизмат қилиши керак деган инсонпарвар сиёсати мамлакатимиздаги нафақат давлат, балки жамоат ташкилотлари учун ҳам ўтли чақириқ бўлди”, деб ёзади ва бундай ёндашув нодавлат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмаларининг равнақига кучли сиёсий ва ҳуқуқий асос бўлганини қайд этади. Муаллиф Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганга қадар бўлган давлат ғояси: “Давлатми, нодавлатми — ҳар қандай ташкилот ва муассаса борки, битта “устун” ғояга бўйсундирилганди. Бу оёғи лойга ботиб қолган аграр соҳани қулоғидан тортиш сиёсати эди”, дея очиқчасига ёзади.
Қудратилла Рафиқовнинг китоби гарчи ўта жиддий ижтимоий-сиёсий ва амалий прагматик масалалар тадқиқига бағишланган бўлса-да, жуда тушунарли ва ҳазми осон йўсинда битилган. Бунга муаллиф ифода самимияти ва табиийлиги орқали эришган. Муаллиф ўқирман билан юзма-юз тургандай ёзади: “Сезиб турибман, мақоланинг сўнгги қисмлари сизни зериктирди. Энсангизни қотирган бўлса ҳам ажабланмайман. Руҳи, матндаги хронологик оҳанг совет ...даври кайфиятини эслатувчи айни йўналиш бугун ҳаётимизда фавқулодда “бегона”га айланиб қолгандек...”. Бундай дангал иқрор ўзига ишонган ёзар томонидангина қилинади. Негаки у кейинги ўринларда ўқирманни ўзига эргаштира олишига ишонади. Услуб жозибаси, ифода равонлиги, сўзларни ўринли қўллаш маҳорати китобнинг ўқишли бўлишига хизмат қилган.
Муаллифнинг “саноат қўқими”, “десоветизация”, “кунлаш” (ҳасад қилиш), “қўрли” (устувор, ҳурматли), “бонитет” (ер унумдорлиги), “акторлар” (ҳаракатдаги, фаолиятдагилар), “марказ”нинг қирмизи гумбазли саройлари”, “бузмакор” (деструктив), “тарих иконаси” (тарих ҳашами), “мультикультурализм” (кўпмаданиятлилик) сингари ўта кам ишлатиладиган сўзларни ўрнида қўллай билиши унинг ёзиқларига бетакрорлик бахш этган.
Мени бир ўқирман сифатида китоб муаллифининг битикларига сарлавҳа қўйиш маҳорати қойил қолдирди. Аввало, китобнинг номи бир неча маъноли экани билан диққатни тортади: уни “Миллатнинг шавкати” ёки “Миллатнинг шавкатли ўғли”, ёхуд “Миллатнинг Шавкат Мирзиёеви” тарзида тушуниш ва талқин қилиш мумкин. Қизиғи, бу версияларнинг ҳар бири ҳам битик моҳиятига тўла мос келади. Шунингдек, мақолаларнинг “Шавкат Мирзиёев: “Мен умримни шу халққа тикканман!”, “Бизни улуғ ғоя — ватан манфаати бирлаштиради”, “Бунёдкорликдан тафаккур ўзгариши сари”, “Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: йўқотилган қалбни излаб...”, “Уйғонаётган арслон”, “Кутиб ол, дунё” сингари тарзда номланиши кишини беихтиёр ўзига жалб этади.
Хуллас, бу китоб ўқирманни жамиятда юз бераётган ўзгаришлардан хабардор қилибгина қолмай, бу ўзгаришлар муаллифи бўлмиш Президентимизни унга яқинлаштиради, ҳамфикрга айлантиради.
Қозоқбой ЙЎЛДОШ,
Тошкент Амалий фанлар университети профессори,
педагогика фанлари доктори