Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида яшовчи 18 ёшли Ж.А. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 600.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Андижон вилояти Марҳамат туманида яшовчи 32 ёшли М.О. содир этгани аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, М.О., Ж.А. билан “Телеграм” мессенжерида танишиб, пулларни кўпайтириб беришини айтиб уни алдаб, ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига 600.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказдириб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.О.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.