Бугун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимидаги олий ва ўрта - махсус таълим муассасаларида 2023 – 24 ўқув йили учун абитуриентларни ўқишга қабул қилиш жараёнларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва бюрократик тўсиқларга барҳам бериш мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

Тадбирда қўмита Юридик таъминлаш бўлими бош мутахассиси К.Кариев ва 1 - бўлим бош мутахассиси А.Қамбаров, соҳалар проректорлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари, бўлим бошлиқлари, Қабул комиссияси ва Коррупцияга қарши курашиш “Комплекс назорат” тизимини бошқариш бўлими масъуллари иштирок этишди. 

Тадбирни университет ректори, профессор Юнусов очиб берди. 

  Давлат хизматчиси, хокимият вакили ёки мансабдор шахс ўз ваколатини суиистеъмол қилиши оқибатида келиб чиқадиган бу ҳолатлар, аввало фуқароларнинг жамиятга бўлган ишончига путур етказади.

Маърузачилар томонидан бу иллатнинг олдини олишда,  аввало аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини, хабардорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши ҳақида айтилди. Жумладан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда, шунингдек, қонуности меъёрий ҳужжатларимизда коррупцияни олдини олиш, унга жазо тайинлаш ва ҳоказо ҳолатлар хусусида батафсил маълумотлар берилганлиги ва ҳар бир фуқаро буни албатта билиши, ҳаёти давомида унга амал қилиниши лозимлиги хусусида фикр – мулоҳазалар баён этилди. 

Тадбир давомида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Норқобиловнинг видеомурожаати намойиш этилди. Ҳар қандай коррупцион вазият юз берганда, Ишонч телефонлари орқали қўмитага мурожаат қилиниши лозимлиги айтилди. 

Самарқанд шаҳар прокурори ёрдамчиси О.Ҳамроев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210 – моддаси бўйича содир этилган жиноятлар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлиши хусусида маълумот берди.  

Шунингдек, иштирокчилар эътиборига пораҳўрлик ва бошқа иллатлар акс этган видеоролик ҳам намойиш этилди.

Университетда қабул жараёнлари очиқ, шаффоф ҳолда ва талаблар даражасида ўтиши таъминланади, коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмайди. 

Бу ҳақида университет ректори, профессор Юнусов маълум қилди. 

Г.Бердиёрова

Ахборот хизмати