Дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда. Кўплаб ижтимоий-тарихий ва маданий-маърифий муштаракликлар ҳар иккала халқ учун бир хилда фахр-ифтихор манбаидир.

Жорий йил 19 июль куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Кўрфаз араб давлатлари — Марказий Осиё олий даражадаги биринчи саммитида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, азал алоқаларга алоҳида тўхталиб ўтди: “Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқларини азалдан яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва урф-одатлар, энг муҳими, муқаддас ислом динимиз чамбарчас боғлаб туради. Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда буюк мутафаккир ва аллома боболаримизнинг беқиёс хизматлари борлигини фахр билан эслаймиз. “Барча муҳаддисларнинг пешвоси” — улуғ аллома Имом Бухорий ана шундай сиймолардан биридир”.

Дарҳақиқат, Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Хожа Муҳаммад Порсо каби алломаларимизнинг илмий фаолиятида Макка ва Мадина шаҳарларининг ўрни беқиёс. Имом Бухорий бобомиз ислом оламидаги Қуръони каримдан кейинги муқаддас манба бўлмиш “Ал-Жоме ас-Саҳиҳ” (“Ишончли ҳадислар тўплами”) асарини ёзишни Макка шаҳридан бошлаган эди.

Маълумотларга кўра, етук олим Шайх Али Самарқандий ўн тўрт йил Маккада имомлик қилган. Ўтган асрларда муқаддас шаҳарлар зиёратига борган аждодларимизда ҳажнома ёки ҳаж сафари хотиралари ёзишдек гўзал анъана бўлган. Мазкур турдаги асарлар сирасига Ҳожи Абдураҳмон Самарқандийнинг “ар-Рисолатул мубарака табйину аҳволи Маккатил муаззама вал Мадинатил мунаввара” (“Маккаи муаззама ва Мадинаи мунавваранинг баёни ҳақидаги муборак асар”), Мирзо Олим Махдум ибн Домулло Мирзо Раҳим Тошкандий томонидан ёзилган “Дар баёни роҳи ҳаж” (“Ҳаж йўллари баёни”), Муҳаммад Солиҳ Охунд Тошкандийнинг “Ҳажнома”, Сулаймонхўжа Улуғхўжа ўғли Нодимнинг “Ҳажномаи Нодим” асарларида Жидда, Макка ва Мадинанинг иқлими, табиати, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётига доир қимматли тарихий маълумотлар келтирилган. Шунингдек, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳнинг “Ғаройибул хабар фи ажойибис сафар” (“Ажойиб сафардаги ғаройиб хабарлар”), Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг “Ҳаж сафари хотиралари”, Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Ҳаж сафари хотиралари”, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Саёҳат хотиралари”да ҳам муқаддас шаҳарлар тавсифи келтирилган.

1979 йилда Каъбатуллоҳнинг олтин эшигидаги ёзув ва безакларни ватандошимиз Абдураҳим Амин Бухорий (1917-1993 йй.) сулс хатида ёзиб берган. У 1917 йилда Қўқон хонлиги ҳудудида таваллуд топган. 20-йиллар бошида Саудия Арабистонига кўчиб келган, 60-йилларда Саудиянинг энг машҳур хаттоти сифатида шуҳрат қозонган.

2022 йилнинг 17-18 август кунлари давлатимиз раҳбари Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Мадинаи мунавварада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом тамаддуни музейи билан танишиш асносида юртимизда улуғ алломалар номи билан илмий марказлар ташкил қилингани, ислом маданияти обидалари асраб-авайланаётганини таъкидлаб, Саудия олимларини Ўзбекистонга келиб, бу борада ўзаро илмий ҳамкорликка даъват қилиши замирида ҳам ана шундай тарихий улуғ мақсад ётибди.

Албатта, ушбу алоқалар ривожида ҳаж ва умра сафарларининг аҳамияти катта. Хусусан, ўтган асрларда Туркистон мусулмонлари Макка ва Мадинага уч йўл — Эрон ва Ироқ, Афғонистон — Ҳиндистон — Ҳинд океани, Каспий денгизи — Озарбайжон — Грузия — Қора денгиз — Ўрта ер денгизи — Миср ва Қизил денгиз орқали боришган. Ушбу йўллар асрлар давомида халқимизнинг Арабистон билан ижтимоий, маданий, сиёсий, иқтисодий ва илмий алоқаларида муҳим роль ўйнаб келган.

Юртимиз мусулмонларининг ислом динининг муқаддас қадриятларига эҳтироми азал-азалдан доим баланд бўлган. ХХ аср бошларига қадар Макка ва Мадина шаҳарларида Туркистондан борган зиёратчиларнинг ҳаж ибодатини адо қилиш давомида қолишига мўлжалланган турли ҳомийлар, ҳукмдорлар томонидан ташкил этилган, вақф қилинган 27 та такя, яъни ўзига хос мусофирхоналар фаолият юритган. Улар Макка ва Мадина шаҳарларида моддий аҳволи ночор зиёратчилар учун Ўзбек, Бухоро, Нақшбандий, Марғиноний, Бухорий, Самарқандий, Тошкандий, Андижоний, Хўқандий ва Намангоний каби номлар билан фаолият кўрсатган.

Энг муҳими, ушбу мусофирхоналар ўзбек халқининг миллий маданияти, урф-одатларига мос равишда қурилган ва жиҳозланган бўлиб, дунёнинг турли гўшаларидан келган ҳожиларга хизмат кўрсатган.

Уларда мусофирлар учун ўзбек миллий таомлари тортилган ҳамда Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб каби ўзбек адабиёти вакилларининг шеърлари ўқилиб, ғазалхонликлар қилинган. Шу жиҳатдан ушбу мусофирхоналарни ўзбек миллий маданий масканлари ҳам дейиш мумкин.

Ёзма манбалар икки халқ ўртасида мустаҳкам илмий алоқалар изчил давом этганига далолат қилади. Хусусан, Хожа Муҳаммад Шафиъ Самарқандий томонидан Мадинаи мунаввара шаҳрида 1761 йилда “Дорул марҳамат” (Марҳамат даргоҳи) номли мадрасага асос солинган. Мадраса Мадина шаҳрининг Ҳажжамин кўчасида жойлашган бўлиб, у ерда имконияти чекланган талабаларга дарслар берилган.

Бухоро амирлиги ва Усмонийлар давлатида катта нуфузга эга бўлган Шайх Сулаймон Бухорий (1820-1890 йй.)нинг ўғли Абдураҳмон Бухорий томонидан 1867 йилда Мадина шаҳрининг Ҳабис кўчасида “Ал-Мадрасатул ўзбакиятил жадида” (“Янги ўзбек мадрасаси”) номли мадраса бунёд этилган.

Дарҳақиқат, халқларимиз ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун чуқур тарихий илдизларга эга имкониятлар мавжуд. Буларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни бундан-да мустаҳкамлаш учун имкондир.

Давлатимиз раҳбарининг Саудия Арабистонига сафарига доир хабарларни кузатар эканмиз, Президентимизнинг буюк аллома-аждодларимиз орзу-умидлари, хоҳиш-истакларига мос равишда халқимизнинг буюк тарихини тиклаш, бугунги куни шон-шуҳратини Учинчи Ренессанс пойдевори сифатида тарихга муҳрлаш борасидаги қатъий интилишларига гувоҳ бўламиз.

Бинобарин, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг бу масаладаги ҳақли ва адолатли эътирофи фикримизнинг яққол далилидир.

Мана шундай яқинлик ва мустаҳкам тарихий алоқалар, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳамкорлигига давлат даражасидаги эътибор бундан буён ҳам ҳар икки мамлакат халқлари манфаатларига мос фаровонлиги йўлида чуқурлашиб боришининг энг ишончли гаровидир.

Музаффархон ЖОНИЕВ,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

маркази директори в.в.б.,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)