Тадбир Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда вазирлик ходимлари, шунингдек, видеоконференц-алоқа орқали ҳудудий бошқармалар, тизимдаги корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати аввалида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Она тилим ўлмайди” шеърига тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамшид Эгамбердиев вазирликда давлат тилини ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган ишлар, хусусан, иш юритиш тўлиқ давлат тилида йўлга қўйилгани, «Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати» тайёрлангани, ходимлар давлат тилини билиш даражаси бўйича сертификатлар олиш учун мунтазам тест синовларида иштирок этиб келаётгани, шунингдек, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудлардаги филиалларига доимий равишда ўқиш учун юборилаётганини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти масъул ходими Рустам Турсунов ўзбек тилининг пайдо бўлиш ва ривожланиш босқичлари, она тилимиз нуфузини ошириш, вазирлик ва идораларда иш юритишни тўлиқ давлат тилида ташкил қилиш масалалари тўғрисида батафсил тўхталди.

Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов марказда давлат тилида иш юритишга ўқитиш борасидаги ишлар, ушбу йўналишда яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. Ушбу марказда бошқа миллат вакиллари ва хорижликлар учун ҳам ўқув курслари ташкил этилган. Бугунги кунда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортгани боис ҳатто чет давлатлардан ҳам бу борада мурожаатлар келиб тушаётганини алоҳида таъкидлаш керак.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори Азизжон Эминов жамғарма томонидан ўтган даврда нашр этилган давлат тилига оид китоблар хусусида тўхталиб, бугунги кунда Ўзбек тилининг миллий корпусини яратиш бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги «UNICON.UZ» ДУК томонидан тақдим қилинган лойиҳа устида иш олиб борилаётганини, вазирлик томонидан тайёрланган «Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати» яқин кунларда чоп этилишини ва ушбу луғат барча ташкилотлар учун зарур қўлланма бўлишини қайд этди.

Давра суҳбати сўнгида қатнашчиларнинг саволларига жавоб берилди.