«Бу муаммоларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида хавфли. Лекин улар бир бўлиб ҳаракат қилаётгани янада жиддий таҳдидни юзага келтиради», – деди Президентимиз.
Йиғилиш Тошкент шаҳрида ўтаётгани бежиз эмас. Сўнгги тўққиз йилда пойтахтнинг доимий аҳолиси 1 миллионга кўпайди, транспорт воситалари 2 карра ортиб, 800 мингга етди. Кунига яна 1 миллион одам келади, 350 минг транспорт кириб-чиқади.
42 та мактаб, 426 та боғча, қарийб 36 миллион квадрат метр савдо объекти ва 145 минг хонадонли уй-жой қурилди. Пойтахт иқтисодиёти 367 триллион сўмдан, унинг жон бошига йиллик ҳажми эса 116 миллион сўмдан ошди.
Яъни Тошкент шаҳри нафақат вазирликлар жойлашган маъмурий ҳудуд, балки республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлади. Бир сўз билан айтганда, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошди.
Қаерда ҳаёт сифати яхшиланса, даромад кўпайса, ўша ерда «енгил пул топиш» ҳаракатида бўлган жиноий тузилмалар ҳам фаоллашади. Жиноятнинг янги усул ва воситалари ҳам, энг аввало, шу ерда пайдо бўлади.