Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси очилди.

Маросимда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, пойтахт жамоатчилиги, Ҳосилбек билан елкама-елка хизмат қилган сафдошлари ҳамда марҳумнинг оила аъзолари иштирок этди. Тадбир давомида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимлар хотирасига бағишланган лавҳа ёнида қаҳрамонлар руҳи ёд этилди, улар пойига гулчамбарлар қўйилди.

Тадбирда сўз олганлар Ҳосилбек Эшназаровнинг фидокорона хизмат фаолияти, бурчга садоқати ва мардлиги ҳақида алоҳида тўхталди. Қайд этилганидек, у Ватан осойишталиги йўлида жон фидо қилган жасур ўғлонлар сафида муносиб ўрин эгаллади.

Ички ишлар вазири Ҳосилбекнинг ота-онаси — Бекназар ота ва Дилором опага мурожаат қилиб, бурчга садоқатли, мард фарзандни тарбиялагани учун шахсий таркиб номидан миннатдорлик билдирди. Таъкидланишича, давлат раҳбарининг ҳуқуқ-тартибот тизими ходимларига бўлган эътибори ва ишончи уларни янада фидойи хизмат қилишга ундамоқда.

Тадбирда Ҳосилбек Эшназаровнинг порлоқ хотираси давлат томонидан юксак эътироф этилгани ҳам алоҳида қайд этилди. Президент фармонига мувофиқ, у “Жасорат” медали билан мукофотланган бўлиб, мазкур мукофот Ички ишлар вазири томонидан унинг отасига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Президент совғаси сифатида Эшназаровлар оиласига уч хонали хонадон тақдим этилди.

Маросимда сўзга чиққан Ҳосилбекнинг сафдошларидан бири ўша машъум тунни эслаб, агар у жиноятчини ўз танаси билан тўхтатмаганида ҳодиса янада аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Бу эса унинг ҳақиқий жасорати ва бурчга садоқатини яна бир бор намоён этади.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 62-умумтаълим мактабида ҳам Ҳосилбек Эшназаров хотирасига бағишланган ёдгорлик барпо этилади. Бу маскан ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат тимсолига айланиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мустақиллик йилларида 118 нафар ички ишлар ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Ҳосилбек Эшназаровнинг номи ҳам ана шундай мард ва фидойи ўғлонлар қаторида зарҳал ҳарфлар билан битилди.

Бурч ва қасамёдига содиқ қолган ЙПХ инспектори Ҳосилбек Эшназаровнинг порлоқ хотираси халқ қалбида мангу яшайди.