Фарғонада муқим яшасам-да, 80 йиллик умримнинг тўртдан уч қисмини атоқли ёзувчи ва шоирлар Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Омон Мухтор, таниқли адабиётшунос олимлар Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Салоҳиддин Мамажонов, Умарали Норматов билан учрашиб, суҳбатлашиб, мазмунли ўтказиш бахтига эришдим. Бу хотиралар менга чексиз завқ-шавқ беради. Бундай учрашувлар, завқли онлар ҳақида ўйлаганимда, кўз ўнгимда Саид Аҳмад ака кўпроқ гавдаланади. У киши Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси, давлат мукофоти лауреати бўлса-да, табиатан хокисор, ҳазилкаш одам эди. Кўнглига маъқул тушган одамни ўзига яқин оларди. Мен шундай ажойиб инсон билан кўп марта учрашганим, суҳбатлашганим, назарига тушганим, асарлари ҳақида баҳоли қудрат фикр билдирганим билан фахрланаман. Ана шу фахрим, ғурурим, завқли онларим ҳақида газетхонларга сўзлаб беришни истадим.
* * *
Бу ажойиб инсон билан илк бор талабалик пайтим – ўтган асрнинг 60-йилларида учрашганман. Ўшанда шоир Сайёр Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими масъул котиби эди. У ҳаваскор ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, элга танитиш борасида кўп хайрли ишлар қилди. Сайёр ака Тошкентдан ижодкорлар таклиф қилар, ҳаваскорларни тўплаб, улар билан маҳорат дарслари ташкил этар, ажойиб суҳбатлар қуриш имконини яратиб берарди. Вилоятга ўз иши ёки бирор топшириқ бўйича келган атоқли адиблар билан ҳам вилоят газетаси таҳририяти биносида учрашувлар ўтказарди.
Бир гал Саид Аҳмад келди. Ўша пайтда шоир бўлиш орзусида юрган ҳаваскорлар – Топил Жалолов, Эргашали Ортиқов, Ҳотам Қўшоқов, Малика Мирзаева, Фарида Қўшоқова, Абдураҳмон Жўраев, Аҳмаджон Иброҳимов, Насриддин Охунжонов ва мен тўгарагимиз раҳбари Маҳмуджон Абдуллаев бошчилигида таҳририят биносига учиб бордик. Бир пайт хонага жингалак сочлари патила-патила, қирра бурунли одам кириб келди. Бир ёнида Сайёр ака, бир ёнида Йўлдош ака. Уларнинг юзи-кўзида табассум, лекин ўртадаги одам жиддий. Таништирганда билдикки, у Саид Аҳмад экан!
Давра қурдик. Саид Аҳмад ўртада, икки ёнига қизлар ўтирди. Кўпчилик шеър, кимдир кичик ҳикоясини ўқиди. Саид Аҳмад ака ҳар биримизга тегишли маслаҳатлар берди. Бир пайт газета сураткаши Мамажон ака кириб келди-да, эсдалик учун суратга олмоқчи бўлди. Аппаратини созлаб, Саид Аҳмад аканинг ёнидаги қизларга яқинроқ ўтиришни сўраб, қўли билан ишора қилди. Ёзувчи дарҳол чап томонидаги Фаридахонга қараб, “менга суйкалиброқ ўтирар экансиз!” деди. Бўлди кулги, бўлди кулги! Иккинчи кадрга олишида энди Маликахонга “Менга ишқалиброқ ўтиринг!” деб ҳаммани кулдирди.
Катта ёзувчининг қизларга нисбатан бу қилиғи менга негадир маъқул бўлмади. “Шундай катта ёзувчи қизларга шилқимлик қилиб турса-я”, деб ажабландим. Кейин Саид Аҳмад акани яхши билганим сари фикрим ўзгариб борди. Бу устоз ёзувчининг одатдаги ҳазили, беғубор “шўхлиги” экан.
Саид Аҳмад билан бизни ростмана яқинлаштирган иккинчи учрашув институтда ишлаб юрган йилларимда рўй берди. Ёзувчи 50 ёшга кирган йили тенгдош дўсти Мирмуҳсин билан Фарғонага келди. Институтда учрашув ташкил қилдик. Тадбирда ёзувчи ижоди ҳақида маъруза қилиш учун менга сўз берилди. Минбарга яқинлашаётганимдаёқ Саид Аҳмад ака мени кўриб, “Воҳ, буни қара-я, бутун Ўзбекистонда битта мен гўзалман деб юрсам, сенам боракансан-ку!” деди. Залда гур-р кулгу кўтарилди. Айниқса, Саид Аҳмаднинг таъбири билан айтганда, Фарғонада туриб қаҳқаҳа урса, Тошкентни зириллатадиган кулги чемпиони Йўлдош Сулаймоннинг овози ҳамманикини босиб кетди.
Мен ҳам бўш келмай, “Ҳа, энди, сиздек димоғдор акамизнинг ортидан биздек пучуқ укаларингиз ҳам чопиб келяпмиз. Фарғонада Анвар Обиджон деган яна битта укангиз бор. Вақти келганда таништириб қўяман”, дедим. Кейин айтганимдан ҳам зиёда бўлди. Анваржон Тошкентга кўчиб боргандан сўнг Саид Аҳмад ака билан мендан ҳам қадрдонроқ бўлиб кетди. Хуллас, учрашув жуда юқори савияда ўтди. Кузатаётиб, институтнинг бош биноси олдида эсдалик учун суратга тушдик. Унда Саид Аҳмад икковимиз бир-биримизга қараб, кулишиб турган қиёфада тушибмиз. Унинг ёнида Мирмуҳсин, чап тарафимда кафедрамиз мудири, устозим Акрамжон Иброҳимов, доцент Хатибахон Ҳакимова ва атрофимизда ўнлаб талабалар.
Орадан ўн йил ўтиб, ёзувчимиз 60 йиллик юбилейи муносабати билан яна Фарғонага келди. Дастлаб Тошлоқ, Ёзёвон, Марказий Фарғонанинг янги ўзлаштирилаётган ерларида бўлиб, таниш-билишлари, қадрдонларини зиёрат қилиб, мухлислари билан учрашди. Кетиши олдидан яна институтда тадбир ташкил этдик. Одатдагидек расмий табрик нутқларидан кейин яна менга сўз берилди.
Саид Аҳмад ака бор жойда ҳазил-мутойиба, кулги, аския бўлмаслиги мумкин эмас. Шуни билганим учун аввалдан мен ҳам “ўқланиб” келгандим. Ўйлаганимдек, чиқишим биланоқ акам “Ўҳ-ў, бормисан, укам? Менданам чиройинг очилиб кетибди-ку!” деди. Машварат кулги билан бошлангани учун мен ҳам ўша руҳда давом эттирдим ва қўлимдаги суратимизни кўрсатиб, дедим: “Ака! Мана бу суратни эслайсизми? Роса ўн йил олдин тушгандик. Буни кўриб, болаларим “Мана бу амаки ким? Сизга ўхшар эканлар. Қачон бизникига келадилар?” деб сўрашяпти. Мен уларга “Бу амакинг бизга бепарвороқ, менга ўхшаган укалари, сен каби жиянлари сероб”, дедим.
Хуллас, пича аскиялашгандан кейин ёзувчи ижоди ҳақида билганларимни гапирдим. Бу тадбир ҳам жуда файзли ўтди.
Саид Аҳмад ака ўз истак-хоҳиши билан Фарғонага кўп келарди. Чунки умр йўлдоши Саида Зуннунова андижонлик эди. Бундан ташқари, бу ерда унинг Фарғона афандиси деб ном олган қадрдон дўсти Адҳам Ҳамдам, хушчақчақ укаси Йўлдош Сулаймон бор эди. Учовлари бир бўлса, тамом, ичакузди латифаю аския авжига чиқарди.
Кўп келишига яна бир асосий сабаб, ўша пайтда ёзувчи “Уфқ” трилогияси устида астойдил ишлаётганди. Учта романда бўлиб ўтган воқеалар ва уларнинг асосий иштирокчилари Фарғона ва фарғоналиклар –Тошлоқ, Ёзёвон, Марказий Фарғона ҳудудида яшайдиган одамлар. Ёзувчи ўзининг тирик қаҳрамонлари билан тез-тез учрашиб, ҳикояларини тинглар, характерини ўрганарди. Шулардан бири Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Ёзёвон чўлларини ўзлаштириб, янги жамоа хўжалиги ташкил этган ва умрининг охиригача раислик қилган Холматжон ака Марозиқов эди.
Не бахтки, мен ҳам бу одамни кўришиб, суҳбатлашганман. Биз, талабалар сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигидаёқ пахта теримига сафарбар этилардик. Уч йил Холматжон Марозиқов раис бўлган жамоа хўжалигида янги йил арафасигача пахта тердик. Раис ҳашарчилардан тез-тез хабар олиб турар, яхши шароит яратиб беришга уринарди. Нима керак бўлса, айтганимиздан зиёда қилиб берарди. Ҳатто ўқитувчиларга хизмат қиладиган алоҳида ошпаз ажратиб берганди. Шу пайтгача домлалар талабаларнинг умумқозонидан тановул қиларди. Ўрта бўйли, кител ва бабақ чўнтакли шим, кирзавой этик кийиб юрарди. Ўзига ишонган, қатъиятли, одамшаванда инсон эди. Бу хусусиятлари романда аниқ акс этган.
Айни чоғда ёзувчи “Қирқ беш кун” романидаги қочоқ Турсунбой яшириниб ётган тўқайзорни, “Ҳижрон кунларида”ги қамишзорга ўт ёқиш воқеалари тасвирланган жойларни айнан Холматжон ака билан биргаликда кўрган, кузатган. Шунинг учун ҳам бу лавҳалар ниҳоятда ишонарли ва таъсирчан чиққан. Романда бу киши ўз номи билан берилади. Холматжон ака оламдан ўтгунча Саид Аҳмад билан борди-келди қилиб турди.
У вафоти олдидан ўғиллари, жиянлари ва қариндош-уруғларига ёзувчини ҳар доим йўқлаб туришни васият қилган экан. Васият бажарилиши шарт бўлган амаллардан. Шунинг учун Холматжон аканинг болалари, яқинлари улуғ ёзувчидан мудом хабар олиб турган. Шулардан бири ҳамкасбим, Фарғона давлат университети доценти Исмоилжон Ҳожиалиев бўлиб, менга ёзувчини йўқлаб борганида рўй берган қуйидаги воқеани айтиб берганди:
“Бир гал борсам, қизи Нодира опа “Дадам бетоблар, ҳеч кимни қўймаяпмиз”, деб рўйхушлик бермади. Мен олиб келган мева-чеваларни узатиб, “Тошлоқдан келишган экан дерсиз”, деб ноилож қайтишга мажбур бўлдим. Озгина юрганимдан кейин опанинг “Ҳой, ука, тўхтанг!” деган овозини эшитдим. У ортимдан етиб келиб, “Юринг, адам сўраяпти”, деб йўлдан қайтарди. Кирсам, чиндан ҳам домла анча мазаси йўқ, ётган экан. Қаддини зўрға кўтариб, мен билан кўришди. Ёнига ўтириб, ҳол-аҳвол сўрадим. Нодира опа чой олиб келди. Мен пиёлага чой қуйиб, энди қайтариш учун чойнакнинг қопқоғини очмоқчи бўлувдим, “Тўхта-тўхта! Пиёладаги чойни менга бер”, деди домла. Ҳайрон бўлиб узатдим. “Ана энди ўн марта бўлса ҳам қайтариб ичавер. Сиз фарғоналиклар чойни қайтармай ичолмайсизлар. Биз тошкентликлар эса қайтармай ҳам ичаверамиз. Тоғанг раҳматли ҳам шунақа эди”, деди. Ишонасизми, мени кўриб, тоғамни ва бошқа танишларини эслаб, бирдан тетиклашиб қолгандай бўлди. Анча гаплашиб ўтиргач, мен чиқиб кетдим.”
Шунингдек, Райимберди ота Тўхтабоев, исми ўзгартириб берилган Икромжон, Жаннат хола, уларнинг арзанда ўғли Турсунали, паҳлавон йигит Азизхон, жисмонан ожиз бўлса-да, ор-номуси кучли бўлган Акбарали, тенгсиз хасис Иноят оқсоқол, унинг қарғишидан қўрқиб, жиноятчи сифатида жазолай олмай армонда қолган милиционер... Буларнинг барчаси ёзувчининг қадрдонлари эди. Шунинг учун ҳам улар асарда ҳаққоний тасвирланган.
Мен буни адибнинг “Қирқ беш кун” романини уйдагиларга ўқиб берганимда янада яхшироқ билиб олганман. Ота-онам ҳам, амакиларим ҳам, борингки, қишлоғимизнинг барча аҳолиси канал қурилишида фаол иштирок этишган. Чунки канал мен туғилган Булоқбоши қишлоғининг ўртасидан кесиб ўтган. Улар романда тасвирланган воқеаларни “Ия, буни қара-я, худди шуниси бизда бўлган-да! Ўша Иноят оқсоқолни биз ҳам кўрганмиз. Икки ёнига хуржун осилган эшак миниб келарди”, деб ўтирарди. Бу Саид Аҳмад услубининг халқона эканидан дарак беради.
1996 йили Саид Аҳмаднинг суюкли рафиқаси Саида Зуннунова таваллудининг 70 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди. Одатдагидек опанинг юбилей тантаналари ҳам водийдан бошланди. Май ойлари бўлса керак, Саид Аҳмад ва қизи Нодирахон бошчилигида бир гуруҳ адиблар Фарғонага келишди. Тантанали йиғилишни ўтказиш учун катта мажлислар залига йиғилдик. Икки юз кишилик залга одам сиғмай қолди. Вилоят ҳокимлиги, университет раҳбарияти табрикларидан кейин менга сўз берилди. Мен аввал истеъдодли адиба Саида Зуннунованинг ижоди, асарларининг ўзига хослиги, уларда кўтарилган муаммоларнинг давр учун долзарблиги ҳақида гапирдим-да, Саид Аҳмад акага қараб, сўзимни бундай давом эттирдим:
“Саид Аҳмад ака! Қуйидаги гапларим билан мабодо кўнглингизга озор етказиб қўйсам, мен нодон укангизни маъзур тутгайсиз. Опамиз 50 ёшга кириб-кирмай оламдан ўтди. Бу кўргулик сизга қаттиқ таъсир қилди. Аввало, сиз билан Саида опамнинг бир-бирингизга бўлган меҳр-муҳаббатингиз, вафо-садоқатингиз ҳали бирор жойда ёзилмаган достон, айтилмаган қўшиқ, ёшлар учун буюк ибрат мактаби эканини ҳайқириб айтгим келади. Мана, 20 йилдирки, суюкли маҳбубангиз руҳини шод этиб, танҳо яшаб келаётирсиз. Эркак кишига осон эмас. Саида опамнинг ўзи вафодорликнинг тирик маъбудаси эди. Унга бағишланган хотира-эссенгиздан билишимча, Саида опа бошига не-не оғир кунлар тушса ҳам севги уйининг остонасини покиза сақлаб, сизни кутган. Шоира опамиз шеърларидан бирида бежиз бундай ёзмаган эди:
Хиёнат, ғийбатни билмадим сира,
Нодонлик йўлига қўймадим оёқ.
Ишқим бўлсин дедим нурдек покиза,
Балки шунинг учун сочимдаги оқ.
Ҳа, Саида опа ишқини нурдек покиза асраб ўтди. Сиз ҳам вафо-садоқатда у кишидан қолишмайсиз. Агар мен ҳайкалтарош бўлганимда, вафодор эркак тимсолини ҳеч иккиланмасдан сизнинг қиёфангизда яратган ва унинг пойига мана бу сатрларни ёзиб қўйган бўлардим”, дедим-да, шеъримни ўқиб бердим:
Бир йигит умрини яшадим сенсиз,
Гоҳо шарбат ичиб, гоҳ заққум ютиб.
Сочларим оқарди, қаддим букилди,
Ишқимни нур каби покиза тутиб...
Хиёнат нелигин билмагай хилқат,
Кўзимда нур борки, сени кутаман.
Ҳаётим йўлини ёритган чироқ
Ўзингсан, бир умр интиқ ўтаман!
Овозим титраганча ўқиб бўлиб, Саид Аҳмад акага қарадим-у, бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Адибнинг кўзлари жиққа ёшга тўлган эди!
Сўзимни тугатиб, жойимга қайтаётганимда у ўрнидан турди ва менга қараб, “Йўлдошали! Шу шеърингни менга бергин”, деди. Мен бажону дил машинкада ёзилган нусхани устозга узатдим. Билмадим, бу шеър унинг архивида сақланганми-йўқми, лекин мен Саид Аҳмад ака 85 ёшга кириши муносабати билан хат шаклида ҳазил-мутойиба аралаш ёзилган табрикномамда ҳамда “Мен сиздан сабоқ олдим” китобимда “Назарингизга тушганимдан бахтиёрман” сарлавҳаси остида эълон қилдим.
Менинг “ХХ аср 80-90-йиллари ўзбек насрида бадиий нутқ поэтикаси” мавзусидаги докторлик диссертациямнинг тадқиқот объектларидан бири Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик” романи эди. Бу роман 80-йилларда бошланган бўлса ҳам замон ўзгариши туфайли ўн йил мобайнида қайта-қайта ишланди. Чунки унда кўтарилган мавзу ва муаммо ўта долзарб ва нозик эди. Бундан ташқари, романда ўша даврнинг машҳур шахслари асосий қаҳрамон қилиб олинган эди.
Саид Аҳмад ушбу романида том маънодаги психолог-адиб сифатида намоён бўлган. Ёзувчи қаҳрамонларининг руҳий дунёсини ишонарли очиш учун кўпроқ ташқи унсурларга – нарса ва предметлар иштирокига алоҳида эътибор беради. Персонаж атрофидаги табиат, нарса ва буюмлар, интерьерлар кўриниши, жойлашуви, тасвири орқали қаҳрамоннинг ички дунёсига чуқурроқ кириб бораверади...
Шу жиҳат мени хотиржам қиладики, диссертациямда адиб асарига оид илмий қарашларимни ўзига ўқиб бериб, муносабатини сўраганимда, “Мана шу жойини жуда топибсан-да, баракалла! Тағин мақтаганим учун бурнинг кўтарилиб кетмасин”, деганди. Ўзи Саид Аҳмад ака билан қадрдон ака-ука бўлишимизга бурундошлигимиз сабаб бўлган. Акамиз “Ўзбекистонда учта гўзал бор. Биринчиси– мен, иккинчиси – сен, учинчиси – Анвар Обиджон. Ҳеч қайси халқ адабиётида бунақа учта гўзал инсон йўқ. Рус адабиётида битта Гогол бор, шунинг учун яккалигидан кўнгли ўксиб, суратга бошини эгиб тушган. Сенлар бошингни (бурнингни эмас!) баланд кўтариб юрларинг. Мендек аканг бор!” деб рағбатлантирарди.
Саид Аҳмад 60 ёшга кириши муносабати билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони берилди. 1984 йилда Фарғонага келганида, биз яна бир тадбир ўтказиб, ёзувчини кафедрамизнинг фахрий профессорлигига қабул қилдик. “Ана, ака, сизни ўзимизники қилиб олдик”, деб мақтандим. Кейин Тошкентга борганимда кўришиб қолсак, “Ака, ойлигингиз тўпланиб қолди. Қачон бориб олиб келасиз?” дердим. “Тўланмайдиган ойликни сенга бердим, укам. Ўша ойлик ҳисобидан ҳар келишингда Чўнғара девзирасидан обкесанг бўлди”, деб ҳазиллашарди.
Айтиб қўйишим керакки, Саид Аҳмад Дўрмондаги уйида қанчадан-қанча шогирдларию, ошна-оғайниларини ўзи дамлаган палов билан меҳмон қилган. Фарғонага борса, Чўнғара девзирасидан, Андижонга келса, Ўзганнинг қорақилтириғидан мўл-кўл олиб, ўзи кўтариб келарди. Ҳузурини эса бошқалар кўрарди. Уларнинг яйраганини кўриб, акамиз ҳузурланарди.
Шахсий кутубхонамда Саид Аҳмаднинг ҳамма китоблари бор. Уларнинг аксариятига ёзувчи ўз қўли билан кула-кула дастхат ёзиб берган. Улардан иккитаси мен учун, айниқса, қадрли. Мана, шулардан биринчиси: “Йўлдошали! Сиз билан бурундош бўлганимдан бахтиёрман!” Имзо. 8.05.1980 (“Уфқ” романига ёзилган). “Тошларда қотган ҳайрат” китобига ёзилган дастхат эса устозимнинг менга берган юксак баҳоси ва буюртмаси деб биламан: “Йўлдошали укам! Катта-катта, қалин-қалин китобларингизни кўриб, қувониб юрай. Сиз адабиётимизнинг бир фидойи, жонкуяр қаламкашисиз. Илоё, худо сизга катта омад берсин. Омин!” Имзо. 18.Х1.2006.
Вафотидан атиги бир неча ой олдин билдирилган бу тилак зиммамга катта масъулият юклайди. У ҳар доим тирикдек, мени кузатиб, “Нима қиляпсан? Ёзяпсанми?” деб сўраётгандек туйилаверади. Мен ҳаёт эканман, меҳрибон устозимнинг хотираси қалбимдан ҳеч қачон ўчмайди, асарлари сингари мангу яшайди.
Йўлдош СОЛИЖОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.