Олдинги тадқиқотлар қаҳва ёки чойни ўртача миқдорда истеъмол қилиш яллиғланишни камайтириши ва қон-мия тўсиғини яхшилаши мумкинлигини кўрсатди, бу иккала омил ҳам деменция хавфини камайтириши билан боғлиқ. Янги тадқиқотда тадқиқотчилар кофеинли ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш ва ушбу касалликнинг ривожланиш хавфи ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор-йўқлигини текширишди.
Таҳлил қилиш учун UK Biobank маълумотлар базасидан фойдаланилди, унда 500 мингдан ортиқ одамнинг соғлиғи тўғрисида маълумотлар мавжуд. Тадқиқотчилар гипертония ёки юрак-қон томир касалликлари мавжудлиги каби омилларни ҳисобга олган ҳолда мунтазам қаҳва ёки чой ичиш ва деменция хавфи ўртасидаги муносабатни ўрганиб чиқишди, деб хабар беради lenta.ru.
Натижалар шуни кўрсатдики, гипертония билан оғриган одамларда деменция ривожланиш хавфи юқори бўлган, бироқ кунига мунтазам равишда ярим, бир чашкагача қаҳва ёки чой ичганларда бу ичимликларни ичмайдиганларга қараганда камроқ хавф юзага келган.
Бундан ташқари, қаҳвани тайёрлаш усули бу борада аҳамиятли экани маълум бўлди: масалан, қаҳва донларини майдалаган ҳолда қаҳва тайёрлаб ичганларда бу янада кўпроқ фойда берди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, мунтазам қаҳва истеъмол қилиш гипертония билан оғриган одамларда яллиғланишни, деменция хавфини камайтиради.
Тадқиқотчилар уларнинг хулосалари корреляцияга асосланганлигини ва кофеинни истеъмол қилиш гипертонияга чалинган одамларда деменция хавфини камайтиришини тасдиқлаш учун кўпроқ тадқиқотлар кераклигини таъкидлашди.