Ўзбекистон валютасини сохталаштириш учун Ғиждувон туманининг Шарқ маҳалласида яшовчи С.А., Навоий вилояти Қизилтепа тумани Маликобод маҳалласида яшовчи Ш.Б., қўшни маҳалланинг Ф.Хўжаев кўчасида яшовчи Д.А. ва А.Д.лар олдиндан жиноий тил бириктиради.
Бунинг учун улар Бухоро шаҳри А.Темур кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирини вақтинчалик ижарага олади.
Хонадонда «Epson L-3100» русумли рангли принтер ёрдамида 100 минг сўмлик пул купюраларини ясаб, қалбаки пулларни савдо дўконлари ва фуқароларга ўтказади. Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, тезкор тадбирда улар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан ушбу жиноий гуруҳнинг 4 нафар аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.