Бизга истиқлол неъматини бахш этган кунларга мана, вақт ўтиб 33 йил тўлибди. Навқирон ёшлик палласини англатувчи бу давр мобайнида диёримизда узоқни кўзлагувчи, оқилона ва одилона сиёсат юритиб, халқимизни эзгу ғоялар, ҳаётбахш тамойиллар асосида Янги Ўзбекистонни бунёд этишга чорлаётган Муҳтарам Президентимиз катта ислоҳотларни бошлаган. Бу ўзгаришлар юртимизда ҳар бир соҳанинг қайта тараққий этишига таъсир этмоқда ва инсонлар ҳаёти тобора фаровонлашиб, эртанги кун бундан-да порлоқ бўлишига янгидан-янги умидлар уйғотмоқда.

Хусусан, севимли даргоҳимиз — Фарғона давлат университетида фаолият олиб борар эканмиз, олийгоҳ ҳам Давлатимиз раҳбари ислоҳотлари натижасида бугун гуллаб-яшнамоқда. Талабаларга сифатли таълим бериш, ёшларга олий даражада таълим хизматларини кўрсатиш ишлари ректоримиз ташаббускорлигида тубдан ислоҳ этилиб, университетнинг илмий салоҳияти кундан-кундан ортиб бормоқда.

Жумладан, бизнинг “Тасвирий санъат” кафедраси фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Мазкур кафедрадаги бадиий кулолчилик йўналиши учун махсус лаборатория жиҳозлари, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, рангтасвир (дастгоҳли) йўналиши учун зарур ўқув жиҳозлари келтирилиб, санъатшунослар аҳли меҳнат шароитлари аъло даражада давом этмоқда. Таниқли кулоллар, маҳаллий усталар билан шартномалар имзоланиб, “устоз-шогирд”лик анъаналари асосида талабаларнинг амалий машғулотлари кучайтириб борилмоқда. Кафедра қошида кучли салоҳиятга эга, тажрибали устоз-ижодкорлар фаолиятини жамоа ҳамда талаба-ёшларга тарғиб этиш мақсадида “Ўзбекистон Қаҳрамони“ Ўзбекистон халқ артисти, профессор — Муножот Йўлчиева хонаси, Ўзбекистон Бадиий Академияси раҳбари Акмал Нур ижодхонаси, ташкил этилди. Халқимиз суйган ва самарали ижод қилиб келаётган устоз санъаткорлар билан ёшлар ўртасида мунтазам равишда учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда кафедра қошида “Кулолчилик маҳсулотларини яратишда табиий ва кимёвий ранглардан хусусиятини ўрганиш”, “Тасвирий санъат” ўқув курси илмий марказлари фаолият олиб бормоқда. Талабаларни ишлаб чиқаришга жалб этиш, илмни тижоратлаштириш орқали ёшлар учун кўплаб янги иш ўринлари, даромад манбаини яратиш мақсадида кафедрада кўплаб янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда.

Қувонарлиси, ёшларимизда ўқишга иштиёқ, руҳ баланд ва ўз таълим йўналишига бўлган қизиқишлари юқори. Айтиш керакки, бундай талабаларимиз кўплаб халқаро ва республика танловларида фаол иштирок этиб, ўз иқтидорлари билан дунё саҳналарига чиқмоқдалар. Ўзбекистон Бадиий Академияси “халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали”да 1-даражали олтин медални қўлга киритган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва Туризм “Арт & Мусиc Пленер” ижодий лойиҳаси ғолиби Фазлиддин Анваров каби талабаларимиз, шунингдек, кўплаб номдор, ички стипендиялар соҳиби бўлаётган ёшларимиз натижалари бунга мисол бўла олади. Бу ютуқлар эса барчаси истиқлолнинг, Янги Ўзбекистон асосчиси бўлган юртбошимиз олиб бораётган ислоҳотларнинг мевасидир.

Барчиной ҚУРБОНОВА,

ФарДУнинг Тасвирий санъат кафедраси мудири,

PhD