Шу билан бирга, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларга нисбатан қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш пайтида гумон қилинувчи ёки айбланувчини тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан аввал, уларни тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини жорий этиш зарурияти туғилди.

Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, ушбу йўналишда 2025 йил 26 июнда яна бир муҳим ҳуқуқий ҳужжат – “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонунга қийноқларнинг олдини олишга қаратилган янги норма киритилди

Суд-тергов амалиётида кузатилаётган айрим муаммолар ушбу нормани қабул қилишни объектив заруратга айлантирди ва уни қабул қилишга бир қатор омиллар туртки бўлди. Хусусан, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда қийноқларга қарши кураш бўйича қатор қонунчилик ва институционал чоралар кўрилган бўлса-да, амалиётда айрим ҳолларда гумон қилинувчилар ёки айбланувчиларга нисбатан шафқатсиз муомала ёки қийноқ ҳолатлари учраб турибди. Айниқса, шахс қамоққа олинган ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган дастлабки босқичда уларга ноқонуний таъсир ўтказиш ҳолатлари содир этилиши эҳтимоли юқори ҳисобланади.

Шу сабабли, қийноқ ва бошқа ғайриинсоний муомалага қарши курашиш мақсадида тергов ҳибсхонасига келтирилган шахсни шу ернинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни мажбурий норма сифатида белгилаш долзарб вазифага айланди. Бу инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишбилан бир қаторда, тергов органлари фаолиятида шаффофлик ва қонун устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур Қонун билан 2011 йилда қабул қилинган «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Қонунга 271-моддакиритилиб, унда қуйидаги масалалар белгиланмоқда:

а) қамоққа олинган шахс тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин, икки соат ичидатиббий ходим томонидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади;

б) тиббий кўрик жараёнида тиббий кўрикдан ўтаётган шахс билан бир жинсдаги ходим иштирок этади, бунда агар шахс хоҳласа, тиббий кўрикда адвокати ҳам иштирок этиши мумкин;

в) тиббий кўрик натижаси маълумотноматарзида расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси шахсий ҳужжатлар тўпламига, иккинчиси эса шахсни олиб келган ходимларга берилади;

г) агар тиббий кўрик жараёнида шахснинг танасида жароҳатлар, шикастланишлар, ёралар аниқланса, улар расмий қайд этилиб, прокурорга дарҳол хабар қилинади.

д) қамоқдаги шахс маълум процессуал ҳаракатлар ўтказиш учун бошқа жойга олиб чиқилгандан кейин қайтиб келганидан сўнг яна тиббий кўрикдан ўтказилади.

Мазкур тартибнинг жорий этилиши жиноят-процессуал фаолиятда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қийноқ ҳамда шафқатсиз муомалаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Қамоққа олинган шахсларни тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш ва зарур ҳолларда прокурорга хабар бериш орқали тергов жараёнида юзага келиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш имкони яратилади.

Маълумот учун: мазкур тартибни назарда тутувчи Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2025 йилнинг 26 сентябрь кунидан кучга киради.

Хулоса қилиб айтганда, қамоққа олинганларни тергов ҳибсхонасида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни назарда тутувчи янги норма инсон ҳуқуқларини таъминлашда яна бир муҳим қадамдир. Бу нафақат қийноқларнинг олдини олиш, балки қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда адолат ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

 

Тошкент давлат юридик университети

ўқитувчиси Қудратиллаев Хазратали

Тошкент давлат юридик университети

ўқитувчиси Махмудов Суннат