Республика Маънавият ва маърифат марказида Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданий бирлашмалари "Дўстлик" ҳамжамияти раиси, Амир Темур халқаро хайрия жамғармасининг Қозоғистон Республикаси бўлими раҳбари Икромжон Ҳошимжонов, Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети проректори Наримон Нурпеисов ҳамда мазкур университет доценти, Қозоғистондаги ўзбек мактаблари учун "Ўзбек тили", "Ўзбек адабиёти" дарсликларининг муаллифи Шаҳло Норалиева, А. Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Давлатёр Жумашев, Ўзбек давлат Хореография академияси катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Ҳулкар Ҳамроевалар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбек ва қозоқ халқларининг тарихи ҳам, турмуш тарзи ҳам азал-азалдан муштарак. Бу ҳол бу икки оға-инилардек қардош халқларнинг феъл-атвори ва собитқадам интилишларида ҳам ўз инъикосини топган. Шунинг учун ҳам, аҳил-иноқ қўни-қўшнилик, қуда-андачилик каби эзгу сифатлар, азалий анъана ва қадриятлар бу икки тарих синовидан ўтган халқ вакилларига ярашади.
Дўстона учрашувда Марказ раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо ўзбек ва қозоқ халқлари дўстлиги ва бирдамлигининг мустаҳкамланишида адабиёт, санъат ва маданиятнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб, “Ўзаро маданий-маърифий алоқаларимиз бундан буён ҳам изчил равишда давом эттирилаверади, биз тажриба алмашишга ҳамиша тайёрмиз”, – деди.
Меҳмонларга ўзбек халқининг ардоқли фарзандлари – Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Маҳмуд Ҳодиев Боту, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исҳоқхон Ибрат каби маърифатпарварлар-жадидчилик ҳаракати намоёндалари қаламига мансуб китоблар жамланмаси совға қилинди.