Бугун халқимиз Туркия Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини юксак миннатдорлик билан хотирлайди. Тарихдан илдизлари туташ бўлган бу икки қардош миллатнинг ҳамкорлиги қондошлик ришталари билан боғланган.
Қардошларимиз ўзбек диёридан етишиб чиққан буюк алломаларга ўз даврида катта адабий муҳит яратиб берган. Жумладан, машҳур астроном ва математик Али Қушчи, аниқ фанлар бўйича етук олим Мирим Чалабий турк илмий-маърифий муҳитида камолга етгани тарихий ҳақиқат. Маданий ва адабий алоқаларимизни тарих зарварақларига муҳрлаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий хотираси бугун турк элида ҳам азиз ва суюклидир.
Айниқса, тарихда жадидлар деб ном олган, илм машъалини миллат қўлига тутказган, Туркистон элини ғафлат уйқусидан уйғотган ўзбек маърифатпарварлари ҳам айнан турк заминида таълим олган, ўз қарашларини шакллантириб, бир ғоя, бир мафкура атрофида бирлашган.
Сўнги йилларда икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати натижасида ҳамкорлик борасида мутлақо янги саҳифа очилди. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ўртасидаги қатор учрашувлар ўтказилди. Жумладан, 2017 йил май ойида Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” форуми, сентябр ойида Остона шаҳрида ташкил этилган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси, мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилгани шулар жумласидан.
Ҳозир Туркия савдо ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи ҳамкори саналади. Қолаверса, сўнгги тўрт йилда турк сармоядорлари иштирокида юртимизда фаолият юритаётган корхоналар сони 1,5 мингтадан ошди.
Туркиянинг ривожланган саноати, қишлоқ хўжалигида эришган ютуқлари, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси ва турк сармоядорларининг Ўзбекистон бозорига табиий қизиқиши ортиб бораётгани мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг денгиз портлари орқали жаҳоннинг янги экспорт бозорларига чиқиш, шунингдек, миллий иқтисодиётни халқаро иқтисодий муносабатлар тизими ва маҳсулотлар таъминоти занжирига чуқур интеграциялаш каби қатор стратегик мақсади ва бунга тизимли интилиши Туркияни юртимизнинг мазкур йўналишдаги ҳамкорига айлантирмоқда.
Сабаби, Туркия денгизга чиқиш ва жадал ривожланаётган транспорт-коммуникация тизимига эга, Европа ва Осиё қитьаларига географик қўшни ҳамда Ўзбекистоннинг ўз транспорт имкониятларидан тўлиқ фойдаланишидан ҳар томонлама манфаатдор. Фикримиз исботи сифатида 2019 йилдан Анқара томонидан ўзбек автомобиль қатновчилари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилганини қайд этиш жоиз. Қолаверса, бугун Ўзбекистон Туркия, Озарбайжон ва Грузия ҳудудидан ўтувчи “Боку-Ахалкаласи-Карс” темир йўл тармоғидан фойдаланмоқда. Ушбу транспорт йўлаги бизни Ғарб бозорига олиб чиқувчи энг қисқа транзит йўналиш ҳисобланади.
Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичида дадил ва аниқ мақсадлар билан илдамлаб борар экан, дунё тарихида “Янги Ўзбекистон” деб аталмиш шарафли ном билан шуҳрат қозонмоқда. Юртимиз қўни-қўшничилик ришталарини ҳам мустаҳкам боғлаётгани, халқимиз манфаати учун ташқи сиёсат борасида ҳам тўғри йўлдан бораётгани барчага кундай равшан.
Туркия давлати билан таълим ва илмий тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик натижаси Фарғона давлат университетида ҳам бўй кўрсатмоқда. Олийгоҳ Туркиянинг Эге, Анқара Ҳожи Байрам Вали, Карабук ва Артвин Чорун университетлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолаган. 2019-2021 йиллар давомида Туркиянинг Ҳожи Байрам Вали, Артвин Чорун университетлари профессорлари университетимизда талабаларга маъруза ўқиди. Яқинда Карабук университети билан ҳам қатор академик алмашинув амалга оширилиб, профессорлар ўзаро тажриба алмашди.
Шунингдек, олийгоҳда туркиялик олимлар билан ҳамкорликда илмий тадқиқот олиб борилмоқда. Туркияда ўтказилаётган илмий анжуманларда университет профессор-ўқитувчилари ўзларининг илмий маърузалари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Ҳозир Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида Aнқара Йилдирим Боязид университети, хусусан, университет таркибидаги консерватория билан ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Бундан ўзбек ва турк миллий мусиқачилиги, унинг тарихи ҳамда ривожига бағишланган қўшма тадқиқотлар олиб бориш, илмий мақолалар чоп эттириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш каби олий мақсадлар кўзланган.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, икки давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви Ўзбекистон ва Туркиянинг халқаро майдондаги нуфузи янада ортиши, икки давлат иқтисодиётининг ўсиш суръати барқарорлиги таъминланиши, халқларимизнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ва яратувчанлик салоҳияти тўлиқ рўёбга чиқишига катта туртки бўлади.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор