Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 27 февралдаги қарорига мувофиқ Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ҳамда Қарши давлат университетининг (кейинги ўринларда - Университет) педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилди
Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
– ҳудудда педагогика соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
– Институтнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш;
– ўқув ва илмий лаборатория хоналарини ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
– таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
– хорижий етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;
– таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш;
– педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
– республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий муассасаларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;
– халқаро баҳолаш дастурлари (РISA, ТIMSS, РIRLS) ва SТЕАМ стандартларидан фойдаланиш, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш ҳамда ушбу билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларини тайёрлаш.
Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;
– 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Университетда педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва уларнинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу бакалавриат таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар Университетда таълим жараёнини давом эттирадилар;
– Институтга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;
– ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишларини бирлаштирган ҳолда битирувчиларга иккита квалификация бериш тизими йўлга қўйилади;
– Институт Университетнинг ўқув ва илмий лабораторияларидан, спорт иншоотларидан ҳамда ахборот-ресурс марказидан режалаштирилган дарс жараёнларига таъсир этмаган ҳолда текин фойдаланади;
– Институтга кафедра мудири ва профессор-ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш Университет кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.
Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, Тупчок МФЙ, Жайрахона қишлоғи манзилида жойлашган И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг ҳамда Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз кўчаси, 10-уй манзилида жойлашган Тошкент давлат педагогика университети Шаҳрисабз филиалининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин берилди.