Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли собиқ 4-сон оилавий поликлиника ўрнида давлат-хусусий шериклик асосидаги кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Durbek Med Servis” хусусий корхонаси ўртасида 10 йил муддатга битим имзоланди. Мазкур битимга асосан тадбиркор томонидан 1,1 миллиард сўм инвестиция киритилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги вақтга қадар 2,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Муассаса замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланди. 28 та янги иш ўрни яратилди. Тиббиёт марказида амбулатор хизматлардан ташқари 21 та стационар ўрин ҳам мавжуд бўлиб, йилига 7140 нафар бемор қабул қилишга мўлжалланган.
Марказ гинекология, хирургия, урология йўналишлари бўйича фаолият юритади. Келгусида жами 4 миллиард сўмлик МСКТ, лапараскоп ва эндоурология ускуналарини келтириш, микроинвазив жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш, шунингдек, бу ерда фаолият кўрсатаётган шифокорлар малакасини хориждаги нуфузли клиникаларда ошириш режалаштирилган.
Энг муҳими, бугун фойдаланишга топширилган ушбу шифо маскани Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида воҳамиз аҳли учун муносиб туҳфа бўлди.