Ҳудудлардаги корхоналарнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ва барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб берилаётгани ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги амалий кўмаги билан яна бир йирик ишлаб чиқариш корхонасига асос солинди. Бу ерда бугун “S-Smart” бренди остида турли ўлчамдаги замонавий телевизорлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган "ALP TEXNO SERVIS" хусусий корхонаси томонидан Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида халқимиз учун муносиб туҳфа тайёрланди. Умумий қиймати 1,5 миллион доллар бўлган, йиллик қуввати 60 минг донани ташкил этувчи замонавий телевизорлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бугун ҳудуддаги 150 нафар йигит-қизни доимий иш билан таъминлади. Эндиликда лойиҳа доирасида 32 дьюмдан 65 дюймгача бўлган янги авлод телевизорлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг аксарият бутловчи қисмлари шу ернинг ўзида маҳаллийлаштирилган бўлиб, бу аҳолига сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар етказиб беришнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

Тантанали очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат республикамизда балки, қўшни хорижий давлатларга Қозоғистон, Озарбайжонга “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида экспорт қилинаётгани, жорий йилнинг 7 ойи давомида 1,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт амалга оширилганини таъкидлади.

Маълумот учун, Қарши шаҳрида "Biss electronics system" МЧЖ томонидан 2018 йилда телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланган эди. Ўтган давр мобайнида корхонанинг йиллик қуввати 2-3 баробарга ошиб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш зарурати юзага келди. Шундан сўнг, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг амалий кўмаги билан корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида қўшимча жой ажратилди. Бугун ушбу ҳудудда қурилиш ишлари жадаллик билан тугалланиб, унинг ўрнига замонавий бино қад ростлади.

— Биз ўз фаолиятимизни тадбиркор сифатида 2018 йилда бошлаганмиз. Ўшанда бор йўғи 20 киши фаолият юритарди. Атиги 2 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Мана бугун Президентимиз тадбиркорларга бераётган эътиборлари ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг амалий кўмаги билан янги корхонамизга асос солинди. Ишлаб чиқариш тармоғимиз кенгайди. Ҳатто маҳсулотларимиз бугун ички бозордан ташқари, қўшни республикаларга, Озарбайжон, Туркия каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Ишонаманки, янги авлод телевизорларимиз ҳам халқимиз кўнглидан йўл топади, — дейди корхона раҳбари Шуҳрат Муротов.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида аҳолининг маиший техникалар билан таъминлангани унинг турмуш даражасининг асосий кўрсаткичларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаган эди. Ушбу топшириқларнинг ҳаётдаги ифодаси сифатида иш бошлаган янги корхона бугун халқаро талабларга мос, сервис имкониятларига эга, энг муҳими миллий бренд остида рақобатбардошлиги билан халқаро бозорларга ҳам кириб боради.

Корхонада яратилган янги иш ўринларининг аксарияти касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган йигит-қизлардир. Маҳсулотга ҳозирданоқ талаб юқори бўлмоқда. Корхона тўла қувват билан ишлаб, маҳсулотнинг асосий қисмини экспортга йўналтиради. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш тармоғи ҳам кенгайтирилади. Келгусида бу ерда нафақат телевизор, балки маиший техникаларнинг бошқа йўналишлари ҳам қамраб олинади.

Хорижнинг энг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган мазкур корхонада барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Бу импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли маиший техника воситалари билан тўлдиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.