Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 10 апрель куни фуқаро О.Т. Мажбурий ижро бюроси ходимини пичоқлади. 

Маълум бўлишича, давлат ижрочиси С.Бадалбоев шу куни соат 15:40 да қарздор фуқаро О.Т. яшаш хонадонига 26 миллион 982 минг сўмлик банк кредити ва бошқа қарздорликларни ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун борган.

Шу орада давлат ижрочиси хонадонга келганда қарздор йўқлиги маълум бўлган ва телефон орқали ундан келишини сўраган. Қарздор эса турли баҳоналар билан келмаслигини айтган. Шундан сўнг ходим қарздорлик бартараф этилмагани сабабли мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланганини билдириб, қарздордан келишини сўраган.

Фуқаро О.Т. эса давлат ижрочисини қасддан ўлдириш мақсадида хўжалик пичоғи билан келиб, қонуний фаолиятга қаршилик қилган ҳолда ходимнинг кўкрак қафасига хўжалик пичоғи билан урмоқчи бўлганида, ўзини ҳимоя қилган ва ўнг қўл кафт соҳасидан жиддий жароҳат олган.

Қарздор яна давлат ижрочисини ўлдириш мақсадида унинг ортидан қувган вақтда ижро ҳаракатларида иштирок этаётган бошқа давлат хизматчилари томонидан қўлидаги хўжалик пичоғи олиб қўйилиши сабабли жиноятни охирига етказа олмаган.

Ҳолат бўйича Тўрақўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати хабар бермоқда.