Мазкур корхоналар томонидан 2020 йил давомида 223,7 млрд. сўмлик тўқув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Шундан 20,7 млн. AҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар МДҲ давлатларига экспорт қилинди.

Энг асосийси, холдинг компанияси таркибидаги корхоналарда 3 250 нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланган. Уларнинг қарийб 75 фоизини  ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этади.

Кейинги манзил “Гулчиликни ривожлантириш маркази” бўлди. Меҳмонлар марказда маҳаллий табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган гулларнинг замонавий плантацияларини яратиш, гул етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва ресурсларни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 

 “Зафар пласт” корхонасида пластик буюмлар, сантехника жиҳозлари ва ичимлик суви сиғимлари ишлаб чиқарилади. Корхона томонидан бугунги кунда қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар маҳаллий ҳамда жаҳон бозорида ўз ўрнига эга.

Делегация аъзолари “Юксалиш” кичик саноат зонасида жойлашган “Флат Тиле” ва “Фабрика Наше" корхоналари билан танишди. Мазкур корхоналарга киритилган сармоялар ҳажми ва ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулотлар кўлами, экспорт истиқболлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 

Шундан сўнг меҳмонлар Тўрақўрғон туманига йўл олди. Бу ерда Gold fresh Fruits МЧЖ қарашли тажриба участкасида бўлишди. Жамиятнинг 582 гектар майдондан 250 гектари ҳосилга кирган, гилос, ўрик, шафтоли етиштирилади. Ўтган йили 200 минг долларлик маҳсулот Дубай, Корея, Германия ва Хитойга экспорт қилинди, 150 та ишчи ўрни яратилган. 

Сафар якунида делегация аъзоларини вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов қабул қилди. 

—Сизларни Наманганда кўриб турганимиздан мамнунмиз. Бундай тажриба алмашувлари ниҳоятда керак. Бизда кичик бизнес ва саноат зоналари борасида маълум ютуқларга эришилган бўлса, Қашқадарёдан деҳқончилик ва чорвачилик борасида ўрганадиганларимиз кўп. Демак, бу ўзаро борди-келдиларнинг бошланиши, асло якуни эмас, — деди вилоят раҳбари. 

Қашқадарё вилояти делегацияси аъзолари самимий қабул ва меҳмоннавозлик учун ўзларининг миннатдорликларини билдирди.