Қарши шаҳрида вилоят ва туман (шаҳар) халқ таълими бошқарув раҳбар ва ходимлари билан ўтказилган йиғилишида жойлардаги ўрганиш натижасида вилоятдаги таълим тизимидаги мавжуд муаммолар танқидий муҳокама қилинди. Жумладан, йиғилишда, вилоятда гуруҳбозлик ва таниш-билишчилик иллатларини олдини олиш, ёш кадрларга йўл очиб, барча раҳбар лавозимларга заҳира тайёрлаш, берилган вазифаларни бажаришда кўзбўямачиликка йўл қўймаслик, фуқароларнинг мурожаатларига эътиборни кучайтириш каби вазифалар белгилаб берилди.

Муҳими, таълимнинг бошқарув тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимга шарафли ва улуғ касбга муносиб бўлиш, эскича ёндашувлардан воз кечиб, янгича тамойил ва тартибларга амал қилиш кераклиги таъкидланди.
Танқидий-таҳлилий бўлиб ўтган йиғилишда бир қатор тайинловлар амалга оширилди.

Унга кўра, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Фарҳод Эшонович Очилов Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси таълим сифати мониторинги бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Бобоқул Қорабоев бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлди.

Қарши шаҳар халқ таълими бўлимида ижтимоий фанлар методисти сифатида фаолият кўрсатаётган Наргиза Самадова Қарши шаҳар халқ таълими бўлими мудирлигига тайинланди. Қарши шаҳар таълим сифати мониторинги бош инспектор методисти Руҳиддин Равшанов унинг ўринбосари этиб тайинланди.
Қашқадарё вилоятидаги яна 8 та туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолияти талабга жавоб бермаслиги таъкидлаб ўтилди.