Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг 5–12 февраль кунлари инспекция-ОТМ- вилоят халқ таълими ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида вилоятдаги таянч мактабларида аниқ ва табиий фанлар бўйича умумтаълим мактаблари педагоглари учун ўқув семинарлари ташкил этилди.
4 000 нафарга яқин ўқитувчи қатнашган мазкур семинарларда математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича Қарши давлат университети, халқ таълими ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ҳудудий маркази ва академик лицейларнинг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.
Жорий йилнинг 17 февраль куни Қарши давлат университетида Таълим инспекцияси томонидан ташкил этилган вилоятдаги таълим сифатини янги босқичга кўтариш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлик кўрсаткичларига бағишланган семинарда мазкур жараёнларда фаоллик кўрсатган 16 нафар профессор-ўқитувчилар тақдирланди.
Қайд этиш лозимки, 2022 йилда ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолаш бўйича ўтказиладиган халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш учун Қашқадарё вилоятидаги 15 та туманда 29 та таянч мактаби белгиланган. Мазкур мактабларга эса ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш ва педагоглар малакасини мунтазам тарзда ошириб бориш мақсадида вилоятдаги 1128 та умумтаълим муассасаси бириктирилган.