Олдинроқ Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар кардиожарроҳлиги йўлга қўйилганлиги хусусида илгари хабар берган эди. Кеча бу ерда дастлабки икки юқори технологияли операция бажарилди.
Қашқадарёда бу йўналишдаги илк операциялар туғма юрак нуқсонидан азият чекиб келган беш ёшли Умиджон ва уч ёшли Зеҳнияда бепул ўтказилди.
Уларда “Юракда очиқ юқори технологияли операция, сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида нуқсонни пластика қилиб ёпиш” деб номланган мураккаб кардиожарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Айни пайтда болаларнинг аҳволи яхши.
Шу пайтгача қашқадарёликлар бундай операциялар учун пойтахтга боришган. Эндиликда уларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлди.
Бу воҳамиз тиббиётининг улкан ютуғи, шифокорларимизнинг халқимизни рози қилиб фаолият юритиш борасидаги навбатдаги дадил қадамлари ҳисобланади.