Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ҳамда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Сзюн ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, операциялар хитойлик тажрибали кардиожарроҳлар иштирокида, замонавий тиббий технологиялар ва илғор усуллар асосида амалга оширилади. Бунда нафақат болаларга амалий ёрдам кўрсатиш, балки маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, илғор тажрибани ўзаро алмашиш ҳам кўзда тутилган.

Юқори технологик операциялар Болалар миллий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университети болалар кўп тармоқли клиникасида ўтказиш режалаштирилган.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, ушбу лойиҳа доирасида туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, уларнинг соғлом ҳаётга қайтишига кўмаклашиш ҳамда мамлакатимизда болалар кардиожарроҳлиги соҳасини янада ривожлантириш мақсад қилинган.

Учрашув давомида, шунингдек, Хитой томонининг грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тиббий лойиҳаларни жадаллаштириш, тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш масалалари юзасидан ҳам келишувга эришилди.