Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, кейинги йилда Қашқадарёни жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш мақсадида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Жумладан,

Қамаши туманида жаҳонда саноқли ва ноёб бўлган «Майданак» обсерваторияси ҳамда XIV аср ёдгорлиги ҳисобланган «Лангар ота» масжиди бутун дунёдан туристларни жалб қилиш мақсадида ушбу объектларга олиб борувчи 38 километр йўл таъмирланади ҳамда уй меҳмонхоналари ва ресторанлар ташкил этилади.

Ушбу манзилдан 15 километр узоқликда жойлашган кенглик станцияси ҳудудида туризмни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади. Бунинг учун ушбу ҳудудга олиб борадиган йўлларни тўлиқ таъмирлашга республика бюджетидан 40 млрд. сўм маблағ ажратилади

Шаҳрисабз тумани «Мираки», «Сувтушар», «Кўл», «Ғелон» қишлоқлари, Китоб тумани «Башир», «Қайнар» ва «Варганза» қишлоқлари, Яккабоғ тумани «Татар» ва Миришкор тумани «Жейнов»да туризм қишлоғи ва ушбу ҳудудда замонавий талабларга жавоб берадиган туристик лойиҳалар амалга оширилади.

Бу мақсадларга, йўл инфратузилмасини қуриш ва юқори тезликдаги интернет тармоғини тортиш учун бюджетдан 60 млрд. сўм маблағ йўналтирилади.

Соҳибқирон Амир Темур туғилган Яккабоғ тумани Хўжа Илғор қишлоғи сайёҳларни жалб этиш мақсадида ободонлаштирилади.

Вилоятдаги тарихий обидалар ва муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларда зиёратчи туристларга хизмат кўрсатувчи «Ҳалол туризм маркази» фаолияти йўлга қўйилади ҳамда зиёратгоҳлар ҳудудида тарғибот - ташвиқот форумлари, диний мусобақалар ва зиёрат фестиваллари ташкил қилинади.

214 та уй меҳмонхонаси ва 9 та хостеллар ташкил қилинади.

Натижада маҳаллий сайёҳлар сони 1 млн 250 минг нафарга, хорижий сайёҳлар сони 200 минг нафарга, меҳмонхоналар сони 50 тага, туроператор ва турагентлар сони 20 тага етказилади.