Халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгаши ўз қарори билан туман ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлган 1,5 гектар ер майдонида "Вазирлик боғи" яратишга рухсат берди. Унда 500 миллион сўм маблағ ҳисобидан 1,5 минг дона дарахт кўчати экилиб, сув қудуғи орқали суғориш тизими жорий этилади.

— Дарахт ва бўта кўчатларини экиш, парваришлаш, аҳолининг сайр қилиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун яшил майдонлар ва паркларни кенгайтириш, бошқа кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади, — дейилади Кенгаш қарорида. — Бундан ташқари, инвестицион фаоллик суръатларининг ошиши, саноат, ишлаб чиқариш, қурилиш ва бунёдкорлик кўламининг кескин кенгайиши аҳоли пунктларига тушаётган экологик юкламани камайтириш механизмларини такомиллаштиришни  тақозо этмоқда.

Демак, яқин орада Яккабоғ туманида ўзига хос яшилликка бурканган маскан пайдо бўлади. Бу нафақат экологияга ўз таъсирини ўтказади, балки ҳудудга ўзгача чирой бахш этади.