Масалан, Миракига борган меҳмон вақтини қандай ўтказади, нималар харид қилади? Шу талаблардан келиб чиқиб, хизматлар таклиф қилиш, бу ернинг табиати ва шароитини чет элларда кенг тарғиб этиш керак деган эди давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифларининг бирида.

Президентимиз жорий йилда вилоятга навбатдаги ташрифи чоғида ҳам айнан Шаҳ­рисабз туманидаги Ҳисор тоғ ёнбағрида жой­лашган сайёҳлик ҳудудларида бўлди. Бу са­фар ислоҳотлар ижроси, мақсадлар, режалар самараси кўзга яққол ташланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги “Қашқадарё вилоятининг тоғли- рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида улкан ишлар бажарилмоқда.

Бугун Қашқадарё вилоятида 1468 та мод­дий-маданий мерос объекти мавжуд. Шундан 1197 таси археологик ёдгорлик, 208 таси ар­хитектура, 35 та монументал, 28 та диққатга сазовор объект.

Китоб туманида шу йилнинг ўзида ик­кита — Қайнар ва Ҳазрати Башир туризм қишлоқлари ташкил этилди. Биргина Ҳаз­рати Башир зиёратгоҳига 2024 йилда 135 минг киши зиёратга келган бўлса, 2025 йил­да бу кўрсаткич 150 мингга етди. Уларнинг 25 нафари чет эл фуқароси. Тўғри, хорижлик сайёҳлар сони жуда кам, аммо бу манзил ту­ристлар учун эндигина очилганини ҳисобга олиш лозим. Зиёратгоҳга келувчиларга хиз­мат кўрсатиш учун 120 та хонадонда меҳмон уйи ташкил этилди ва рўйхатдан ўтказилди. Бу билан шу атрофда жойлашган Бодом­зор, Койни, Ҳазрати Башир қишлоқларида 120 тадан 150 тагача иш ўрни очилди ва шунча одам иш билан банд бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қаро­ри асосида Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллаларида сайёҳлар учун қу­лайликлар яратилмоқда. Умумий 240 гектар майдонда 400 миллион долларлик 117 та ло­йиҳа амалга оширилаётир. Натижада 1700 та доимий иш ўрни очилади.

Пухта ўйланган режага асосан, кафелар, коттеж типидаги дам олиш уйлари, соғлом­лаштириш ва оилавий дам олиш масканла­ри, экстрим парк, оромгоҳ, мотель ва туризм комплекслари қуриш учун ер майдонлари аукционга қўйилди. Бугун барчасида қури­лиш ишлари бажариляпти.

Оқсув дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб пиёда ва велосипедда юриш учун ўн ки­лометрли “эко йўлак” ётқизилди. Болалар майдончаси, кўнгилочар боғ, нуронийлар маскани, оилавий меҳмон уйлари ҳамда кўч­ма савдо шохобчалари маҳалла кўркига кўрк қўшди.

Айниқса, Миракида яқинда фойдаланиш­га топширилган дор йўли юртдошларимизга ҳам, хорижлик сайёҳларга ҳам бирдек экстре­мал кайфият бахш этмоқда. Бу йирик лойиҳа “Miraki Ropeway” МЧЖ буюртмаси асосида “Gold Step Invest” МЧЖ томонидан амалга оширилди. Лойиҳа қиймати 160 миллиард сўмни ташкил этиб, дор йўли Австриянинг машҳур Doppelmayr Seibahnen GmbH ком­панияси томонидан ишлаб чиқарилган. Дор йўли тизимида 7 та мустаҳкам минора, 20 та 8 ўринли Carvatech кабинаси мавжуд бўлиб, умумий узунлиги 2084 метрни ташкил этади. У ҳар соатда 660 йўловчини ташиш имкония­тига эга.

— Маҳалламизда кўз кўриб, қулоқ эшитма­ган ўзгаришлар бўляпти, — дейди миракилик меҳнат фахрийси Турсун Муродов. — Замо­навий меҳмонхоналар, хостеллар, агротуризм объектлари, истироҳат боғлари, дам олиш мас­канлари, сиҳатгоҳлар барпо этиляпти. Ҳамма хурсанд, кайфият кўтаринки.

Дор йўлининг пастки бекатида сувенир дўкони, кафе, тиббиёт пункти, она ва бола хонаси, банкомат, автотураргоҳ, электромо­билларни қувватлаш станцияси жойлашган. Юқори бекатда эса меҳмонлар учун умумий овқатланиш шохобчаси, болалар ўйин май­дончаси, томоша ҳудудлари, селфи учун мах­сус жойлар ташкил этилган.

— Миракида оилавий дам олиш учун ҳар йил келамиз, — дейди Шаҳло Иззатова. — Ле­кин бу йил келиб мутлақо танимадик. Жуда катта ўзгаришлар бўлибди. Очиғи, вақтимиз қандай ўтганини билмай қоляпмиз. Қайиқда сув омбори бўйлаб саёҳат қилиб, дор йўлида юқорига кўтарилдик. Фарзандларим билан бу саёҳатдан катта таассурот олдик.

— Нафақат Миракида, балки вилояти­мизнинг кўплаб ҳудудида туризмни ри­вожлантириш борасида салмоқли ишлар қилинаётир, — дейди “Kitob-sayyoh” хусу­сий сайёҳлик корхонаси раҳбари Аҳад Бер­диев. — Албатта, бу манзилга кўплаб сайёҳ­лар келиши учун барча имконият мавжуд. Миракида ҳам сув, ҳам тоғ, ҳам мусаффо ҳаво бор. Табиати ажойиб. Биз мана шу жойларни ҳам тарғиб қиляпмиз. Сайёҳлик ташкилоти раҳбари сифатида юртимизда туризм соҳасида қилинаётган ишларни қадрлайман. Бу лойиҳа­ларнинг ортидан кўплаб иш ўринлари очиляпти, қанчадан қанча хизмат кўрсатадиган жойлар ташкил этиляпти. Минглаб одамлар ишлаш, даромад топиш имкониятига эга бўл­моқда. Илгари меҳмонларни олиб келсак, дарё ва тоғлардан бошқа жойни кўрсата олмасдик. Энди эса мақтанадиган жойлар бисёр.

Бу ободликлар бир кунда барпо этилмади. Бунинг ортида қанча меҳнат, ислоҳот бор. Wi-Fi нуқталари ташкил этилди, туристик тоифадаги транспорт воситалари хизмати йўлга қўйилди, йўл белгилари ўрнатилди. Қисқаси, бу ҳудуд жаҳон стандартларига мос манзил бўлди. 2024 йил сентябрдан буён ҳаф­тасига 2 марта Шаҳрисабз — Тошкент йўна­лиши бўйича 17 кишилик самолёт қатнови йўлга қўйилган эди. Жорий йил май ойидан АТР 72-600 русумли ҳаво кемалари ҳафтада 4 марта қатнаяпти.

2025 йилда хорижий давлатларда тарғибот дастурлари ва “Road shou”лар ташкил этиш, туризм форумлари ва ярмаркаларида қатна­шиш вилоят туризм салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Маҳаллий туропера­торлар билан ҳамкорликда вилоятнинг зиё­рат, эко, этно, гастро, тиббиёт ва экстремал туризм йўналишларида 70 га яқин турпакет ўзбек, инглиз, рус тилларида ишлаб чиқилди.

Шаҳрисабз туманининг Улоч маҳалласи­даги 520 гектардан иборат адирда терраса усулида узум, гилос ва олма экилган ҳам­да ўрмон барпо этилган. Франциядан энг сара навлар кўчати олиб келиб ўтқазилган. Йилига 7500 тонна маҳсулот етиштириш имкониятига эга мажмуанинг экспорт қувва­ти 5 миллион долларга тенг. 100 та доимий ва мингдан зиёд мавсумий иш ўрни очилган. Кўчатлар ривожини франциялик мутахассис кузатиб боради, ёшларга деҳқончилик сир­лари ва бозор талабларини ўргатади. Ҳудуд­да, шунингдек, 120 ўринли ресторан ва 100 ўринли меҳмонхона қурилган. Агрологис­тика ва ўқув маркази, қайта ишлаш, сақлаш қувватлари қурилмоқда.

Қамаши туманидаги “Майданак баланд тоғ” ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва обо­донлаштириш ишлари жадал давом этмоқда. Яқин келажакда бу гўзал масканга келувчи­лар нафақат табиатнинг бетакрор манзара­ларидан баҳраманд бўлиш, балки тунлари юлдузлар ва осмон жисмларини кузатиш, экологик туризм йўналишида дам олиш, ма­даний ҳордиқ чиқариш имкониятига ҳам эга бўлади.

Майданак мусаффо ҳавоси, беқиёс табиа­ти ва осмоннинг равшанлиги билан сайёҳ­лар учун бетакрор маскандир. Режага асосан астрономия парки, болалар ўйингоҳи, гастро­номия объектлари, ресторан ва умумий овқат­ланиш жойлари, премиум типдаги коттежлар, 1-2 қаватли меҳмонхоналар ва 200 ўринли меҳ­монхона ҳамда Глемпинг қуриш ишлари учун ер майдонлари аукцион савдосига қўйилиб, қурилиш ишлари бошланган.

Бундай гўзал манзилларни бориб кўриш учун асосий йўллар қайта ётқизилмоқда. “Олмаота — Бишкек — Тошкент — Шаҳ­рисабз — Термиз” халқаро автомобиль йў­лининг Қашқадарё вилояти Деҳқонобод ту­манидан ўтувчи 60 километрли қисми тўлиқ қайта қурилмоқда.

Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақ­сад йўл инфратузилмасини замонавий та­лабларга мослаштириш, транспорт оқимини енгиллаштириш ҳамда минтақавий ва хал­қаро алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Айни пайтда қурилиш ишлари жадал ба­жариляпти. Қурилишга илғор технологиялар ва замонавий техникалар жалб қилинган. Жараёнда хавфсизлик, сифат ва экологик меъёрларга қатъий риоя этилмоқда. Қурилиш якунлангач, ушбу йўл нафақат минтақадаги транспорт-логистика тизимини енгиллашти­ради, балки ҳайдовчилар ва йўловчилар учун янада хавфсиз, қулай ва тезкор ҳаракатланиш имконини яратади. Шу билан бирга, иқтисо­дий фаолиятни ривожлантириш ва ҳудудла­раро интеграцияни кучайтиришда ҳам муҳим омил бўлади.

Мазкур қайта қурилиш ишлари Президен­тимиз томонидан йўл-транспорт инфратузил­масини модернизация қилиш, замонавий ва хавфсиз йўллар барпо этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

Ғулом АБДИЕВ,

Ёзувчилар уюшмасининг

Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари