Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, ноқонуний миграцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида Навоий ва Қашқадарё вилоятларида тезкор тадбирлар ўтказилган.

Жумладан, Навоий шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари Хатирчи туманида яшовчи 2006 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, уни Болгарияга ишга жўнатишни ваъда қилган. У барча ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолат Китоб туманида аниқланган. Унда 1997 йилда туғилган шахс икки нафар фуқарони Исроилга ишга жўнатиш ва ишчи визасини “танишлари” орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Эвазига у 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида ушбу шахс Қашқадарё вилоятига келиб, сўралган маблағдан 5 минг АҚШ долларини олган пайтда қўлга олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар фуқароларни хорижга ишга жўнатиш бўйича ижтимоий тармоқлардаги шубҳали таклифларга ишонмасликка чақиради. Фақат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ёки лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари хизматларидан фойдаланиш тавсия этилади.

Шунингдек, бундай ҳолатларга дуч келган фуқаролар Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилиши мумкин. Шахсий маълумотлар махфийлиги кафолатланади.