Муборак газни қайта ишлаш заводи бир қатор экологик қонунбузилиш ҳолатлари содир этилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг маълум қилишича, завод ҳудудида қурилиш ва бошқа турдаги чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилган. Бунинг натижасида атроф-табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатилаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, чиқиндиларни жойлаштиришдан ҳосил бўлаётган чанг зарралари атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатаётгани, зарарли газларни ёқиш жараёнида эса олтингугурт, углерод ҳамда азот оксидлари меъёрдан ортиқ миқдорда атмосфера ҳавосига чиқарилаётгани қайд этилди.
Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнида газни тозалашдан ҳосил бўлган оқова сувлар нефть маҳсулотлари билан аралаш ҳолда очиқ майдонларга ташланаётгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан корхонага нисбатан 10 миллиард 834 миллион сўм миқдорида қўшимча компенсация белгиланиб, бажарилиши мажбурий бўлган 7 банддан иборат кўрсатмалар берилди.
Тўпланган ҳужжатлар эса судга юборилган.