Жорий йил 15 февралда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева видеоконференцалоқа  шаклида ташкил этилган БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 66-сессиясига тайёргарлик кўриш бўйича Марказий Осиё давлатлари учун субминтақавий маслаҳатлашувларда иштирок этди.

Турманистон раислигида ўтган тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари раҳбарлари, гендер тенглик масалалари бўйича масъул вакиллар, тадқиқот ва таҳлил марказлари ходимлари иштирок этди.

БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 66-сессиясига тайёргарлик кўриш доирасида иқлим ўзгариши ва табиий офатлар юз бериши хавфини камайтиришга қаратилган сиёсий чоралар ва дастурларни илгари суришда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

«БМТ-Аёллар»  тузилмаси минтақавий директори Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида кўрилаётган самарали чораларни ижобий баҳолаб, мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган ишлар кўламини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мулоқотда иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфини камайтиришга нисбатан адолатли ва барқарор ечимларни излаш, шу жумладан, тегишли стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда Марказий Осиё мамлакатлари аёлларнинг етакчилик ролини таъминлаш ва уларнинг салоҳиятини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Бу борада Сенат Раиси Т.Нарбаева келгусида ҳаво ҳарорати кўтарилиши ортидан юз бериши мумкин бўлган иқлим ўзгаришлари, бунинг инсоният ва Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, аҳоли вакилларига бўладиган ножўя таъсирларига тўхталди. Шунингдек, ушбу муаммолар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқаро минбарларга олиб чиқилгани, мамлакатимиз ташаббуслари ва қилинган ишлар қайд этилди, таклифлар билдирилди.

Атроф муҳит, иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича муаммолар ва камчиликлар муҳокама этилди, шунингдек, уларни маҳаллий ва глобал даражада бартараф этиш бўйича тавсиялар ва ечимлар ишлаб чиқилди.

Маслаҳатлашувлар иштирокчилари Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига қарши курашда гендер масалалари интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш, кун тартибида белгиланган барча режалар ва вазифаларни бажариш борасида ўзаро ҳамкорлик ва биргаликда амалга ошириладиган ишларни давом эттиришга келишиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.