Ҳовлисидаги кичик ердан самарали фойдаланиб, йил давомида бир неча марта ҳосил олаётган оиланинг дастурхони доимо тўкин, турмуши фаровон бўлади. Миришкор оилаларда томорқанинг ҳар қаричи ҳисобда. Ахир, бугунги кунда томорқа нафақат хонадон аъзоларининг эҳтиёжларини қондириш, балки қўшимча даромад манбаига айланди.

Асли, ота-боболаримиздан ерга меҳр бериш, оила эҳтиёжи учун зарур кундалик озиқ-овқатнинг бир қисмини бўлсада, ўз томорқамизда етиштиришнинг ҳадисини олган халқмиз. Бугун ана шу яхши анъана замонавий кўринишда қайта оммалашмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан йиллар давомида қаровсиз қолдирилган томорқаларга қайтадан “жон киргандек” бўлди. Ҳудудларда хонадонлардаги бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилиб, ушбу йўналишнинг аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, қишлоқ одамларининг бандлиги ҳамда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги улуши ортиб бормоқда. Юқоридаги ҳужжат одамларнинг ўз томорқасидан даромад топиш манбаларини кенгайтириш, уларга кўпроқ қулайликлар яратишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиляпти.

Биргина мисол, бугун 4,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгалари ўз ихтиёридаги 434,7 минг гектар ер майдонларида деҳқончилик билан шуғулланмоқда. Серқуёш ўлкамизда етиштирилаётган картошканинг 84 фоизи, сабзавот маҳсулотларининг 71 фоизи, полиз, узум ва меваларнинг 55-60 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоизидан ортиғи аҳоли хонадонлари ҳиссасига тўғри келяпти.

— Жорий йилда аҳоли томорқаларида эртаки, такрорий ва тўқсонбости экинларни экиш орқали 11,5 миллион тонна ҳосил олиш белгиланган бўлиб, тўқсонбости усулда экилган 162,7 минг гектар, яъни ўтган йилга нисбатан 130,4 фоиз кўпроқ аҳоли томорқа ерларида 2,3 миллион тонна пиёз, саримсоқпиёз, карам ва бошқа сабзавотлар етиштирилди, — дейди Ўзбекистон Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари Кенгаши бўлим бошлиғи Фахриддин Суюнов. — Эрта баҳорда 348 минг гектар томорқаларга экинлар, шундан 58,3 минг гектарига картошка, 57,2 минг гектарига помидор ва бодринг, 22,1минг гектарига пиёз ва саримсоқпиёз, 18,4 минг гектар сабзи, 11,1 минг гектар карам, 18,8 минг гектар кўкатлар, 27 минг гектар дуккакли, 25,6 минг гектар полиз, 66 минг гектарига бошқа экинлар экилди. Эндиликда, томорқалардан бўшаган 267,5 минг гектар ерга такрорий экинлар экилиши ҳисобига 3,6 миллион тонна қўшимча маҳсулот олиш кўзда тутилган.

Аҳоли хонадонларида етиштирилаётган маҳсулотларга нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бормоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда тўқсонбости ва эрта баҳорги экинлардан 4,5 миллион тонна маҳсулот етиштирилган бўлса, шундан 134 миллион долларлик 218 минг тонна маҳсулот хориж давлатларига экспорт қилинди.

“Томорқа хизмати” — аҳолига кўмакчи

Янгийўл тумани Ниёзбоши массиви аҳолиси томорқачиликда катта тажрибага эга. Кўкат етиштиришда ном чиқарган бу ҳудуд 9 та маҳалладан иборат. Бу ерлик одамлар уйида бир қарич ери бўлса ҳам бирор экин экиб, рўзғорига ишлатади. Ҳеч бир хонадон томорқасини бўш қолдирмайди. Кўп йиллик тажриба ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, асосан, кашнич, шивит сингари кўкатлар ҳамда пиёз етиштирилади. Йил давомида мавсумга мос турли экинлар алмашлаб экилади. Ниёзбошининг кўкат пиёзлари яқину-йироқда, ҳатто, қўшни давлатларда ҳам харидоргир.

Бу борада ҳудуд аҳолисига “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг яқиндан кўмак бераётгани маҳсулотлар сотувини янада кенгайтирмоқда. Бундай корхоналар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилиб, халқимизга нафақат сотув, балки экин-текин жараёнларида ҳам ёрдамлашаётгани, мушкулини осон қилаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Президентимизнинг “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан назарда тутилган имтиёзлар туфайли “Томорқа хизмати” МЧЖлар раҳбарларининг ҳам кўкрагига шамол теккандек бўлди. Аҳолига маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотиб олишгача бўлган жараёнда яқиндан кўмак беришни мақсад қилган бу тузилмаларнинг ўзи ҳам молиявий кўмакка эҳтиёж сезиши табиий. Шу боис, қарор асосида “Томорқа хизмати” МЧЖлар, томорқа ер эгалари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларига молиявий жиҳатдан кўмак бериш, хусусан, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кластер усулида фаолият юритадиган “Томорқа хизмати” МЧЖларга 3 йил муддатга кредит ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш ажратиш ҳамда аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутгичлар барпо этиш учун кредит ажратиш белгиланди.

Имкониятлар ва молиявий ёрдам қисқа вақтда ўз натижасини бера бошлади. Томорқа хизмати корхоналари фаолиятининг қўллаб-қувватланиши туфайли уларнинг сони икки баробар ошиб, 608 тага етди. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, жорий йилда аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиш кўлами янада кенгайиб, хонадонларга 10,4 миллион туп сабзавот ва мевали дарахт кўчатлари, чорва, парранда, қуён, асалари уялари етказиб берилди, 61 минг гектар томорқа ерлари экишга тайёрланди. Ҳисобот даврида 125 миллион долларлик томорқада етиштирилган маҳсулот экспортини 81 та томорқа хизмати корхоналари амалга оширди. Бу борадаги кўрсаткич, айниқса, Оққўрғон, Боғдод, Музработ, Зангиота, Хатирчи туманларида юқори бўлмоқда.

— Маҳалламизда яшовчи аҳолининг кўпчилиги ўз хонадонида иссиқхонлар ташкил этиб, ундан яхши даромад олиб келяпти, — дейди Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Шоликор” МФЙ раиси Назиржон Избоев. — Авваллари одамларни томорқада ишларни ташкил этиш, ҳосилни сотиш билан боғлиқ муаммолар қийнарди. Бугун эса уларга шу каби масалаларда тумандаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари зарурий маслаҳатлар бериб, керакли кўчат, минерал ўғитлар билан таъминлаб келмоқда. Ҳосилни ҳам ўзлари яхши нархларда харид қилишяпти. Маҳалла аҳли бу ишлар учун ортиқча харажат қилиб, сарсон бўлиш каби оворагарчиликлардан қутулганидан мамнун.

Ҳудудлардаги марказий деҳқон бозорлари ва гавжум аҳоли пунктларида “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан харид қилинган махсулотларни сотиш учун махсус савдо майдончаларининг ажратилиши тадбиркорларга янада қулайлик яратмоқда. Бугунги кунда республикадаги 1900 та аҳоли гавжум маҳаллаларда кичик сиғимли музлаткич омборларга эга ана шундай енгил конструкцияли “дала дўконлари” фаолияти йўлга қўйилган. Уларда халқимизга маҳсулотлар арзон нархларда — “даладан дўконгача” тамойили асосида етказиб бериляпти. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун Кенгаш хузиридаги Жамғармадан 36,7 миллион сўм маблағ ажратилди.

“Имтиёзли” иссиқхоналар

Йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини таъминлашнинг энг самарали усулларидан бири — иссиқхона жўжаликларини ташкил этиш ҳисобланади. Юртимизда бу йўналиш сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга чиқаётгани боиси ҳам шундан.

Республикамизда ер майдонларидан унумли ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида иссиқхоначиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратила бошланди. Айниқса, аҳоли томорқаларида енгил конструкцияли, кичик ҳажмдаги иссиқхоналарнинг кенг миқёсда қурилиши нафақат мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, балки одамларнинг қўшимча даромад олиши ва фаровонлигини таъминлашда муҳим омил, экани қисқа вақтда ўз исботини топди.

 — Охирги йилларда иссиқхоначилик йўналиши дунё миқёсида истиқболли ва юқори рентабелли бизнесга айланди, — дейди Фахриддин Суюнов. — Бу борада юртимизда ҳам барча зарур омиллар — тажриба, меҳнаткашлик, моддий ва интеллектул кўмак мавжуд. Айниқса, қуёшли кунларнинг йилда ўртача 320 кун бўлиши такрори йўқ шароит ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ер шарининг 7-зонасида жойлашгани боис, иссиқхоналарни қўшимча ёритмасдан, иссиқлик энергиясини 2-3 баробар кам сарфлаб, арзон ва юқори сифатли ҳосил етиштириш мумкин.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, аҳоли хонадонларида иссиқхоналарни ташкил этишда ёрдамлар кўрсатилиб, бир қатор имтиёзлар тақдим этиляпти. Хусусан, юқоридаги қарор асосида сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли хонадонларида артезиан қудуқлари қазиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш белгиланган бўлиб, 6 319 та уйларда суғориш учун 1 215 та вертикал суғориш қудуқлари шундан, 176 та йирик ва 1039 та кичик хажмли суғориш қудуқлари қазиш ишлари амалга оширилди.

  — Тарихда биринчи марта Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги Жамғарма томонидан суғориш қудуқлари қазиган 204 нафар фуқароларга 16,8 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди, — дейди Ф.Суюнов. — Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди. Натижада биргина иссиқхоначилик йўналишида “Темир давфтар”га киритилган 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Эътиборлиси, ҳар йили 1 апрель ва 1 августга қадар тегишли идоралар томонидан сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида қазиладиган қудуқларнинг манзилли дастурини шакллантириш ишлари давом этади.

Томорқада банд бўлганлар иш стажига эга бўлади

Ҳозирги вақтда томорқа нафақат даромад манбаи, балки ўзини ўзи банд қилишнинг ҳуқуқий асосига ҳам айланди. Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 14 бандида “2018 йил 1 июлдан деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёки 50 бошдан кам бўлмаган парранда парвалишлаётган жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади”, деб белгилаб қўйилган.

Яъни, эндиликда, томорқа эгалари энг кам иш ҳақининг бир баробарини тўлаган тақдирида, ўша тўланган давр меҳнат стажи сифатида ҳисобланади. Бу тўлов йилига бир маротаба амалга оширилади ва ўша йил меҳнат дафтарчасига қайд этилади. Қулай томони, бунда томорқа ер эгалари етиштирган маҳсулотларини сотувга чиқариши ёки рўзғорга ишлатиши ихтиёрий бўлиб, бу борада бирор талаб ёки чекловлар қўйилмаган.

Комила опа ҳеч қаерда ишламайди. Бир неча йилдирки, рўзғорини 5 сотихли томорқасидан оладиган даромади ҳисобига тебратиб келяпти. Аёл пенсияга иш стажи билан чиқай, деган мақсадда ҳудудидаги Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари Кенгаши ходимига мурожаат қилиб, томорқада банд бўлган даврини меҳнат стажига киритиш йўл-йўриғини суриштирди. Мутахассис опани қонунчилик тартиби ва талаблари билан таништирди.

— Биринчи навбатда, сиз истиқомат қилаётган маҳалла томонидан 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерингиз борлиги ёки томорқада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парвашлаётганингиз бўйича маълумотнома берилади, — деди масъул ходим. — Аввал меҳнат дафтарчангиз юритилмаган бўлса, Бандликни таъминлаш бўйича туман меҳнат бош бошқармаси меҳнат дафтарчаси билан таъминлайди. Шундан сўнг сизга солиқ идораси вакили томонидан ИНН берилади. Энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдоридаги ихтиёрий суғурта бадалини тўлаганингиздан кейин банк вакили сизга квитанция тақдим этади. Тўланган маблағ онлайн тарзда Пенсия жамғармаси базасида кўринади ва жамғарма вакили сизга шу жойда меҳнат дафтарчасини қонуний асосда тўлдириб беради. Қарабсизки, қисқа вақтда бир йиллик меҳнат стажига эга бўласиз.

Ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзларининг берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли бугунга қадар Комила опа сингари 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди. Муҳими, ана шу имкониятлар асосида кўплаб одамлар томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, деҳқончиликни тадбиркорлик даражасигача олиб чиқяпти.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири