Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари ўтказган таҳлилда ҳудудлар аҳолиси даромадининг муқобил кўрсаткичи сифатида 2021 йил давомида Google платформасидаги маълум узоқ муддатли истеъмол товарлари бўйича қидирувлар сони олинди. Бунда Google Trends веб-иловасидан фойдаланилди. Излашлар сони ҳудудлар аҳоли сонига нисбатан ҳисобланган вазн кўрсаткичлари ёрдамида қайта баҳоланди.
Олинган натижаларга кўра, Навоий, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кондиционер ва мебелга, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида совутгичга, Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида телевизорга талаб юқори бўлган.
Енгил автомобиллар (Spark, Damas, Cobalt, Gentra) бўйича қидирув натижаларига кўра, Ўзбекистондаги энг оммабоп автомобиль Spark экани маълум бўлди. Тошкент вилоятида қидирувларнинг 43 фоизи, Андижонда 38 фоизи, Самарқандда 36 фоиз, Фарғонада 31 фоиз, Наманган вилоятида 30 фоизи ва Тошкент шаҳрида 36 фоизи Spark автомобилининг ҳиссасига тўғри келган. Google платформасида Spark энг кам изланган ҳудудлар сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятларини келтириш мумкин.
Аҳолининг аксарият қатлами фойдаланадиган уяли алоқа воситаларидан Redmi, Galaxy va iPhone русумли мобиль воситалар қиёсланганда, Redmi мобиль алоқа воситаси бошқаларига нисбатан талабгир бўлиб, Google қидирувлари таркибида Қашқадарё (55 фоиз), Сурхондарё (50 фоиз), Хоразм (48 фоиз) ва Сирдарё (48 фоиз) вилоятларида энг кўп улушга эгалиги аниқланди. Galaxy алоқа воситасига қизиқиш даражаси деярли барча ҳудудларда нисбатан паст бўлиб чиқди. iPhone дан фойдаланиш Тошкент шаҳри (59 фоиз), Бухоро (46 фоиз), Самарқанд (46 фоиз) ва Тошкент вилоятида (45 фоиз) урфга кирган, дейиш мумкин.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳудудларида автомобилларни танлашда инфратузилманинг ривожланиш даражаси муҳим аҳамият касб этади. Маиший техника ва уй-рўзғор буюмлари харидлари назарий жиҳатдан ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, хусусан, аҳолининг реал даромадлари ҳажми билан узвий боғлиқ бўлиши керак. Бу фараз қисман тасдиқланганига қарамай, натижалар Сирдарё ва Бухоро вилоятлари аҳолисининг техникага талаби расмий статистик маълумотларга қараганда баланд эканини кўрсатди.