Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлигини белгиловчи омилларнинг 50 фоизи унинг овқатланиши ва ҳаёт тарзига, 20 фоизи наслга ва 10 фоизи тиббий хизмат сифатига боғлиқ экан.

Бундан келиб чиқадики, инсоннинг яшаш тарзи ва овқатланиш маданияти унинг саломатлигида муҳим ўрин тутади.

Шунинг учун ҳам Абу Али ибн Сино узоқ умр кўришнинг асосий омили сифатида тўғри овқатланишни келтирган.

Испанияда ўтказилган тадқиқотлар юқори даражада қайта ишланган озиқ-овқатлар биологик қаришни тезлаштиришини аниқлади.

Тадқиқотда 55 ёшдан катта бўлган 886 испаниялик қатнашди.

Натижаларга кўра, бундай маҳсулотлар – тайёр овқатлар, печенье, газли ичимликлар ва гамбургерларни тез-тез истеъмол қиладиганларда қариш жараёни тезлашиши кузатилган.

Тадқиқот иштирокчилари ультра қайта ишланган овқатларни кунига уч марта ва ундан кам истеъмол қиладиганлар тоифасига кўра бўлинган.

Наварра университети илмий ходими Амелия Марти раҳбарлигидаги мазкур тадқиқот доирасида генетик таҳлил учун сўлакдан суртма олинган.

Уларда умр кўриш давомийлиги билан боғлиқ бўлган теломерлар (хромосоманинг сўнгги қисмлари) узунлиги аниқланган.

Одатда, ҳар бир ҳужайранинг бўлиниши билан теломерлар камаяди. Улар жуда қисқа бўлганда, ҳужайралар бўлиниб, зарарланган тўқималарни «тиклай олмайди». Бу тананинг қаришини англатади.