Унда Сенат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг соҳага оид мутахассис ходимлари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган семинарда қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш борасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳолини, шунингдек, саноатни бозор муносабатларига ўтказиш, эскирган инфратузилмани янгилаш, республикамизда истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига ўсиб бораётган талабини қондириш мақсадида соҳада тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежамкорликка эришиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ва бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги, «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлар такомиллаштирилди, мазкур йўналишни ривожлантиришга қаратилган бир қатор Президент қарорлари қабул қилинди.
Қайд этилган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистонда 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш мақсад қилиб олган.
Айни пайтда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида биргина 2022 йилнинг 1- ярим йиллиги якуни билан 817,16 миллион куб/метр табиий газ, 447,0 миллион кВт/соат электр энергияси ва 8,3 минг тонна нефть маҳсулотлари иқтисод қилинган.
Шунингдек, бугунги кунда умумий қиймати 1438,7 миллион сўмга тенг электр энергетика, энергия тежамкорлик, муқобил энергия манбалари соҳаларига оид 4 та «стартап» лойиҳалари амалга ошириляпти.
Бундан ташқари, 2020-2022 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида энергетика соҳасида умумий қиймати 1,88 миллиард доллардан ортиқ бўлган жами 8 та лойиҳа бўйича ишлар ташкил этилган.
Семинарда қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги соҳасида амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда соҳада айрим камчилик ва муаммоли масалалар сақланиб қолинаётганига эътибор қаратилди.
Хусусан, республикадаги бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа ва турар жой объектларида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, ижтимоий соҳа объектларини қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор ва энергия тежовчи бошқа ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда қайта тикланувчи энергиядан электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини яратишга маҳаллий тадбиркорлик субъектларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Семинарда кўрсатиб ўтилган масалаларни ҳал этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.