Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ишларни авваламбор ўзимиздан бошлашимиз керак. Ҳар бир ҳоким, вазир, барча даражадаги раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиб, ўз уйи, ишхонасида муқобил энергия ускунасини ўрнатиши зарур деди.

Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

2023 йилдан эса, барча савдо ва аҳоли учун хизмат кўрсатадиган кўплаб биноларда иссиқ сув таъминоти ва ташқи ёритишнинг бир қисмини муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади.

Энди юқорида таъкидланган, ушбу масаланинг қай даражада муҳимлигига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Маълумки, ҳозир юртимизда ёз фасли бўлганлиги сабаб кўплаб фуқароларимизда ҳаво совитиш ускуналарига бўлган талаб тобора ортади. Бу эса, албатта қўшимча электр энергияси сарфини талаб этади.

Халқаро энерегия агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, 2050 йилга келиб, дунёдаги кондиционерларнинг тахминий миқдори ҳозирги кундаги 1,6 миллиард донадан 5,6 миллиард донагача ортади.

2050 йилга келиб, ушбу кондиционерларни электр токи билан таъминлаш учун сарфланадиган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи кўмир ва газ электр станцияларидан чиқадиган иссиқхона газлари йилига 2,28 млрд. тоннагача ортади. Бунинг натижасида атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳавонинг глобал даражада қизиб кетишига сабаб бўлади.

Таҳлилларга кўра, дунё мамлакатлари орасидан энг кўпи АҚШнинг 90 % оиласида кондиционерлар мавжуд, Африка, Осиё, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги аҳолининг фақатгина 8 % кондиционерларга эга. Мазкур рақамларда электр энергияга бўлган ўсиш салоҳияти кўзга ташланиб турибди, одамларнинг даромадлари ўсиб боргани сайин кондиционер эгаларининг миқдори ҳам ўсиб боради.

Муаммонинг ягона ечими – ҳавони конденсациялаш технологияларини янада энергия самарадорроқ қилиш ҳамда электр энергиясини иссиқхона газларини ажратиб чиқармайдиган генерация усуллари билан ишлаб чиқаришни кўпайтириш, жумладан электр энергиясини қуёш ва шамол ҳамда гидро электр станциялар ёрдамида ишлаб чиқариш ҳисобланади.

Мазкур йўналишда ҳам мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида, ўтган йилнинг август ойида Навоий ва бу йил май ойида Самарқанд вилоятларида ишга туширилган, ҳар бирининг қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияларини келтириш мумкин. Ушбу иккита станцияларнинг фаолияти натижасида атмосферага йилига иқтисод қилинган табиий газ ёнишидан ташланиши мумкин бўлган 260 минг тонна иссиқхона газларининг олди олинмоқда.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мамалкатимизда ҳам муқобил энергиядан кенг фойдаланишни рағбатлантиришга ва уларни ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, қолаверса аҳолининг электр энергиясига бўлган “истеъмол маданияти”ни оширишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Бу борада, Давлат экология қўмитаси ҳам мутасадди вазирлик ва идоралар, қолаверса кенг жамоатчилик билан ҳамкорликдаги ишларни йўлга қўйган.

Давлат экология қўмитаси

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси